Жаҳон | 22:13 / 21.06.2025
1907
2 дақиқада ўқилади

Россия бюджети 2024 йилда мигрантларнинг патентидан 1,5 млрд доллар ишлади

Қайд қилинишича, 2024 йилда мигрантлар жами 124 миллиард рублни патент тўлови сифатида ғазнага ўтказган, бу тахминан 1,5 миллиард долларга тенг.

Фото: Migrant.news.tj

2025 йил январ-май ойларида Россия бюджетига мигрантлар томонидан патент бўйича тўланадиган даромад солиғи шаклида 63 миллиард рубл тушди. Бу ҳақда Россия ИИВ Миграция масалалари бош бошқармаси бошлиғи Валентина Казакова маълум қилди.

Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, бу миқдор 2024 йил биринчи беш ойидаги кўрсаткичдан 35 фоизга кўп.

Қайд қилинишича, 2024 йилда мигрантлар жами 124 миллиард рублни ғазнага ўтказган, бу тахминан 1,5 миллиард долларга тенг.

Казакованинг таъкидлашича, бу маблағлар хорижликларнинг ҳар ой патентга тўлайдиган аванс тўловларидир. Пул бевосита маҳаллий бюджетларга тушади.

Шу билан бирга, у 2025 йилда Россияда 3 миллионга яқин хорижлик ишлаётганини таъкидлади.

«Улардан 800 минг нафари қурилиш соҳасида, 350 минг нафари улгуржи ва чакана савдо, ишлаб чиқаришда, ундан кейин ташиш ва сақлашда 193 минг нафари, қишлоқ хўжалигида 63 минг нафари», деб таъкидлади Казакова.

Ички ишлар вазирлиги вакили, шунингдек, 2024 йилда мигрантларга нисбатан расмийлаштирилган маъмурий баённомалар сони 3,4 миллионга етганини маълум қилган бўлса, 2023 йилда 2,3 миллион протокол тузилганини айтди.

Мавзуга оид