Ўзбекистон | 12:06 / 22.06.2025
2795
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон элчихонаси Исроилдаги ватандошлардан эҳтиёткорликни оширишни сўради

Исроилда хавфсизлик бўйича янги чекловлар жорий этилди. Тел-Авивдаги Ўзбекистон элчихонаси ватандошларга мурожаат қилиб, эҳтиёткорликни оширишга ҳамда ракета отишмалари пайтида бошпаналарни тарк этмасликка чақирди.

Фото: REUTERS

Маълум бўлишича, Исроил Мудофаа Армияси 22 июнь соат 3:45 дан 23 июнь 8:00 гача, мамлакатда хавфсизлик бўйича янги чекловлар жорий этган. Бу қарор мамлакатдаги вазиятнинг кескинлашуви муносабати билан қабул қилинди.

Шунга мувофиқ:

  • илгари «чекланган фаолият» деб белгиланган ҳудудларда энди «зарур ҳолларда фаолият» тартиби жорий қилинди;
  • барча таълим муассасалари ўз фаолиятини тўхтатади;
  • барча ишлаб чиқариш корхоналари ёпилади, фақат ҳарбий ва тинч аҳоли эҳтиёжлари учун зарур бўлган тармоқлар бундан мустасно;
  • иш жойига бориш тақиқланади.

«Юртдошларимизни яна бир бор хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишга, мамлакатда бўлиш вақтида эҳтиёткорликни оширишга ва ракета отишмалари пайтида бошпаналарни тарк этмасликка чақирамиз. Илтимос, расмий маълумотлардан хабардор бўлиб боринг”, дейилади Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси баёнотида.

Мавзуга оид