Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Месси голсиз бошлади, «ПСЖ» «Атлетико»ни ҳам яксон этди, «Бавария» 10 та гол урди
Америка майдонларида клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг гуруҳ ўйинлари старт олди. Чемпионлар лигаси ғолиби клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатини ёрқин ғалаба билан бошлади. Энрике мукаммал жамоа қурганини исботламоқда.

Фото: Hector Vivas — FIFA/FIFA via Getty Images
Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати.
1-тур. А гуруҳи
«Ал Аҳли» — «Интер Майами» 0:0
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Трезеге 44
Огоҳлантиришлар: Аттия 90+2 — Авилес 25, Редондо 31, Бускетс 86, Суарес 90+2.
Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати старт олди. Очилиш ўйинида турнирда МЛСнинг амалдаги ғолиби сифатида қатнашаётган «Интер Майами» ва Африка Чемпионлар лигаси ғолиби, Мисрнинг «Ал-Аҳли» клублари учрашди.
Лекин майамиликлар Месси, Суарес ва Бускетс каби юлдузлари билан ҳам голсиз дуранг қайд этди. Жамоа турнирни мағлубият билан бошлаши ҳам мумкин эди, аммо биринчи бўлим охирида «Ал-Аҳли»нинг кўп йиллик етакчиси Трезеге пеналтидан фойдалана олмади, унинг марказга йўллаган зарбасини дарвозабон Устари тўсиб қолди.
Иккинчи бўлимда рақиб футболчилари толиқиб қолганидан фойдаланиб «Интер Майами» босимни кучайтирди, 57-дақиқада Месси жамоасининг ўйиндаги дарвоза соҳасига тўғри борган илк зарбаси муаллифи бўлди. 65-дақиқада ҳам у жаримадан хавфли зарба йўллади, тўп дарвоза устуни ёнидан ўтиб кетди.
85-дақиқада Месси чап қанотдан қулай позицияда турган Фафага тўп оширди, ҳужумчи тўпни газонга чўпчитиб зарба берди, аммо мисрликлар посбони ал-Шенавий тўсин остидан кириб кетаётган тўпга улгурди. Ушбу дарвозабон 90+5-дақиқада ҳам қаҳрамонлик кўрсатиб, Мессининг айлантириб йўллаган зарбасини тўққизликдан олиб чиқди. Мессининг саъй-ҳаракатларига қарамай, ўйин икки дарвозабоннинг қаҳрамонликлари туфайли 0:0 ҳисобида якунланди.
Иккинчи турда «Ал-Аҳли» «Палмейрас» билан ўйнайди, «Интер Майами»ни «Порту»га қарши мураккаб учрашув кутмоқда. Биринчи турнинг иккинчи ўйинида ҳам Бразилия ва Португалия жамоалари ўзаро дуранг ўйнаган ва гуруҳда биринчи турдан кейин барча жамоалар бир хил кўрсаткич қайд этиб турибди.
КЖЧ. 1-тур. B гуруҳи
Памадена.«Роуз Боул» стадиони
«ПСЖ» – «Атлетико» 4:0
Голлар: Руис (19), Витиня (45+1), Маюлу (87), Ли Кан Ин (90+6, пеналти)
«ПСЖ» – Доннарумма, Ҳакими, Маркинос, Пачо, Мендеш (Эрнандес, 79), Витиня, Невеш, Руис (Ли Кан Ин, 72), Дуэ (Мбайе, 80), Кварацхелия (Заир-Эмери, 72), Рамуш (Маюлу, 66).
«Атлетико» – Облак, Лоренте, Ле Норман, Лангле, Галан (Мандава, 62), Симеоне (Корреа, 62), де Паул (Галлаҳер, 62), Барриос (Сёрлот, 70), Лино (Коке, 46), Алварес, Гризманн.
Огоҳлантиришлар: Лангле (20), Ле Норман (25), Руис (28), Симеоне (29), Коке (48), Маркинос (61), Корреа (63), Мандава (64).
Четлатиш: Лангле (78).
«ПСЖ» ғалаба қозонишда давом этмоқда. Икки ҳафта олдин ЕЧЛ финалида «Интер»ни йирик ҳисобда (5:0) тор-мор этган Луис Энрике шогирдлари клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг 1-турида ҳам ёрқин ғалабага эришди. Парижликлар гуруҳдаги асосий рақиби – «Атлетико»ни осонлик билан мағлуб этди (гуруҳнинг қолган аъзолари «Ботафого» ва «Сиэтл Саундерс» ҳам муаммо туғдириши қийин).
Луис Энрике Чемпионлар лигаси финалида ўйнаган бошланғич таркибни такрорламади. Унда бунга имкон ҳам йўқ эди, Дембеле жароҳатини даволамоқда. Усмон катта эҳтимол билан бел соҳасидаги жароҳати туфайли гуруҳнинг қолган ўйинларида ҳам қатнаша олмайди. Бошланғич таркибдаги ягона ўзгариш марказий ҳужумчи – Рамуш илк дақиқалардан туширилиши бўлди.
