Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қашқадарёдан Қорақалпоғистонгача: “Teach for Uzbekistan” таълимда нималарни ўзгартира олади?
Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида вояга етаётган ёшларнинг ҳаётга тайёрланиш йўли бир хилда кечмаяпти. Атроф-муҳит, шароит ва имкониятларнинг турлича бўлиши ёшларнинг ўз салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришига таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Баъзилар тезроқ ва қулайроқ йўллар билан ривожланиш имконига эга бўлаётган бўлса, айрим ёшлар ўз йўлини топишда қўллаб-қувватлашга муҳтож. “Teach for Uzbekistan” лойиҳаси айнан шу фарқларни камайтиритиш, ҳар бир болага ўз орзулари сари дадил қадам ташлаш учун илҳом, ишонч ва намуна бўла оладиган етакчиларни тайёрлашга ҳаракат қилмоқда.

Ушбу лойиҳа дунёнинг 63 мамлакатида таълим ташаббусларини қўллаб-қувватловчи “Teach for All” глобал тармоғининг Ўзбекистондаги бир бўлаги сифатида ташкил этилган. Дастурнинг асосий мақсади чекка ҳудудлардаги болаларга ҳам пойтахтдагилар билан тенг билим олиш имконини беришдан иборат. Бу орқали таълимдаги ҳудудий тафовутларни камайтириш ва ҳар бир боланинг сифатли билим олиш имкониятларини кенгайтириш мақсад қилинган. Лойиҳа доирасида хориж ва Ўзбекистондаги нуфузли олийгоҳларда таълим олган истеъдодли ёшлар чекка ҳудудлардаги мактабларга дарс ўтиш учун юборилмоқда.
“Teach for Uzbekistan” лойиҳаси биринчи босқичи бошланганига 1 йилдан ошди. Бу муддат ичида педагогик маҳорати шаклланган ёш мутахассисларнинг Қашқадарё вилояти энг чекка туманларига бориб, мактабларда дарс бериши йўлга қўйилди.
“Лойиҳага иштирокчиларни саралаш учун танлов эълон қилинганида 740 нафардан ортиқ номзод ариза топширгани, уларнинг кўпчилиги нуфузли олий таълим муассасалари битирувчилари экани ва энг асосийси чекка ҳудудларда ишлашга тайёрлигини билдиришгани бизни қувонтирди.Талабгорлар орасидан 12 нафар мутахассис танлаб олиниб, Қашқадарё вилоятининг Кўкдала ва Чироқчи туманларига 2 йилга юборилди. Мазкур ҳудудлар танланишига сабаб у ерда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш пастлиги, мактабларда ўқувчиларнинг академик кўрсаткичлари нисбатан сустлиги, шунингдек, STEAM фанлари бўйича ўқитувчилар етишмаслигида. Ҳозирда ўқитувчиларимиз 4 та мактабда 1500 дан ортиқ болага математика, биология, кимё, инглиз тили фанлари бўйича дарс ўтишмоқда”, – дейди лойиҳа раҳбари Умида Йўлдошева.
Унинг айтишича, лойиҳа барча олийгоҳлар битирувчилари учун очиқ бўлиб, педагогик диплом талаб этилмайди. Масалан, тиббиёт ёки юридик йўналиш битирувчиси кимё ёки ҳуқуқ фанидан дарс бериши мумкин. Муҳими номзоднинг фан бўйича билим даражаси ва болалар билан ишлаш салоҳияти. Лойиҳага қабул қилиниш жараёнида мутахассисларнинг педагогик қобилияти, дарс ўтиш услуби, болалар билан мулоқотдаги ёндашуви, стрессга чидамлилиги каби жиҳатлар текширилган. Танлаб олинганлар беш ҳафталик интенсив педагогик тайёрлов курсида иштирок этиб, икки йил давомида дарс ўтиш учун Қашқадарёга юборилган.
