Жаҳон | 18:39 / 23.06.2025
7302
3 дақиқада ўқилади

Африкадаги вагнерчилар каннибализмда айбланмоқда

Халқаро жиноий судга Россиянинг «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси томонидан Африкада содир этилган ваҳшийликлар бўйича ҳисобот тақдим этилди.

Фото: AP

Россиянинг «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси томонидан Африкада 2021 йил декабридан 2024 йил июлигача содир этилган эҳтимолий жиноятлар ҳақидаги махфий ҳисобот Халқаро жиноий судга (ХЖС) тақдим этилди. Бу ҳақда AP хабар берди.

Ҳисобот қийноқлар, жароҳатлар, судсиз ўлдиришлар, каннибализм ҳолатлари, шунингдек, бу ваҳшийликлар акс этган видеоларни интернетда тарқатилиши билан боғлиқ. Суддан «Вагнер»га алоқадор шахслар, шунингдек, Африканинг бир қанча давлатлари ва Россия ҳукуматлари фаолиятини текшириш сўралган. Айнан Африка давлатлари рухсати билан «вагнерчилар» ҳудудда фаолият юритган эди.

Ҳисоботда бошқа нарсалар қаторида, ёпиқ ва пулли Telegram каналига ҳавола берилган. Таъкидланишича, унда «Вагнер» ёлланма аскарлари томонидан африкаликларнинг шафқатсиз ўлдирилиши фотосуратлари ва видеолари мавжуд.

Видеоларда ҳарбий кийимдаги одамлар Мали фуқаролари экани айтилаётган одамларнинг жасадини мачете билан парчалаб, аъзоларини кесиб, узилган оёқ-қўллар билан тасвирга тушган. Бир жангчи кимнидир жигарини ейишини айтса, бошқаси юракни юлмоқчи эканини айтади. Буркина-Фасода ҳам худди шундай видеоларда эркак одамнинг узилган аъзолари билан рақсга тушган. Бошқа бир видеода аскар инсон танасига ўхшаб кўринган нарсани кесиб, «Ҳақиқатан ҳам яхши гўшт» деган.

«Вагнер» шафқатсиз ёлланма жангчилар сифатида ўз глобал брендини ривожлантириш ва тарғиб қилиш учун ахборот ва коммуникация технологияларидан моҳирона фойдаланган. Хусусан, уларнинг Саҳел бўйлаб хатти-ҳаракатларини акс эттирувчи Telegram канали шафқатсизлигининг «фахрли оммавий намойиш»и бўлиб хизмат қилди», деди Линдси Фриман, Калифорния университетининг «Технология, ҳуқуқ ва сиёсат» дастури директори.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, суратларни текшириш қийин бўлса-да, улар ҳарбий жиноятларнинг далили бўлиши мумкин. Шу билан бирга, ваҳшийликлар акс этган тасвирларни ижтимоий тармоқларда тарқатиш ҳам ҳарбий жиноят сифатида баҳоланиши мумкин.

ХЖС AP агентлигига ушбу ҳисоботга изоҳ бера олмаслигини маълум қилди, аммо «Мали ҳудудларида инсон ҳуқуқларининг кенг тарқалган бузилиши ҳақидаги турли хабарлардан» воқиф эканини ва «вазиятни диққат билан кузатиб боришини» қўшимча қилди.

«Вагнер» ХҲК агентликнинг видео ҳақидаги саволларига жавоб бермади.

Мавзуга оид