Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Исроил минтақада бошқа қудратли давлат шаклланишини хоҳламайди” — сиёсатшунос
Яқин Шарқ доимо мураккаб геосиёсий ўйинлар саҳнаси бўлиб келган. 16 июл куни Исроил Суриянинг муҳим нуқталарини бомбалади. Уруш сабаби деб изоҳланган друзлар ва бадавийлар ўртасидаги зиддият эса аслида қадимий душманликдан эмас, балки ташқи кучлар томонидан моҳирлик билан ўйналадиган картадек. Хўш, друзлар ва бадавийлар ўртасидаги можаронинг асл сабаби нимада? Исроил Суриянинг янги ҳукумати билан нимани келиша олмаяпти?
Kun.uzʼнинг “Геосиёсат” дастурида сиёсатшунослар Камолиддин Раббимов, Шавкат Икромов ва Фарҳод Каримов айни шу мавзу юзасидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Друзлар ва бадавийлар ўртасидаги можаронинг асл сабаби нима эди ва Исроил Суриянинг янги ҳукумати билан нимани келиша олмаяпти?
Фарҳод Каримов: Бадавийлар, араблар томонидан аробий деб аталади, чўл ҳудудларида кўчманчи бўлиб яшайдиган халқлар. Бир вақтлар уларнинг катта қисми саводсиз бўлган ва асосан кўчманчиликда савдо-сотиқ ҳамда чорвачилик билан шуғулланган. Асосий кичкина савдо. Бадавийлар араблар томонидан доимий равишда алоҳида бир гуруҳ сифатида кўрилган, лекин эътиқодига кўра мусулмон.
Друзлар эса Х асрда Исломдан алоҳида бир йўналиш сифатида, шиавийликнинг исмоилийлик йўналишидан ажралиб чиққан гуруҳ ҳисобланади. Улар мусулмонлар орасида адашганлар сифатида таъриф қилинади, чунки тарихда улар ўзларининг шоҳларини Худо сифатида ҳам кўрган ва вақти-вақти билан Худо одам қиёфасига кириб, одамлар орасига тушиб юради деган қарашларни илгари сурган. Ҳатто Қуръонда келган фарз масалаларига ҳам улар умуман бошқача қарайди, ўзига хос бир қадрият ва маданиятга эга бўлган халқ.
Мана шу цивилизацион ва эътиқодий масалалардаги қарама-қаршилик бугун сиёсий кўринишда ҳам юзага чиқяпти. Асад ҳокимият тепасида бўлган вақтларда ҳам бу зиддият мавжуд эди. Ўшанда ҳам Исроил друзларни ҳимоя остига олиши ва друзлар яҳудийларнинг дўсти эканини эълон қилган эди. Суриянинг жанубий ҳудуди, Сувайда вилояти друзларнинг марказий шаҳри ҳисобланади. Минтақадаги уч давлат Исроил, Сурия ва Иордания мана шу ҳудудга тўғри келади. Довуд коридори бу аввалдан ҳам кўп тилга олинган (Довуд коридори Исроилга Жўлан тепаликлари орқали Сурия ва Ироқ томон стратегик қуруқлик йўлаги очишга қаратилган геосиёсий лойиҳа бўлиб, Эрон таъсирини чеклаш ва минтақадаги транспорт-нефт йўлларини назорат қилишни кўзлайди). Шунингдек, бу йўлак АҚШ ҳарбий базаларига олиб борадиган йўлнинг ўртасида жойлашган жуда ҳам стратегик нуқта.
Шавкат Икромов: Друзлар билан бадавийлар ўртасида тўғридан тўғри курашиш учун ёки тўқнашувлар учун аслида ҳеч қандай сабаб мавжуд эмас. Бу фақатгина ташқи кучлар аралашуви натижасида юзага келиши мумкин бўлган ҳолатлар ҳисобланади. Бадавийлар, яъни аробийлар бутун Арабистон яримороли ва Шимолий Африка бўйлаб кенг тарқалган, шунингдек, Яқин Шарқ ҳудудида яшайди. Барча араб давлатларида кўчманчилик билан шуғулланувчи арабларга нисбатан бадавийлар тушунчаси ишлатилади ва улар бирор бир араб давлатида конфликт келтириб чиқарувчи ёки тўғридан тўғри бир этник низоларнинг марказига тушувчи гуруҳ ҳисобланмайди. Друзлар Яқин Шарқ бўйлаб тарқалган. Исроилда, Сурияда Иордания ва Ливанда ҳам друзлар яшайди. Исроилда яшайдиган друзлар билан Сурияда яшайдиган друзларнинг миллий идентификациясида фарқ бор. Муаммонинг кўп асоси шу ерда ётади. Яъни Исроилдаги друзлар ўзини шундай таништиради: “биз этник араблармиз, эътиқодий жиҳатдан ёки цивилизацион нуқтаи назардан биз друзларимиз ва Исроил фуқароларимиз, яъни ватандошликка кўра исроилликларимиз” деб тўлиқ ўзини таништиради. Шунингдек, Исроил армиясида яҳудий бўлмаган ҳарбийлар сифатида фақатгина друзлар хизмат қилади.
