Ўзбекистон | 15:48 / 13.07.2025
14481
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада танишини уриб кетган ҳайдовчи қасддан одам ўлдиришда айбланмоқда

Бош прокуратура Фарғонада фуқаро танишини машинада қасддан ургани бўйича жиноят иши қайта малакалангани ҳақида маълум қилди.

Фото: Видеодан кадр

Прокуратура томонидан назорат тартибида ўрганилганда айбланувчининг хатти-ҳаракатларида қасддан одам ўлдириш жинояти аломатлари мавжудлиги сабабли, жиноят иши Жиноят кодексининг 97-моддасига қайта малакаланди.

Ҳозирда прокуратура томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

Маълумот учун, бу модда билан айбдор деб топилганлар умрбод озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Бундан олдинроқ Фарғона шаҳридаги жанжал вақтида Lacetti автомобили ҳайдовчиси йўл четидаги одамни уриб кетиши оқибатида жабрланувчи вафот этгани хабар қилинганди.

Ҳолат 10 июл куни шаҳарнинг Ўзбекистон овози кўчасида содир бўлган. Фуқаро Ф.З. таниши М.А. билан ўзаро гап талашиб жанжаллашиб, ўзига тегишли Lacetti’да М.А.ни устига машинасини ҳайдаган.

Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан М.А. шифохонада вафот этган. Тармоқларда тарқалган видеода кетаётган уч кишидин бирининг орқасидан юқори тезликдаги машина келиб ургани ва у учиб ерга тушганини кўриш мумкин. Шундан сўнг, ҳайдовчи машинадан тушиб жабрланувчига яна ҳужум қилмоқчи бўлади, лекин атрофдагилар уни тўхтатиб қолади.

Фарғона вилояти ИИБ Ф.З.га нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилгани, гумонланувчи Жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланганини хабар қилганди.

Мавзуга оид