Иқтисодиёт | 17:58 / 08.07.2025
9368
5 дақиқада ўқилади

Солиқ органи 1,5 млн сўмлик камомад учун тадбиркорни 5,3 млрд сўм жаримага тортди

Ўзбекистон солиқчилари Lactalis компаниясидан 1,5 млн сўмлик камомад топиб, 5,3 млрд сўм жарима қўллади. Жарима Солиқ кодексининг ўша машҳур 227-1-моддаси бўйича қўлланган. “Чет эллик инвестор [буни эшитиб] шокка тушди десам, деярли ҳеч нарса демаган бўламан”, деди хорижий компания вакили. Очиқ мулоқотда янграган бу шикоятдан кейин ўрганиш ўтказилиб, жарима бекор қилинди.

Фото: Солиқ қўмитаси матбуот хизмати

Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектининг фаолиятида аниқланган 1,5 млн сўмлик камомад учун солиқ органи 5,4 млрд сўм жарима қўллади. Бу ҳолат юзасидан Солиқ қўмитаси раисига бевосита жамоатчилик кўз ўнгида қилинган мурожаатдан кейин, жарима бекор қилиниб, солиқчиларнинг хатти-ҳаракати текширила бошланди.

Бундай йирик жарима Солиқ кодексининг 227-1-моддаси асосида, сут ишлаб чиқарувчи “Lactalis Central Asia” МЧЖга нисбатан қўлланган. Хорижий компания вакили Дониёр Нажмиддинов давлат органлари раҳбарларининг бизнес ҳамжамият билан 27 июн кунги очиқ мулоқотида бу ҳақда маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, яқинда Lactalis'да солиқ аудитини ўтказган солиқчилар бир нечта омборларни инвентаризациядан ўтказиб, 1,5 млн сўмлик қадоқланган сув камомадини аниқлаган.

Йиллик айланмамиз 1 трлн сўмдан кам эмас. 6-7 та омборимиз инвентаризация бўлди. 1,5 млн сўмлик камомад чиқди, қадоқланган сув бўйича. Камомад – 100 доллар атрофида, айланмамиз эса деярли 1 триллион сўм. Солиқчилар 1,5 млн сўмлик қадоқланган сув ноқонуний реализация қилинган, [Солиқ кодексининг] 223- ва 227-моддалари бузилган, яъни маркировка қоидаси бузилган деб, корхонага 5,3 млрд сўм жарима чиқаришди. 420 минг доллар. Чет эл инвестори [буни эшитиб] шокка тушди десам, деярли ҳеч нарса демаган бўламан”, – деди Дониёр Нажмиддинов.

Дониёр Нажмиддинов / Савдо-саноат палатаси YouTube каналидаги жонли эфирдан кадр

Бу шикоятга жавобан, Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов: “Сиз [чет эллик инвесторга] айтинг: жазо ҳаммага баробар” дея маслаҳат берди.

Нажмиддиновнинг айтишича, ҳисоб-китобларда камомад аниқланса, буни автоматик равишда мажбурий рақамли маркировка қоидаларини бузиш деб талқин қилиш қонунчиликка зид. Авваллари камомад аниқланган тақдирда, солиқ органи етишмаётган товарни сотилган деб ҳисоблаб, ҚҚС ҳисоблаб чиқарган. Лекин рақамли маркировка жорий этилганидан кейин, ёндашув ўзгарган.

Бизга солиқчиларнинг жавоби шундай бўлди: 1 сўмлик камомад чиқса ҳам, биз сизларни бир чораклик тушумдан 2 фоизи миқдорида жарима қиламиз, дейишди. Арзимаган 10 та бутилка деб, чораклик тушумимизнинг 2 фоизи миқдорида жарима қўйишяпти”, – деди у.

Мулоқотда иштирок этаётган Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев солиқчиларнинг ҳаракати нотўғри бўлганини тасдиқлади ва Lactalis'га нисбатан жарима қўллаган солиқ инспекторини чақириб, ҳолатни ўрганиб чиқишга топшириқ берди.

