Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Президентнинг Қашқадарёга ташрифи, 1-синфга онлайн қабулнинг бошланиши ва давлат хизматчилари бўйича маълумотлар базаси – маҳаллий дайжест
Шавкат Мирзиёев Қашқадарёга ташрифи давомида вилоятни комплекс ривожлантиришнинг устувор вазифалари бўйича топшириқлар берди. Саида Мирзиёева президент топшириғига биноан Қўшработдаги ўқувчилар учун 17 та янги мактаб автобусини тақдим этди. Ўзбекистоннинг 7 та олий таълим муассасаси дунёнинг энг яхши университетлари рўйхатига киритилди. 2025-2026 ўқув йили учун 1-синфга онлайн қабул бошланди. Давлат хизматчиларининг ижтимоий тармоқдаги саҳифалари бўйича маълумотлар базаси яратилади. Кун давомида Kun.uz ёритган шу ва бошқа муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз
Шавкат Мирзиёев Қашқадарёга ташрифи давомида вилоятни комплекс ривожлантиришнинг устувор вазифаларига бағишланган йиғилиш ўтказди
Давлат раҳбари вилоятдаги табиий бойликларни иқтисодиётга жалб қилиш бўйича янги топшириқлар берди. Жумладан, Китоб туманида 100 гектар майдонда 20 тонна олтин захираси аниқлангани айтилди. Табиатга зарар етказмасдан, ёпиқ усулда олтин қазиб олишга 100−150 миллион доллар сармоя киритишга тайёр тадбиркорлар кўп экани таъкидланди. Шу боис ушбу конни аукционга чиқариш зарурлиги қайд этилди.
Шунингдек, Қашқадарё вилоятида сув ва канализацияни яхшилашга бу йил 800 миллиард сўм ажратилган. Мутасаддиларга бунинг ҳисобига 183 километр сув ва канализация тармоғи, 8 та сув иншооти қурилишини якунлаш топширилди. Қарши шаҳрида сув таъминоти 97 фоиз бўлса-да, сув олиб борадиган 110 километрли магистрал қувурнинг ярмидан кўпи эскирган, сув йўқотиш юқори. Шу боис, қанчалик қийин бўлмасин, Ҳисорак сув омборидан Қарши шаҳригача ичимлик суви тармоғи тортиш буюрилди.
Саида Мирзиёева президент топшириғига биноан Қўшработдаги ўқувчилар учун 17 та янги мактаб автобусини тақдим этди
Қайд қилинишича, бу совға Самарқанд вилоятидаги ушбу тумандаги 20 та олис мактабда таҳсил олаётган 750 нафардан зиёд ўқувчига хавфсиз ва қулай тарзда ўз синфхоналарига етиб бориш имконини беради.
«Биз ҳар бир бола, қаерда яшашидан қатъи назар, сифатли, замонавий ва муносиб таълим олиш имкониятига эга бўлишини жуда истаймиз ҳамда бунга эришиш учун барча саъй-ҳаракатларимизни йўналтирамиз», деди президент ёрдамчиси.
Ўзбекистоннинг 7 та олий таълим муассасаси дунёнинг энг яхши университетлари рўйхатига киритилди
QS World University Rankings 2026 натижаларига кўра, ТИҚХММИ миллий тадқиқот университети Ўзбекистонда 1-ўринда, дунёда 469-ўринда қайд этилган.
Шунингдек, рейтингда Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент давлат техника университети, Самарқанд давлат университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент давлат транспорт университети ва Тошкент ахборот технологиялари университети ҳам бор.
2025-2026 ўқув йили учун 1-синфга онлайн қабул бошланди
20 июн куни соат 9:00 дан бошлаб 2025-2026 ўқув йили учун умумий ўрта таълим мактабларининг 1-синфига онлайн қабул бошланди. Аризаларни электрон шаклда қуйидаги my.maktab.uz ёки my.gov.uz платформалари орқали юбориш мумкин.
«Таълим тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, болалар 7 ёшга тўладиган йилда мактабга қабул қилинади. Бу йил 1-синфга 2018 йил 31 декабрига қадар туғилган болалар қабул қилинади.
2026 йилдан давлат хизматига илк марта қабул қилинганлар билан фақат бир йиллик меҳнат шартномаси тузилади
Ушбу шартнома кейинчалик фаолиятининг ижобий натижаларига кўра узайтирилади. Шунингдек, биринчи марта ишга қабул қилинган давлат хизматчилари мажбурий махсус курсларни ўтайди.
Давлат фуқаролик хизматчилари ўз вазифаларини бажаришда одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя этишини таъминлаш ва касбий маданиятини ривожлантириш орқали давлат органларига нисбатан жамоатчилик ишончини мустаҳкамлаш механизмлари жорий қилинади.