Пасаденадаги стадионга футболчилар алоҳида-алоҳида чиқиб келишди – уларнинг ҳар бири боксдаги каби алоҳида таништирилди. Европа футболи мухлислари бунга кўникишмаган. Футболчиларнинг ўзи учун эса маҳаллий вақт билан соат 12:00 да майдонга чиқиш бегона. Бу вақтда Парижда ҳам, Мадридда ҳам аллақачон кун ботиб бўлганди. Қолаверса, Лос-Анжелесда бу вақтда ҳарорат 33 даражага чиққан – қиздираётган қуёш остида юқори суръатдаги ўйин кўрсатиш қийин эди. Шунга қарамай, жамоалар чин дилдан тер тўкишди.
Илк хавфли вазиятни «Атлетико» юзага келтирди, Алвареснинг жарима зарбасидан кейин тўп тўсин остидан дарвозага киришига бир бахя қолди. Кейин эса ўйин кутилган сценарий бўйича кета бошлади. «ПСЖ» майдоннинг кўп қисмида устунлик қилди, ўйиннинг 80 фоиз вақтида тўпга эгалик қилди ва тўп йўқотилиши билан дарҳол қайтариб олди. Диего Симеоне жамоаси эса қарши ҳужумларга таянди, аммо ҳисоб парижликлар фойдасига 1:0 ҳисобида бўлиб турганида уюштирилган шундай қарши ҳужум кичик Симеоне Мендешдан қочиб кетиши ва жарима майдони яқинида йиқитилиши билан якунланди. Диего «ПСЖ» ҳимоячисини фол учун четлатишни талаб қилди, аммо ЕЧЛ финалида ҳам ишлаган Иштван Ковач бу вазиятда ҳеч қандай қоидабузарлик кўрмади. Ўйин аут ташлаш билан давом эттирилди.
Дастлабки 45 дақиқаликда футболчиларнинг рақиб жарима майдони ичида тўпга тегиниши бўйича статистика Луис Энрике жамоасининг тўлиқ устунлигини қайд этди – 14:0! Лекин «ПСЖ» футболчиларининг дарвоза соҳасига тўғри борган зарбасини чорак соат кутишга тўғри келди. Аммо шундан икки дақиқа ўтиб парижликлар ҳисобда олдинга чиқиб олишди. ЕЧЛ ғолибларининг ҳужум чизиғи вакиллари ўйин давомида позицияларни алмаштириш орқали рақиб ҳимоячиларини чалғитиб ташлади, бу гол урилган эпизодда ҳам иш берди. Невеш рақибдан тўпни олиб қўйиб, Дуэ ва Кварацхелия иштирокидаги ажойиб комбинацияни бошлаб берди, ҳужумни гуржистонлик вингернинг узатмасини голга айлантирган Руис якунлаб берди. «ПСЖ» ўз одатига кўра рақибни таянч зонасини бўш қолдиришга мажбур этди – испаниялик футболчи эса ерлатиб аниқ зарба йўллади.
«Атлетико» фақат танаффус арафасида дарвоза томон тўғри борган биринчи зарбасини йўллади – Гризманнинг зарбасидан кейин Доннарумма ўзини кўрсатиши талаб этилди. Мадридликлар ҳисобни тенглаштириш ўрнига дарҳол иккинчи голни ҳам ўтказиб юборишди. «ПСЖ» яна бир бор ҳужумга ўтиш фазасида ўз даражасини намойиш этди. Биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда уюштирилган жавоб ҳужумида Кварацхелия иккинчи голли пасини амалга оширди. Бу сафар у Витиняга ассистентлик қилди. Бу сафар ҳам «Атлетико» марказда катта бўшлиқ қолдирди, португалиялик яримҳимоячи жарима майдонига осонлик билан кириб, қайтариб бўлмас зарба йўллади.
Симеоне танаффусда Лино ўрнига Кокени туширди ва шогирдларидан прессингда фаол бўлишни талаб қилди. «Атлетико» иккинчи бўлим бошида бу талабни бажарди, «ПСЖ» майдоннинг ўз жарима майдони жойлашган қисмида ҳам босим остида қолди. Эпизодлардан бирида Доннарумма жарима майдони ичида финт ишлатишига тўғри келди ва тўпни ўзида сақлаб қолиб, қарши ҳужум бошлаб берди. Бу ҳужумни Кварацхелия якунлади. Хвича икки ассистга гол қўшиб қўйиши ҳам мумкин эди, аммо унинг зарбасидан кейин тўп тўсинга борди.
