Ўзбекистон | 13:57 / 13.06.2025
4882
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада 45 ёшли эркак ёш болани машина юкхонасига солиб қўйди

Ижтимоий тармоқларда гўдак болани автомашинани юкхонасига солиниши акс этган видеохабар тарқалди. Мазкур ҳолат болалар омбудсмани томонидан ўрганилмоқда.

Фото: Видеодан кадр

Болалар омбудсмани ИИВга сўрови асосида Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан болага нисбатан ноқонуний ҳаракатлар содир этган шахс тез фурсатда аниқланди.

Маълум бўлишича, Фарғона шаҳар, "Ёрмазор" МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро А.О. (1980 йилда туғилган эркак) бир йил аввал, 2024 йил ёз ойларида опасининг фарзанди И.М. (2023 йилда туғилган ўғил бола)ни гўёки ҳазил қилиб машина юкхонасига ўтказиб, устидан юкхонани ёпгани акс этган видео олган ва ижтимоий тармоққа жойлаган.

Ушбу ҳолат юзасидан ҳозирда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. А.О.га тегишли бўлган автомашина ҳозирда Фарғона шаҳар ИИБга жойлаштирилди.

Болага нисбатан мазкур зўравонлик ҳолатини ўрганиш юзасидан қўшимча маълумот берилиши айтилган.

Болалар омбудсмани қатъий таъкидлашича, бу каби ўйловсиз, масъулиятсиз ҳаракатлар оқибатида боланинг жисмоний ва руҳий соғлиғига жиддий зарар етади. Бола кимнингдир бемаъни ҳазиллари ёки ижтимоий тармоқда рейтинг тўплаш воситаси эмас. Ҳар бир вояга етмаган боланинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонун ҳимоясида, унинг ҳуқуқларини бузиш қонунан жавобгарликка асос бўлади.

Мавзуга оид