Жаҳон | 13:54 / 13.06.2025
4394
9 дақиқада ўқилади

Эрон ядровий объектларига ҳужум бошлаган Исроил, Ҳиндистонда даҳшатли авиаҳалокат ва Хитой билан келишган Трамп – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Исроил Эрон ядровий объектларига ҳужум бошлади

Жума куни эрталаб Исроил армияси «Rising Lion» операцияси доирасида Эрон ҳарбий ва ядровий объектларига кенг кўламли ҳужум бошлаганини эълон қилди.

Эроннинг Натанз, Хондоб шаҳарлари ва Теҳрон атрофида кучли портлашлар кузатилди. Эрон ҳаво ҳудуди ёпилди, Теҳрон аэропорти фаолияти тўхтатилди.

Исроил расмийлари бу ҳужумни Эроннинг ядровий бомба яратишига йўл қўймаслик учун «олдиндан огоҳлантирувчи зарба» деб атади. Исроил армияси ҳужумлар узоқ масофали ракета дастури ва ядро инфратузилмасига қаратилганини айтди.

Исроил зарбалари ядро объектлари, ҳаво мудофаа тизимлари, юқори лавозимли расмийлар уйлари ва штаблари, қурол омборлари ва лабораторияларни нишонга олди. Биринчи тўлқин айнан юқори лавозимли шахсларни нишонга олган. Дастлабки баҳоларига кўра, Эрон қуролли кучлари бош штаби бошлиғи генерал майор Муҳаммад Боқирий, муҳофизлар корпуси бош қўмондони генерал Ҳуссейн Саламий ва унинг бир қанча қўмондонлари, шунингдек, ядро дастурида ишлаётган етакчи олимлар Ферейдун Аббосий ва Маҳдий Теҳранчий ўлдирилган бўлиши мумкин.

Нетаняҳу эрталабки видеомурожаатида бу ҳужумни Исроил хавфсизлиги учун зарур деб атаб, «неча кун керак бўлса, шунча давом этишини», билдирди. Унинг айтишича, Исроил «Нацанздаги ядро бойитиш маркази, баллистик ракета инфратузилмаси ва ядро олимлари»ни нишонга олган.

Ушбу зарбалардан сўнг, исроилликлар бутун мамлакат бўйлаб жамоат бошпаналари ва мустаҳкам жойларга ўтмоқда. Мудофаа вазирлиги миллий фавқулодда ҳолат эълон қилди ва Эроннинг ракета ва дрон ҳужумларига тайёр бўлишга чақирди.

Оқ уй президент Трампнинг жума кунига мўлжалланган жадвалида АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши йиғилиши белгиланганини маълум қилди. Ҳозирча, ҳужумдан сўнг Трамп баёнот бермади. Оқ уй Исроилга Эрон жавоб зарбасига қарши ҳарбий ёрдам берадими ёки йўқ, деган саволлар ҳам очиқ қолган. АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ушбу ҳолат юзасидан баёнот бериб, ҳужумларда АҚШ иштирок этмаганини билдирди. Шунингдек, Рубиони Эронни АҚШ манфаатлари ёки ходимларига ҳужум қилмаслик ҳақида огоҳлантирди.

Ҳиндистонда даҳшатли авиаҳалокат

Ҳиндистон ғарбидаги Гужарот штатида Аҳмадобод шаҳри аэропортидан Лондонга учган йўловчи самолёт ҳалокатга учради. Ҳодиса аэропортдан узоқ бўлмаган жойда рўй берган. Flightradar сервиси маълумотларига кўра, Air India авиакомпаниясининг Boeing 787-8 Dreamliner самолётидан сўнгги сигнал маҳаллий вақт билан соат 10:08 да – парвоздан икки дақиқа ўтиб қабул қилинган.

