Жаҳон | 21:55 / 13.06.2025
10753
2 дақиқада ўқилади

Трамп: Эронда энди ядровий дастур қолгани аниқ эмас

Фото: Reuters

АҚШ президенти Доналд Трамп Исроилнинг Эронга берган зарбасидан сўнг Яқин Шарқда минтақавий уруш бошланишидан хавотирда эмас. Бу ҳақда у Reuters агентлигига телефон орқали берган интервюсида айтиб ўтди.

Трамп «Эронни хўрлик ва ўлимдан қутқаришга урингани», мамлакат расмийлари эса ҳали ҳам АҚШ билан битим тузиши мумкинлиги ҳақидаги гапларини такрорлади. Унинг сўзларига кўра, Исроил Эронга зарба бериши ҳақида Вашингтонда «ҳамма билган».

АҚШ президентининг айтишича, Вашингтон вакиллари ҳали ҳам 15 июнда Эрон расмийлари билан учрашишни ва келишув бўйича музокараларнинг навбатдаги раундини ўтказишни режалаштирмоқда, бироқ Трамп учрашув бўлиб ўтишига ишончи комил эмас. Аввалроқ Эрон расмийлари АҚШ билан 15 июнга режалаштирилган ядро дастури бўйича музокараларда иштирок этмаслигини маълум қилганди.

Эронга қақшатқич зарба берилди, мамлакатда ҳали ҳам ядровий дастур қолган-қолмагани номаълум, дея қўшимча қилган Трамп Reuters билан суҳбатда.

Шу билан бирга NBC News билан телефон орқали мулоқотда АҚШ президенти Эрон вакиллари Исроилнинг ҳужумларидан кейин ядровий келишув бўйича музокаралар ўтказишни сўраганини айтди. «Улар гаплашиш учун менга қўнғироқ қилди. Биз ўтган сафар ишлаган одамлар [қўнғироқ қилишди]… Уларнинг кўпчилиги энди тирик эмас», — деган Трамп.

Исроил 13 июнга ўтар кечаси Эроннинг ҳарбий ва ядровий инфратузилмаларига зарбалар йўллади. Натижада юқори мартабали ҳарбийлар, шунингдек, тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган. Эрон бунга жавобан Исроил томон дронлар учирган, аммо уларнинг барчаси Исроилгача етиб боргунича уриб туширилган.

Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари 13 июн куни ҳам Эрон бўйлаб ҳужумларни давом эттирди. Сўнгги маълумотларга кўра, Исроил ҳужумларининг навбатдаги тўлқинида Қум вилоятидаги Фордо уранни бойитиш иншоотига (Мазкур объект тоғлар орасида, тахминан 80 метр чуқурликда жойлашган) зарба берилган.

Мавзуга оид