Жаҳон | 23:14 / 14.06.2025
8022
2 дақиқада ўқилади

АҚШ дронларга қарши мудофаа тизимларини Украинадан Яқин Шарққа кўчирди

Мудофаа вазири АҚШ бутун дунёда ўз фуқароларини ҳимоя қилиш учун барча имкониятлардан фойдаланиш ниятида эканини айтди.

Фото: Omar Marques / Getty Images

АҚШ мудофаа вазири Питер Ҳегсет Fox телеканалига берган интервюсида АҚШ ўзининг дронларга қарши мудофаа тизимини Украинадан Яқин Шарққа кўчирганини айтди.

«Конгрессда менга шу ҳақда савол беришди ва мен: «Ҳа, кўчирдик», деб жавоб қайтардим», деди Ҳегсет.

Унинг тушунтиришича, замонавий уруш ва миллий мудофаа ўзгарган ва Қўшма Штатлар нафақат минтақада, балки бутун дунёда ўз фуқароларини ҳимоя қилиш учун барча имкониятлардан фойдаланиш ниятида. «Кичик тизимлар» жиддий хавф туғдириши мумкинлигига қарамай, АҚШ бунга тайёр.

«Ҳа, уруш тушунчасининг ўзи кўз ўнгимизда ўзгармоқда: дронларга қарши технология ҳақиқатан қўрқинчли. Лекин бизда керакли одамлар бор», деб ишонтирди Ҳегсет.

The Wall Street Journal газетасининг 5 июн куни хабар беришича, Қўшма Штатлар Ҳегсетнинг буйруғи билан Украинага етказиш учун мўлжалланган махсус ракета ускуналарини Яқин Шарқдаги Америка ҳарбий ҳаво кучларига йўналтирган. Пентагон раҳбари ўз қарори ҳақида Конгрессни «ортиқча шовқинсиз» хабардор қилган.

8 июн куни Украина президенти Владимир Зеленский АҚШ Жо Байден маъмурияти Украинага беришга ваъда қилган 20 минг дона дронга қарши ракеталарни Яқин Шарққа юборганини эълон қилди.

Мавзуга оид