Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳиндистон Покистонга оқадиган дарёларнинг «ортиқча сувини» ўз ҳудудига йўналтирмоқчи
Покистон бу ҳаракатларни уруш очиш сифатида баҳолашини маълум қилди.

Фото: Reuters
Ҳиндистон учта ғарбий дарёдаги «ортиқча сув оқимини» Панжоб, Харяна ва Ражастхон штатларига йўналтириш учун 113 км узунликдаги канални техник-иқтисодий асослаш ишларини олиб бормоқда. Бу ҳақда NDTV хабар берди.
Ҳиндистон янги канал орқали Ҳинд дарёси сувидаги улушидан «самарали фойдаланиш»ни истамоқда.
Ҳиндистоннинг режаси учта ғарбий дарё - Покистонга оқиб ўтадиган Желум, Чиноб ва Ҳинд дарёларига қаратилган. Ҳиндистон ҳозир бу дарёлардаги сувнинг кўп қисмини ишлатмайди, чунки уларнинг табиий йўли мамлакатга «кам фойда келтиради».
Лойиҳа Чиноб дарёсини Рави-Биас-Сутлеж тизими билан боғлайдиган янги каналларни қазишни назарда тутади, ишлар уч йил ичида якунланиши режалаштирилган.
Ҳиндистон ва Покистон ўртасида Ҳинд дарёси ҳавзаси сувидан фойдаланишни тартибга солувчи «Ҳинд суви шартномаси» мавжуд. 1960 йил имзоланган ушбу ҳужжат Ҳиндистоннинг шарқий, Покистоннинг эса ғарбий дарёлар – Ҳинд, Желум ва Чиноб устидан назоратини таъминлайди.
Келишувга кўра, Ҳиндистон баъзи истиснолардан ташқари, ғарбий дарёлар Покистон томон оқишига йўл қўйиб бериши керак. Ғарбий дарёлар Ҳинд ҳавзаси умумий оқимининг 80 фоизидан ортиғи – 117 миллиард куб метрни ташкил қилади.
Ўз навбатида Покистон дарёларни буришга уриниш жавобсиз қолмаслигини таъкидламоқда.
– Айни мақсаддаги ҳар қандай амалиёт уруш очиш сифатида қабул қилинади. Покистонга тегишли оқимни тўхтатиш ёки буриш, қуйи соҳил бўйи давлатлари ҳуқуқини суиистеъмол қилиш уруш ҳаракати сифатида баҳоланади. Бундай ҳолатда Ҳиндистон билан олди-сотди, жумладан Покистон орқали ҳар қандай учинчи давлатга ва ундан ҳар қандай савдо дарҳол тўхтатилади. Покистон ҳаво ҳудуди Ҳиндистонга тегишли ёки ушбу давлат томонидан бошқариладиган барча авиакомпаниялар учун ёпилади, дейилади Покистон Миллий хавфсизлик қўмитаси хабарида.
22 апрел куни Ҳиндистоннинг Жамму ва Кашмир минтақасидаги Паҳалгам шаҳри яқинида террорчилик ҳужуми содир этилганидан сўнг, Ҳиндистон бу ҳаракатда Покистонни айблаб, Ҳинд дарёсини тўсиб қўйган эди. Аммо кейинчалик, вазият юмшагач, дарё ўзани очиб юборилди.
Мавзуга оид

19:30 / 13.07.2025
Air India Boeing 787 ҳалокати бўйича дастлабки ҳисоботни эълон қилди

10:56 / 12.07.2025
Ўзбекистон ва Покистон мудофаа саноати соҳасида ҳамкорлик ўрнатяпти

22:37 / 11.07.2025
Tesla август ойидан Ҳиндистонда электромобиллар савдосини бошлайди

20:21 / 10.07.2025