Жаҳон | 21:34 / 12.06.2025
8013
3 дақиқада ўқилади

Россия май ойида Украинада деярли рекорд даражада кўп ҳудудни эгаллади – WSJ

Бу Киев ва Москва ўртасидаги тинчлик музокаралари боши берк кўчага кириб қолганидан далолат бериши таъкидланмоқда.

Фото: AP

2025 йил май ойида Украинадаги уруш ҳудудида Россия кўплаб аҳоли пунктларини назоратга олди. Бу аввалги даврдаги ойларга нисбатан деярли рекорд даражада кўп, деб ёзди The Wall Street Journal (WSJ).

Россия Мудофаа вазирлиги ўтган ой Россия назоратига ўнлаб аҳоли пунктлари ўтказилгани ҳақида хабар берган эди:

- Донецк вилоятида: Новопол, Волное поле, Гнатовка, Шевченко Первое, Новооленовка, Котляровка, Михайловка, Миролюбовка, Ступочки ва бошқалар;

- Суми вилоятида: Водолаги, Локня, Владимировка, Беловоди, Константиновка ва бошқалар;

- Харков вилоятида: Строевка ва Кондрашовка.

Нашрнинг қайд этишича, бу Киев ва Москва ўртасидаги тинчлик музокаралари боши берк кўчага кириб қолганидан далолат беради – шу сабабли можаро ҳарбий ҳаракатлар натижасида ҳал бўлиши мумкин.

WSJ Донецкдаги Покровск (Красноармейск) ва Константиновка ҳудудларини, шунингдек, Суми вилоятини вазият энг кескинлашган асосий ҳудудлар қаторига киритди. Украиналик аскарлардан бири нашрга Покровскдаги ҳужумлар куннинг исталган вақтида давом этаётганини, бошқаси эса Константиновка «тезда фронт чизиғига айланаётганини» айтди.

«Бу йил ёзда биз вазият барча йўналишларда ёмонлашишини кутамиз. Шахсий таркиб чарчаган. Ротация етарли эмас. Ҳамма ўз имкониятлари чегарасида жанг қилмоқда», деди Константиновка ҳудудида бўлган Украина Қуролли кучлари катта лейтенанти.

Украина ва Россия 16 май ва 2 июн кунлари Истанбулда музокара ўтказди. Ушбу учрашувларнинг амалий натижалари асирлар ва ўлган аскарларнинг жасадини алмашиш бўлди. Иккинчи учрашувда томонлар ўт очишни тўхтатиш шартлари санаб ўтилган меморандумларни алмашишди.

Агар Киев ўз меморандумида жорий фронт чизиғини «музокараларнинг бошланғич нуқтаси» деб ҳисоблашни таклиф қилган бўлса, Москва Украина Қуролли Кучларини маъмурий чегаралар доирасида Россия таркибига кирган ва Россия кучлари тўлиқ назорат қилмайдиган Донецк, Луҳанск, Запорожие ва Херсон вилоятларидан олиб чиқиб кетишни талаб қилди.

Мавзуга оид