“Лойиҳа доирасида қамраб олинган ўқувчиларнинг дарсга бўлган муносабатини баҳолаш учун халқаро “Панорама” тестини ўтказдик. Бу тест орқали болаларнинг ўқитувчиларга бўлган ишончи, дарсларга қизиқиши, фанларни ўзлаштиришдаги мотивацияси ўлчанади. Натижаларга кўра, ўқувчиларнинг 75 фоиздан ортиғи дарсларни қизиқарли деб баҳолаган, айрим мактабларда бу кўрсаткич 80 фоиздан юқори бўлган”, – дейди Умида Йўлдошева.
Лойиҳа доирасида саралаб олинганлар мактабларда фақат назарий билим бериш билангина чекланиб қолмай, ўқувчиларга амалда фойдаси тегадиган кўникмаларни ўргатиш, уларни мустақил фикрлашга ундаш ва замонавий касб-ҳунарларга қизиқтириш устида ҳам ишламоқда. Улар дарсларда интерактив ёндашувдан фойдаланиб, маҳорат дарслари ўтказишяпти, гуруҳ-гуруҳ бўлиб лойиҳа қилишяпти. Шу орқали болаларда ижодий фикрлаш, жамоада ишлаш қобилиятлари ривожлантириляпти.
“Тошкентга ҳали келмаган ўқувчиларни 3 кунлик маданий ҳордиқ сафарига пойтахтга олиб келдик. Ўқувчилар Ёшлар кутубхонаси, Политехника музейи, театрлар, Муз саройи, аквариум ва бошқа маданий масканларга борди. Апрел ойида эса “Менинг диёрим” номли ижодий фототанлов ва фотокўргазма ташкил қилдик. Унда ўқувчилар ўз ҳудудларининг манзараларини суратга олиб, креатив изоҳлар билан тақдим этишди. Танлаб олинган 80 га яқин энг яхши суратлар Тошкентдаги Фотосуратлар уйида намойиш қилинди. Шунингдек, “Асл Устоз” лойиҳаси доирасида информатика ва инглиз тили ўқитувчилари учун малака ошириш семинарларини ўтказдик ва махсус электрон платформа яратдик. ёзги таътил бошланиши билан, 27 майдан 18 июнгача Чироқчи туманидаги ҳамкор мактаб ҳудудида ёзги оромгоҳ ташкил этилиши режалаштирилган. Унда арт-клублар, инглиз тили, кимё, биология ва математика фанлари бўйича тўгараклар йўлга қўйилади”, – дейди коммуникациялар бўйича мутахассис Ёдгор Иномжонов.
“Teach for Uzbekistan” лойиҳаси доирасида дунёнинг 65 дан ортиқ давлатида таълимда самара берган тажрибаларни маҳаллий тизимига интеграция қилиш режалаштирилган. Бу орқали ўзлаштиришда тенгдошларидан ортда қолаётган болаларнинг билим бўшлиқларини тўлдириш ва ўқишга бўлган қизиқишини ошириш кўзда тутилган.
“Собиқ Совет иттифоқи давридан бери бизда кўпроқ “ўқитувчи марказида” таълим модели қўлланиб келинган, бунда ўқитувчи ахборотни беради, ўқувчи эса уни пассив қабул қилади. Бироқ ҳозирги кунда биз жорий қилаётган дастур доирасида бу ёндашув ўзгармоқда. Хорижий таълим стандартлари асосида ишлаб чиқилган “ўқувчи марказида” бўлган янги модел устида ишлаяпмиз. Ушбу моделда ўқувчи энди билимни шунчаки қабул қилувчи эмас, балки уни фаол яратувчи, мустақил фикр билдирувчи, муаммоларга ечим таклиф қила оладиган шахс сифатида шаклланади. Дастуримиз иштирокчилари айнан мана шу ёндашувни амалиётга татбиқ этишмоқда.
“Teach for Uzbekistan” дастурининг энг муҳим жиҳатларидан бири — у фақат ўқувчиларнинг эмас, балки ўқитувчиларнинг ўзини ва уларни тайёрлаш тизимини ҳам тубдан янгилашга қаратилган. Шунингдек, лойиҳа доирасида мактаб директорларини замонавий менежмент тамойиллари асосида тайёрлаш бўйича ҳам алоҳида дастур мавжуд. Улар учун хорижий “school management” тажрибасига таянган махсус тренинглар ташкил этилмоқда. Бундан ташқари, биз Британия таълим стандартлари асосидаги бошқа лойиҳаларни ҳам интеграция қилмоқдамиз”, – дейди академик масалалар бўйича эксперт Улуғбек Азизов.
