Жамият | 16:30 / 18.06.2025
2060
2 дақиқада ўқилади

Unicon-Soft Хитойнинг етакчи компанияси билан келишув имзолади

Меморандумнинг асосий мақсади янги электрон технологияларни ишлаб чиқиш, хорижий инвестицияни жалб этиш орқали қўшимча иш ўринларини яратишга қаратилган.

Хитой Халқ Республикасига хизмат сафари доирасида Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов мамлакатнинг етакчи молиявий ва технологик марказларидан бири — Гуандун провинциясининг Шенчжен шаҳрида фаолият юритаётган нуфузли ва иқтисодий барқарор тадбиркорлар, корпорациялар ҳамда компаниялар раҳбарлари билан учрашув ўтказди.

Очиқ мулоқот шаклида ташкил этилган учрашувда Шенчженда фаолият юритаётган нуфузли иқтисодий барқарор компаниялар билан янги технологиялар бўйича ҳамкорлик истиқболлари, Ўзбекистон шароитида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш, қўшма корхоналар ташкил этиш ҳамда маҳсулот ва хизматларни экспорт қилиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Учрашув якунида Ўзбекистон ва Хитойнинг етакчи компаниялари — Unicon-Soft ҳамда Shenzhen T.D.S Electronic Technology Co. Ltd. ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш, янги электрон технологияларни ишлаб чиқиш, хорижий инвестицияни жалб этиш орқали янги иш ўринларини яратишга қаратилган ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

ХХРга хизмат сафари давомида Рақамли технологиялар вазирлиги раҳбарияти Alibaba Cloud Intelligence компаниясининг вице-президенти ва бошқарув директори Даниел Чжао ҳамда Alibaba.com компаниясининг электрон тижорат бизнес гуруҳи бош ижрочи директори Фан Жинг билан ҳам учрашди. Мазкур учрашувда икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди. Учрашув якунлари бўйича томонлар ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга келишдилар.

Шу билан бирга, Hubei, Huizhou ва Kashgar шаҳарлари раҳбарияти билан рақамли технологиялар соҳасида ишлаб чиқариш йўналишидаги лойиҳалар ва тадбиркорлар учун яратилган шарт-шароитлар юзасидан фикр алмашилди.

Мавзуга оид