Ҳиндистон ОАВларига кўра, самолёт экипажи қарийб 200 метр баландликда бошқарувни йўқотиб, шаҳардаги тиббиёт коллежи ётоқхонасига қулаб тушган. Натижада самолёт ичидаги 125 минг литр реактив ёнилғи портлаб кетиб, кучли ёнғин юзага келди.

Ҳалокат ҳақидаги хабардан кўп ўтмай ижтимоий тармоқларда авиалайнер парвозга чиққан ва қулашдан олдинги лаҳзалар акс этган видео пайдо бўлди. Ҳиндистон фуқаро авиацияси бош бошқармаси самолёт бортида 242 киши бўлгани – шундан 230 нафари йўловчилар, икки нафари учувчи ва яна 10 нафари борт кузатувчилар эканини маълум қилган.

Афсуски, воқеа оқибатида 241 киши самолёт ичида ҳалок бўлган, у қулаб тушган жойда эса 70 дан ортиқ инсонлар ҳалок бўлгани айтилмоқда. Умумий ҳалок бўлганлар сони 300 дан ортиб кетган. Лекин мўъжиза юз берди: қулаган самолёт ичидаги 11А ўриндиғида жойлашган Британия фуқароси Вишваш Кумар фавқулодда эшикдан сакраб чиқиб, енгил тан жароҳатлари билан омон қолган.

Айни вақтда самолётнинг қора қутиларидан бири топилган. Ҳиндистон Авиация ҳалокатларини текшириш бюроси Буюк Британия ва АҚШ муассасалари билан ҳамкорликда текширув олиб бормоқда.

Бу ҳалокат сўнгги 30 йилдаги Ҳиндистондаги энг даҳшатли авиаҳалокат сифатида қайд этилди. Шунингдек, бу ҳолат — Boeing 787 Dreamliner самолётининг тарихдаги биринчи ҳалокати ҳисобланади.

Россия ички ишлар вазири «фойдасиз» мигрантларни чиқариб юборишга чақирди

Бирор жойда расман ишламайдиган ёки ўқимайдиган, шунингдек, бармоқ изини топширмаган ҳамда рус тилини ўрганмаган мигрантлар Россияни тарк этиши керак. Бу ҳақда Россия ИИВ раҳбари Владимир Колоколцев айтиб ўтди. Унинг мурожаати видеоси вазирлик расмий вакили Ирина Волкнинг телеграм-каналида эълон қилинган.

«Кўчаларда ва турар жой секторида ноқонуний келаётган мигрантлар бўлмаслиги керак. Ишини йўқотганлар, ОТМдан ҳайдалганлар, дактилоскопиядан ўтмаганлар, тил ўрганмаётганлар, Россия жамиятига фойда келтирмаётганлар мамлакатимизни тарк этиши керак», – деди Колоколцев.

Ички ишлар вазирлиги раҳбари «мигрантлар ўртасидаги жиноятчиликка қарши тизимли курашиш», «олдини олиш» учун ишлашга чақирган. Колоколцев кўрилган чораларни «айбдорлар учун жазо муқаррарлигини таъкидлаган ҳолда» ёритиш кераклигини таъкидлаган.

Трамп: АҚШ Хитой билан нодир металлар бўйича шартнома тузди

АҚШ президенти Доналд Трамп Хитой билан савдо музокараларидаги ўзгариш ҳақида эълон қилди, хусусан, Пекин дунёдаги энг йирик иқтисодиётни «магнит ва унга керак бўлган ҳар қандай нодир ер элементлари» билан таъминлайдиган янги шартнома тузилганини таъкидлади.

