Ўзбекистон | 16:10 / 18.06.2025
10364
4 дақиқада ўқилади

"Бундай ҳолатлар давлатни халқаро даражада обрўсизлантиради" - Бухоро ҳокими "иши" фаоллар нигоҳида

Ўтган ҳафта боғчадаги объектни суд-пудсиз ичидаги одами билан бузиб, йўқ қилишни буюрган Бухоро ҳокими Ботир Зарипов ҳали-ҳануз кенг муҳокамада. Ҳокимлик расмий раддия бериб, одамларни нотўғри тушунганликда айблади. Kun.uz суҳбатлашган жамиятшунос фикрича, амалдор Зарипов ҳеч бўлмаса халқдан узр сўраши керак эди. Ҳокимнинг истеъфосини кутгандим, дейди Маҳмуд Йўлдошев.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

22 май куни Бухоро вилоятидаги боғчалардан бирида бўлган ҳоким Ботир Зарипов ўз жамоасига бу ҳудудда қоғозсиз қурилган объектни суд-пудни кутмай бузиб, ичидаги одами билан кўмиб ташлашни буюрди. Унинг ёнида турган ИИБ ҳамда прокурор, ҳокимият вакиллари Зарипов буйруғини дарҳол тасдиқлаган. Бу видео эса ўтган ҳафта кенг тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлди.

Фаоллар ҳокимни тириклайин одам ўлдиришни тарғиб қилаётганликда, яна баъзилар эса ҳоким раҳбарларга нолойиқ сўзларни ишлатганини ёзди. Kun.uz суҳбатлашган фаоллар фикрича, ҳоким ҳеч бўлмаса халқдан узр сўраши керак эди.

“Ечим шуки, ҳоким тепадан туриб, ишдан олиниши керак эди. Бу жуда қўпол вариант. Ёки бўлмаса, у халқдан узр сўраши керак эди. Биласизми, давлат иши, жамиятни бошқариш қийин иш экан дея истеъфо берганида балки у ҳурматга ҳам сазовор бўларди. Юмшоқ қилиб айтганда, бу гаплари билан ҳоким маъмурий жиноятга қўл урган” - Маҳмуд Йўлдошев, жамиятшунос

Инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташановга кўра, Бухоро ҳокимининг тармоқда бундай гаплари олдидан юлдуз бўлиши умумий касалликнинг бир кўриниши. Ўзбекистондаги ҳокимлар билан бундай воқеалар тез-тез учрайди ва энг ёмони бирор раҳбар гапирган гапи учун жиддий жазога тортилмаган. Қонун устувор бўлиши керак, олдингилари жазоланмагани учун энди бу гал ҳам гапириб бўлмайди, дейди Ташанов.

“Келинимнинг оёғи эгрилигини билардим, лекин қўлга тушгани ёмон бўлди-да, деган қўпол ҳазил бор. Ботир Зариповнинг воқеаси ҳам худди шундай, яъни бу ҳолат умумий касалликнинг бир хуружи. У энди қандай қилиб халқ олдига чиқади, қандай қилиб Бухородаги қурилиш ва ободонлаштириш ишлари ҳақида гапиради. У маънан синди” – Абдураҳмон Ташанов, инсон ҳуқуқлари фаоли

Суҳбатдошларга кўра, Ўзбекистонда ҳоким лавозими стратегик мавқега эга, Бухоро ҳам стратегик ҳудудлардан бири. Амалдор эса одоб-ахлоқ қоидалари, ўзини тутиш меъёрларига пухта қараши лозим. Бундан ташқари, халқ вакиллари уйи ҳисобланган – парламентнинг бу воқеага жим томошабин бўлиши – ғалати. Ҳаммасига тизим айбдор, дейди улар.

“Балки унинг ҳаётида травмалари бордир, олдин ишлаган жойи – банкда шунақа муомала қилишгандир. Бухороликлар ўзаро қўполроқ гаплашади, деган сабаб ҳам ўзини оқламайди. Чунки назокат билан гапирадиган водийлик ҳокимларни ҳам кўрдик” – Абдураҳмон Ташанов, инсон ҳуқуқлари фаоли

Суҳбат якунида икки спикер ҳам ҳокимнинг чиқиб халқдан узр сўрашидан умидворлигини айтди.

Суҳбатни Kun.uz’нинг YouTube’даги саҳифасида тўлиқ томоша қилинг.

Шоҳрух Мажидзода суҳбатлашди.

Мавзуга оид