Давлат хизматчиларининг ижтимоий тармоқдаги саҳифалари бўйича маълумотлар базаси яратилади
1 сентябрдан бошлаб давлат хизматчилари ўртасида мулоқотни кучайтиришни назарда тутувчи «Давлат хизматчиси» мобил иловаси ишга туширилади. Унда ходим тўғрисидаги маълумотлар, боғланиш учун телефон рақами, почтаси ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ҳақидаги ахборотларни назарда тутувчи маълумотлар базаси яратилади.
Бу чоралар «Давлат фуқаролик хизматини янги ёндашувлар асосида ташкил этиш ҳамда профессионал ва натижадорликка йўналтирилган давлат хизматчилари корпусини шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармонида белгилаб қўйилган.
Рақобат қўмитаси ишлаш ва ўқиш учун хорижга «осон» боришни ваъда қилаётган консалтинг фирмалардан огоҳ бўлишга чақирди
2025 йилда фуқаролардан консалтинг фирмалари устидан 20 га яқин мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг кўпчилиги хорижда ишга ёки ўқишга жойлаштириш ваъдаси билан пул олган, аммо хизмат кўрсатмаган ва тўланган маблағларни ҳам қайтармаган.
Қайд қилинишича, бундай фирмаларнинг кўпчилигида лицензия йўқ ва фаолияти қонуний эмас. Хорижда ўқиш ва ишлаш ниятида бўлсангиз, бундай хизматни таклиф қилаётган фирмалар фаолияти қонунийлигини ва лицензияси мавжудлигини текширинг, дейилади қўмита хабарида.
Йил бошидан буён солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида хабар берганларга 14,5 миллиард сўм мукофот тўланди
2025 йилнинг январ-май ойларида «Солиқ» мобил иловасининг «Солиқ ҳамкор» тизими орқали солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида 45 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган.
Уларнинг аксарияти харид чеки бермаслик, тўловни карта орқали қабул қилмаслик, карта учун харид суммасини ошириш билан боғлиқ. Мурожаатлар асосида 18 мингдан ортиқ сайёр солиқ текшируви ўтказилиб, 99,1 фоиз ҳолатда ҳуқуқбузарлик тасдиқланган. Ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича хабар берган фуқароларга 14,5 миллиард сўм мукофот тўланган.
Ўзбекистонда сунъий интеллект асосида йўл ҳаракатини бошқариш тизими жорий этилиши мумкин
Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, бу ҳақда ITS Asia Pacific Forum 2025 халқаро форумида иштироки доирасида Корея Республикаси ер, инфратузилма ва транспорт вазири Парк Сангву ҳамда Коrеа Expressway Corporation президенти Хам Жингю билан музокаралар ўтказилди.
Унда Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида транспорт ва йўл хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, Корея Республикасининг автомагистраллар бошқаруви, «ақлли» светофорлар, сунъий интеллект асосидаги ҳаракатни бошқариш тизимларини Ўзбекистонда жорий этиш имкониятлари, шунингдек, мазкур мамлакат ҳукумати томонидан Ўзбекистонда техник ёрдам ва мутахассислар тайёрлаш дастурларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Лойиҳанинг қачон амалга оширилиши ҳақида маълумот берилмади.
Тавсия этамиз
„Участкавой“ президент билан учрашувда капитанга айланди
Ўзбекистон | 15:27 / 11.07.2025
Трамп: НАТО Украина учун АҚШдан қурол сотиб олади
Жаҳон | 11:21 / 11.07.2025
Элдор Шомуродов Туркия клубига ўтди
Спорт | 11:12 / 11.07.2025
Таэквондочи Улуғбек Рашидов икки йилга дисквалификация қилинди
Спорт | 11:00 / 11.07.2025
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид

23:54 / 11.07.2025
Шавкат Мирзиёев маҳалла инспектори бўлган катта лейтенантга капитан унвонини берди, фуқароларни яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тартиби белгиланди — маҳаллий дайжест

23:48 / 10.07.2025
Тошкентда сув қувури кучли босим остида ёрилиб кетди, ўзбекистонликлар томонидан Шенген визаси учун топширилган аризалар сони ошди — маҳаллий дайжест

23:11 / 09.07.2025
Шавкат Мирзиёев 15-20 дақиқа тирбандликда қолиб кетди, Фарҳод бозорида товламачилик билан шуғулланган жиноий гуруҳ аъзолари ушланди — маҳаллий дайжест

23:35 / 08.07.2025