«ПСЖ» устунлик қилишда давом этди ва ғалабани осонлик билан сақлаб қоладигандек кўринаётганди. Аммо кутилмганда «Атлетико» дарвозани ишғол этди. Бу эпизод Дуэ жарима майдони яқинида тўп йўқотиши билан бошланди, кейин аргентиналиклар боғлами иш берди – Симеоне Алваресни тўп билан таъминлади, форвард эса тўпни олис бурчакка аниқ йўналтирди. Аммо Аргентинадан келган мухлисларнинг қувончи узоққа чўзилмади. Видеоҳакамлар Ковачни монитор қаршисига чақирди. Видеотакрорда Дуэ Коке билан контакт туфайли йиқилгани ойдинлашди.
«Атлетико» ўйинга интрига қайтариш учун тўлиқ куч билан олдинга ташланди, аммо 78-дақиқадаги воқеа ўйин тақдирини ҳал қилди. Лангле ҳакам билан баҳслашгани учун иккинчи сариқ карточкани олиб майдонни тарк этди. «Атлетико» бир киши кам бўлиб қолганида ҳам ҳисобни қисқартириш учун яхши вазиятга эга бўлди, аммо Сёрлот беш метр масофадан гол уролмади. «ПСЖ» эса дарҳол жазолади – Маюлу жарима майдонида ўзига келиб қолган тўпни дарвозага тўғри йўналтирди.
Луис Энрике жамоаси яна бир катта жамоани йирик ҳисобда тор-мор этди. «ПСЖ»нинг сўнгги ҳужумида Ле Норман тўп йўлини қўли билан тўсди – Ковач VAR ишорасидан кейин пеналти белгилади. Ли Кан Ин 11 метрдан аниқ зарба берди.
КЖЧ. 1-тур. С гуруҳи
15 июн. Цинцинатти. «TQL Stedium»
«Бавария» (Германия) — «Окленд Сити» (Янги Зеландия) 10:0
Голлар: Коман (6, 22), Боэ (18), Олисе (20, 45+3), Мюллер (45, 89), Мусиала (68, 73 пеналти, 84).
«Бавария» — Нойер, Буй, Та, Станишич (Азну, 82), Геррейру (Упамекано, 61), Киммих, Павлович, Олисе (Карл, 46), Мюллер, Коман (Гнабри, 46), Кейн (Мусиала, 61).
«Бавария» яримҳаваскор бўлган «Окленд Сити»га қарши асосий таркибни туширди ва натижа ҳам шунга яраша бўлди. Айрим аъзолари асосий ишидан рухсат бўлмагани учун аралаш таркибда келган оклендликлар эса илк дақиқаларданоқ тўлиқ таркиб билан жарима майдони атрофида жойлашди. Фаворит дастлабки тўрт дақиқа давомида тўпни олиб юрди ва қатъий ҳужум уюштирди. Коман икки бор бошда зарба йўллади. Биринчи уринишни дарвозабон Трейси қайтарди, иккинчисида иложсиз қолди: Киммих тўпни бурчакдан ошириб берди, ҳеч ким қўриқламаган Та тўпни дарвозабон ҳудудига ташлаб берди, Кингсли осонлик билан ҳисобни очди.
Мюнхенликлар босим ўтказиб, вазиятлар яратишда давом этди ва Боэ, Олисе, Коман ва Мюллер ўз вазиятларидан фойдаланди - 6:0. Жамоалар танаффусга бундан ҳам йирикроқ ҳисобда йўл олиши мумкин эди, аммо дарвозабон шу куни имкон қадар яхши ҳаракат қилди.
Иккинчи бўлимда майдонга Гнабри ва 17 ёшли Карл туширилди. Трейси қутқаришда давом этди ва Гнабрининг хавфли зарбасини қайтарди.
«Бавария» футболчилари вазиятларни кўкка совуришда давом этишди, аммо иккинчи бўлимда Кейннинг ўрнига тушган Мусиаланинг ўзи учта гол урди. Ўйин охирида эса Мюллер дубл расмийлаштириб, ҳисобни 10:0 кўринишига келтирди.
Тавсия этамиз
„Участкавой“ президент билан учрашувда капитанга айланди
Ўзбекистон | 15:27 / 11.07.2025
Трамп: НАТО Украина учун АҚШдан қурол сотиб олади
Жаҳон | 11:21 / 11.07.2025
Элдор Шомуродов Туркия клубига ўтди
Спорт | 11:12 / 11.07.2025
Таэквондочи Улуғбек Рашидов икки йилга дисквалификация қилинди
Спорт | 11:00 / 11.07.2025
Сўнгги янгиликлар
-
«Челси» финалда даҳшатли «ПСЖ»ни йирик ҳисобда енгди
Спорт | 02:13
-
Янник Синнер Алкарасни мағлуб этди ва биринчи марта Уимблдон ғолибига айланди
Спорт | 00:44
-
Францияда маҳбус сумка ичига яшириниб, қамоқхонадан қочиб кетди
Жаҳон | 23:47 / 13.07.2025
-
Нигерия собиқ президенти Муҳаммад Бухорий вафот этди
Жаҳон | 23:01 / 13.07.2025
Мавзуга оид

02:13
«Челси» финалда даҳшатли «ПСЖ»ни йирик ҳисобда енгди

17:41 / 13.07.2025
Ёзнинг асосий ўйини: «ПСЖ» ва «Челси» клублар мундиали финалида тўқнашади

08:07 / 10.07.2025
«ПСЖ» «Реал»га ҳам ҳеч қандай имкон қолдирмади

11:31 / 06.07.2025