Суриядаги друзлар ўзининг миллий идентификациясини айтаётганда “биз Сурияда яшовчи друзларимиз” деб чекланади. Яъни биз Сурия ҳукуматига бўйсунамиз ёки биз сурияликмиз деб айтмайди. Доимий равишда Асад режими даврида ҳам марказий ҳукуматдан қайсидир даражада автономия олишга ҳаракат қилган ва шу билан бирга Асад режими билан улар яхши келиша олган. Чунки Асад режими давридаги юқори лавозимларни друзлар эгаллаган, айниқса бу хавфсизлик тизими соҳасида. Лекин мамлакат ҳокимиятига аш-Шаръа келгач, улар доимий равишда курашиб келган шу исломий кучларнинг вакили ҳокимиятга келди деб ҳисоблаяпти ва ҳозир Сурияда яшаётган друзлар ўртасида иккига бўлиниш содир бўлган. Яъни бир қисми айтадики, биз марказий ҳукумат билан келишишимиз керак, чунки бизнинг эътиқодимизга кўра Суриядаги ҳукумат билан келишиш бизнинг эътиқодимизда бор дейишади. Яна бир гуруҳ айтадики “йўқ, биз Исроилнинг кўмаги билан ўзимизга автономия олишимиз керак, марказий ҳукуматга бўйсунишимиз керак эмас, чунки бу марказий ҳукумат бир вақтлар бизга нисбатан қаттиқ курашган” деган тафаккурда. Бу муаммодан Исроил максимал даражада фойдаланишга ҳаракат қилади ва шу атрофда яшаётган алавийлар ва друзлар ўртасидаги кескинликни сунъий равишда вужудга келтириш орқали Суриянинг жанубида, Исроил билан чегара ҳудудларида тўқнашувлар келтириб чиқаради. Натижада бу ерда муаммо шундай тарқаладики, унинг географияси Исроилнинг бир қисми ва Суриянинг бир қисмини қамраб олади. Исроил хавфсизлик нуқтаи назаридан ва ўзининг суверенитети, ўз халқини, ўзининг Исроилда яшаётган друзларини ва Сурияда яшаётган друзларни ҳомийси сифатида ўзини кўрсатиб Сурияга ҳужум қилади. Яъни бадавийлар ва друзлар ўртасида қандай конфликт бор, бунинг манбаси нимада деган савол берилганда, аслида ҳеч қандай конфликт йўқ. Ташқи кучлар аралашгандагина бу ерда низо келтириб чиқариш мумкин.
Исроил Сурияда тинчлик бўлишидан манфаатдорми?
Камолидин Раббимов: Аслида Исроил на Сурияда, на бирор бир қўшни давлатда кучли давлатчилик, марказлашган, қудратли иқтисодий ва ҳарбий потенциали юқори бўлган давлатчилик шаклланишини истамайди. Чунки қўшни давлатларнинг барчасида Исроилга нисбатан фундаментал салбий қараш жамият даражасида жуда ҳам юқори.
Исроилнинг Сурия бўйича ҳам бир қанча лойиҳалари бор, булар параллел лойиҳалар. Биринчи лойиҳа Сурияни Иброҳим келишувларига қўшиш ва шу орқали Исроилга қулай давлатга айлантириш. Иккинчи лойиҳа эса Сурия бугунги кунда Туркияга ориентир оляпти. Барча масалаларда Туркиянинг минтақадаги энг яқин иттифоқчиси ва бу ерга Туркия кириб келяпти. Туркия шундай давлатки, у совуққонлик билан ҳарбий машина шакллантиради, совуққонлик билан иқтисодий потенциал шакллантиради ва ўзи учун хавфсиз бир давлат ёки иттифоқчи давлат шакллантириш вазифаси турибди. Чунки курдлар Туркия учун асосий муаммо эди ва шундайлигича қоляпти, Сурияда эса 2-3 миллион атрофида курдлар яшайди.
Аш-Шаръа Туркиядан ташқари араб давлатлари оиласи билан муносабатларни илиқлаштиряпти ва бу албатта, Исроилга ёқмайди. Яъни Исроил сиёсатчилари очиқчасига айтадики, бирорта бир қўшни давлатимизда марказлашган, қудратли, кучли давлатчилик бўлиши керак эмас, биринчи ўринда бугунги кунда Сурияда дейишяпти.
Суҳбатни тўлиқ шаклда YouTube платформасида томоша қилинг.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Тавсия этамиз
Навоийни кимлар заҳарлаяпти? – экология вазири изоҳ берди
Ўзбекистон | 11:23 / 25.07.2025
Ишдаги ишқнинг якуни: селекторда “қўлга тушган” амалдор ишдан олинди
Ўзбекистон | 10:42 / 25.07.2025
Франция Фаластин давлатини тан олади — Макрон
Жаҳон | 09:46 / 25.07.2025
Ниҳоят: келаётган ҳафтада салқин ҳаво оқими кириб келиши кутилмоқда
Ўзбекистон | 20:03 / 24.07.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Ижро назоратининг кучайтирилиши, Самарқанддаги «қўзиқорин уй», сувга чўкиш фожиалари – маҳаллий дайжест
Ўзбекистон | 23:47 / 28.07.2025
-
Хитой туғилишни рағбатлантириш мақсадида ҳар бир бола учун пул тўлайди
Жаҳон | 23:46 / 28.07.2025
-
Санкт-Петербургда хорижликларга 2025 йил охиригача такси ҳайдовчиси бўлиб ишлаш тақиқланди
Жаҳон | 23:26 / 28.07.2025
-
Бастакор Султонали Раҳматов вафот этди
Жамият | 22:59 / 28.07.2025
Мавзуга оид

20:22 / 28.07.2025
Исроил Ғазо блокадасини бузиш учун келган кемани қўлга олди

18:20 / 28.07.2025
“Россия урушга чуқур кириб кетди, ундан чиқиши имконсиз” — сиёсатшунос

13:12 / 28.07.2025
Сурияда Асад ҳокимиятдан ағдарилганидан кейин биринчи сайловлар ўтказилади

09:37 / 28.07.2025