Бутун бошли заводда 100 долларлик сув камомад чиқди деб туриб – балки маркировкаси бузилгандир, бошқа бўлгандир – чораклик тушумга жарима уряпти. Бу ҳеч қайси рамкага сиғмайди”, – деди Қудбиев.

Фото: Савдо-саноат палатаси

5 июл куни Солиқ қўмитаси матбуот хизмати ўрганиш натижасини маълум қилди.

Ўрганишда корхона томонидан мажбурий маркировкалаш талабларини бузилиш ҳолатлари Солиқ кодекси талабларига асосланган ҳолда исботламасдан, маркировкалаш қоидаларига риоя қилинмагани учун жарима нотўғри қўллангани аниқланган.

Мазкур ҳолат Солиқ қўмитасида ҳудудий солиқ органлари раҳбари иштирокидаги кенгайтирилган Ҳайъат йиғилишида танқидий муҳокама қилинди. Йўл қўйилган хато ва камчиликлари бартараф этиш бўйича тегишли ташкилий чоралар кўрилди”, – дейилади қўмита ахборотида.

Қўшимча қилинишича, солиқ назорати тадбирларини ташкил этиш, молиявий жарималарни қўллашда тадбиркорлик субъектлари хуқуқларини ҳимоя қилиш устуворлигини таъминлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинган.

Эслатиб ўтамиз, Солиқ кодексидаги 227-1-модда 2022 йил 13 июндан кучга кирган, унда белгиланган қоидаларни бузганлик учун охирги чоракдаги тушум миқдоридаги жарима белгиланган эди. Санкциянинг бу даражада катталиги эса кўплаб тадбиркорларнинг эътирозига сабаб бўлди.

Бу эътирозларни Президент ҳузуридаги тадбиркорлар кенгаши ва Савдо-саноат палатаси қўллаб-қувватлади. Бир нечта судларда тадбиркорлар солиқ органи устидан ютиб чиқди. 2023 йил охирига келиб, Солиқ қўмитаси санкция юмшатилишини маълум қилди.

2024 йил февралида бу борада президент фармони, кейинроқ қонун ҳам қабул қилинди ва бу модда бўйича жарима чораклик тушумнинг 100 фоизидан 2 фоизигача (такроран содир этилганда, 20 фоиз) туширилди. Аввал жарима тўлаганларга тўлаган суммасининг 98 фоизи қайтариб берилиши белгиланди.

Мавзуга оид

Эълонлар

Thompson Xалқаро мактаблари битирувчилари Британия университетларига имтиҳонсиз қабул қилиниши мумкин

“Euroasia Insurance” суғурта компанияси томонидан кўриб чиқилган суғурта ҳодисаси бўйича ҳисобот

Paynet: Ўзбекистонда финтех соҳасини тубдан ўзгартиришга қаратилган 5 янги хизмат

“Uzbekinvest” суғурта компанияси 2025 йилнинг I ярим йиллиги якунларини эълон қилди

Thompson Xалқаро мактаблари битирувчилари Британия университетларига имтиҳонсиз қабул қилиниши мумкин

“Euroasia Insurance” суғурта компанияси томонидан кўриб чиқилган суғурта ҳодисаси бўйича ҳисобот

Paynet: Ўзбекистонда финтех соҳасини тубдан ўзгартиришга қаратилган 5 янги хизмат

“Uzbekinvest” суғурта компанияси 2025 йилнинг I ярим йиллиги якунларини эълон қилди

Thompson Xалқаро мактаблари битирувчилари Британия университетларига имтиҳонсиз қабул қилиниши мумкин

“Euroasia Insurance” суғурта компанияси томонидан кўриб чиқилган суғурта ҳодисаси бўйича ҳисобот

Paynet: Ўзбекистонда финтех соҳасини тубдан ўзгартиришга қаратилган 5 янги хизмат

“Uzbekinvest” суғурта компанияси 2025 йилнинг I ярим йиллиги якунларини эълон қилди