Ўзбекистон | 19:48 / 13.06.2025
12182
3 дақиқада ўқилади

Вилоятликлар ҳам Тошкентда таксичилик қила олади — транспорт вазири

Таксичиларнинг лицензияга ўзлари хоҳлаган ҳудудни кўрсатиш ҳуқуқи бекор қилингани йўқ, бу ҳақдаги қарор нотўғри талқин қилинган, дея маълум қилди журналистлар билан ёпиқ учрашув ўтказган транспорт вазири Илҳом Маҳкамов. Вазирлик матбуот хизмати қарор талабларини ўз вақтида тушунтириб бера олмагани учун масъулиятни зиммасига олди.

13 июн куни АОКАда транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ва ЙҲХБ ходимлари иштирокида журналистлар билан ёпиқ учрашув бўлиб ўтди. Унда куни кеча катта муҳокамаларга сабаб бўлган автомобилнинг “прописка”сига қараб таксичилик қилиш масаласига изоҳ берилди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Вазирга кўра, йўналишсиз такси хизматларини кўрсатиш учун фуқароларнинг доимий яшаш жойи ёки машинанинг давлат рақамидаги ҳудудий кодга қаралмайди. Одамлар исталган ҳудудида таксичилик қилиш учун лицензия олиши мумкин.

Вазирнинг тушунтиришича, янги тартиб такси ҳайдовчилари фақат ўзлари танлаган ва лицензия варақасида кўрсатилган ҳудудда ишлай олишини назарда тутади. Бунда, фуқаро лицензия олиш пайтида қаерда таксичилик қилишни ўзи танлайди ва у танлаган ҳудуд лицензияда кўрсатилади. Лицензияда кўрсатилган ҳудуддан ташқарида таксичилик қилишга эса рухсат берилмайди.

Расмийларга кўра, ҳужжатнинг амалиётда нотўғри талқин қилинаётгани бўйича масъулларга, жумладан аҳолидан лицензия учун аризаларни қабул қилувчи давлат хизматлари соҳаси вакилларига вазиятни тузатиш учун тегишли кўрсатма берилган. Учрашувда янги тартиб медиамаконда нотўғри талқин қилингани учун масъулият Транспорт вазирлиги матбуот хизмати зиммасида экани, улар ўз вақтида тушунтириб бера олмагани айтилди.

Аммо берилган бу тушунтиришлар – эътирозларга сабаб бўлаётган ҳукумат қарори билан фарқ қилмоқда.

Хусусан, қарор билан тасдиқланган низомнинг 14-бандида шундай дейилади: “Ҳайдовчи фаолиятини лицензия варақасида кўрсатилган ҳудудда ва унга туташ ҳудудда амалга ошириши мумкин. Бунда лицензия варақасида кўрсатилган ҳудуд автотранспорт воситасига берилган давлат рақами белгиларининг ҳудудий кодларидан келиб чиқиб аниқланади”.

Яъни ҳужжатда лицензияга талабгор шахснинг ҳудудни ихтиёрий танлаш ҳуқуқи назарда тутилмаган.

Шундай экан, вазирнинг ёпиқ йиғилишда берган изоҳини жамоатчиликни тинчлантириш учун ўйлаб топилган деса хато бўлмайди. Масалани узил-кесил ҳал қилиш учун 14-бандни вазир таърифлаганидек ўзгартириш зарур бўлади. Лекин учрашувда бу ҳақда гап бўлмади.

Шуниси аниқки, бу қарор билан ҳайдовчиларнинг эркинлиги барибир чекланган: энди, масалан, Самарқанд вилоятида таксичилик қилиш ниятида лицензия олган ҳайдовчи, фаолиятини Тошкент шаҳрида давом эттиришни истаса, лицензиясини янгилашга мажбур бўлади.

Мавзуга оид