Лойиҳа нодавлат-нотижорат дастур ҳисобланиб, у давлат томонидан молиялаштирилмайди. Харажатлар маҳаллий ҳомийлар ва халқаро грантлар ҳисобидан қопланади. Дастур иштирокчиларига стипендия берилади.
Ҳозирда “Teach for Uzbekistan” лойиҳасининг иккинчи мавсуми учун ариза топшириш жараёни бўлиб ўтмоқда. Дастурнинг келгуси фаолият ҳудуди сифатида Сурхондарё вилояти танланган. Лойиҳа раҳбарининг айтишича, Термиз, Музработ ва Қизириқ туманларига саралаб олинган мутахассислар дарс ўтишга юборилади. Келгусида лойиҳанинг географияси кенгайтирилиб, 2026 йилда Қорақалпоғистон Республикасида ҳам иш бошлаш режалаштирилган.
Маълумот ўрнида, “Teach for Uzbekistan” дастурига иштирокчи сифатида қўшилишни истаган номзодлар қуйидаги беш босқичли танловдан ўтишлари лозим:
Биринчи босқич: онлайн ариза тўлдириш. Бу босқичда номзод веб-сайтдаги саволларга иншо тарзида ёзма жавоб беради. Жавоблар асосида унинг ёзма нутқ маданияти ва фикрлаш даражаси баҳоланади.
Иккинчи босқич: мутахассислар билан онлайн суҳбат. Рекрутмент ва танлов бўйича масъул мутахассислар номзод билан суҳбат ўтказиб, унинг билим савияси, икки йил давомида лойиҳада фаол иштирок эта олиш салоҳияти, янги ҳудудда ишлашга тайёрлик даражасини баҳолайди.
Учинчи босқич: баҳолаш маркази. Бу босқичда номзодлар турли жамоавий машқлар, ўйинлар ҳамда дарс тақдимотлари орқали синовдан ўтказилади. Уларнинг стрессга бардошлилиги, лидерлик салоҳияти ва жамоа билан ишлаш кўникмалари аниқланади.
Тўртинчи босқич: методистлар билан суҳбат. Номзодлар танлаган фан йўналиши бўйича методист мутахассислар томонидан суҳбатдан ўтказилади. Бу босқичда фанга оид чуқур билим ва методик кўникмалар баҳоланади.
Бешинчи босқич: ёзги институт. Мазкур босқичга етиб келган номзодлар беш ҳафталик махсус тайёргарлик дастурига қабул қилади. Жараёнда иштирокчилар ўз фани бўйича билимларини мустаҳкамлайди, лидерлик кўникмалари, омма олдида нутқ сўзлаш, саҳнада ўзини тутиш (актёрлик) каби қобилиятларини ривожлантириш устида ҳам ишлаш имкониятига эга бўлади.
Диёрахон Набижонова тайёрлади.
Тавсия этамиз
Навбатдаги чўпчак: Ўзбекистонда криптовалюта “қазиб олувчи” ускуна ижарасидан даромад олиш таклиф этилмоқда
Жамият | 20:37
„Участкавой“ президент билан учрашувда капитанга айланди
Ўзбекистон | 15:27 / 11.07.2025
Трамп: НАТО Украина учун АҚШдан қурол сотиб олади
Жаҳон | 11:21 / 11.07.2025
Элдор Шомуродов Туркия клубига ўтди
Спорт | 11:12 / 11.07.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Президент администрацияси раҳбарига 5 нафар ўринбосар лавозими жорий этилди, Термизда Россия ҳарбийлари билан ўқув машғулоти бошланмоқда — маҳаллий дайжест
Жаҳон | 23:28
-
«Ташаббусли бюджет»да 823 та маҳаллага танаффус берилди
Ўзбекистон | 22:42
-
Андижонда ҳоким ўринбосари, статистика бўлими бошлиғи ва собиқ мансабдорлар пора билан ушланди
Жамият | 22:19
-
Йил бошидан бери урушда 100 минг россиялик аскар ҳалок бўлди — НАТО бош котиби
Жаҳон | 21:58
Мавзуга оид

15:00 / 12.07.2025
Ўзбекистон ва Малайзия халқаро тан олинган ўқув дастурларини жорий этади

15:26 / 09.07.2025
Россия Ўзбекистонда рус тилини тарғиб қилиш бўйича тадқиқот олиб боради

13:30 / 05.07.2025
Хусусий ОТМ учун лицензия талаблари ўзгарди, бу яхшими ёки ёмон? – мутахассислар билан суҳбат

10:55 / 02.07.2025