Нодир тупроқ элементлари турли юқори технологияли саноатнинг калитидир ва Хитой уларнинг дунёдаги асосий етказиб берувчисидир. Бу келишув икки иқтисодий куч ўртасидаги савдо муносабатларидаги кескинликни камайтиришга қаратилган қадам бўлиши мумкин, деб ёзади AFP. Битим Лондондаги икки кунлик музокаралар натижаси бўлиб, унда нодир тупроқ элементлари экспорти асосий мавзу эди. Трампнинг айтишича, ҳали ўзи ва Хитой раҳбари Си Жинпинг томонидан якуний тарзда тасдиқланиши керак бўлган келишув хитойлик талабаларга АҚШ коллежларида ўқишни давом эттиришга рухсат берувчи бандни ўз ичига олади.

Вучич Россиянинг Украинадаги урушини қораловчи баёнотга имзо чекмади

AFP хабарига кўра, Сербия президенти Александр Вучич Россиянинг Украинага бўлган тажовузини қоралаган Украина - Жануби-Шарқий Европа саммити якунлари бўйича декларацияни имзоламади.

Ҳужжатни Руминия президенти Никушор Дан, Молдова президенти Майя Санду, Болгария, Хорватия ва Греция бош вазирлари, бошқа Болқон давлатлари вакиллари имзолади. «Биз Россиянинг Украинага қарши шафқатсиз босқинчилик урушини кескин қоралаймиз», — дейилади саммит иштирокчилари баёнотида. Давлат раҳбарлари «Украинани зарур бўлган вақтгача тўлиқ ва доимий қўллаб-қувватлаш»га содиқлигини тасдиқлади ва барча мамлакатларни Россиянинг «ҳарбий ҳаракатларига» ёрдам бермасликка чақирди. Декларацияда, шунингдек, қўшимча санкциялар ва Россия қўшинларини олиб чиқиб кетиш, Украинанинг Европа Иттифоқи ва НАТОга аъзолигини қўллаб-қувватлаш, махсус трибунал ташкил этиш талаб этилади.

Ҳужжатда таъкидланишича, «Россия қўшинлари ва ҳарбий техникасини бутун Украинадан тўлиқ олиб чиқиб кетиш тинчлик учун марказий ва муҳокама этилмайдиган шартдир».

Қозоғистонликлар Starlink интернетига уланиши мумкин бўлади

Қозоғистон Рақамли ривожланиш вазирлиги билан SpaceX'нинг Starlink компанияси ўртасида республикада сунъий йўлдош интернетини таъминлаш бўйича шартнома имзоланди. Келишувга кўра, 2025 йил учинчи чорагида сунъий йўлдош терминалларини расмий равишда сотиш бошланади, шундан сўнг фуқаролар уларни қонуний равишда сотиб олиши, фойдаланиши ва рўйхатдан ўтказиши мумкин бўлади.

Starlink сунъий йўлдош интернетига уланиш фойдаланувчи ускуналари орқали амалга оширилади. Қайд қилинишича, хизмат кўрсатиш шартлари ҳали ҳам келишиб олинмоқда.

Бунгача Starlink Қозоғистонда тажриба режимида ишлаган, интернетни фақат мактабларда тақдим этган, расман аҳоли учун мавжуд эмас эди. Вазирлик Starlink туфайли қишлоқ мактаблари, тиббиёт муассасалари, мобил гуруҳлар ва инфратузилма объектлари, айниқса, оптик толали тармоқларни ўрнатиш иқтисодий ёки техник жиҳатдан қийин бўлган ҳудудларда юқори сифатли алоқага эга бўлишини кутмоқда.

Starlink — бу Илон Маскнинг SpaceX компанияси томонидан ишлаб чиқилган глобал сунъий йўлдош тизими бўлиб, унга махсус жиҳозлар орқали уланиш мумкин. Лойиҳани ишлаб чиқиш 2015 йилда бошланган. Унинг асосий мақсади фойдаланувчиларни Ернинг исталган нуқтасида юқори тезликдаги кенг полосали Интернетга уланишини таъминлашдан иборат.

Компания расмий сайти маълумотларига кўра, ушбу тармоқ 2026 йилда Ўзбекистонда ҳам ишлаши кутилмоқда. 

Мавзуга оид