Жаҳон | 17:45 / 11.06.2025
12307
6 дақиқада ўқилади

Қизалоққа қарши армия: Грета Тунберг Ғазога етиб боролмади

Швециялик экофаол Грета Тунберг, Европарламент депутати Рима Ҳассан ва бошқалардан иборат кўнгиллилар жамоаси қамал остидаги фаластинликларга инсонпарварлик ёрдами етказиш учун Сицилиядан Ғазога қараб кемада йўлга чиқди, лекин кутилганидек, уларни Исроил армияси қўлга олди. Ташаббускор «Озодлик флотилияси» коалицияси яхта халқаро сувларда ҳужумга учрагани ҳақида баёнот берди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Швециялик экофаол Грета Тунбергни эсласангиз керак. 2018 йил Швеция ҳукумат биноси олдида эконамойишга чиқиб машҳурликка эришганида у ҳали мактаб ўқувчиси эди. Ҳозир уни Твиттерда 5 миллиондан ортиқ одам ўқийди, постлари 100 миллионлаб марта кўрилади. 2019 йил Times журнали уни “Йил одами” деб эълон қилганди.

Бир неча кун аввал ана шу қизалоқ Исроил учинчи йилки қамал қилиб бомбалаётган Ғазо бўлғасига денгиз орқали гуманитар ёрдам олиб бориш учун кемада йўлга чиққанди. Лекин Исроил армияси кемани тўхтатиб, Гретани қўлга олди.

Сицилиядан Ғазога

1 июн куни «Озодлик флотилияси» коалицияси «Мадлин» яхтасини Сицилиядаги Катания портида гуманитар ёрдам маҳсулотлари билан тўлдириб йўлга чиқарди. Кемада экофаол Грета Тунберг, Европарламент депутати Рима Ҳассан ва Фаластин озодлигини қўлловчи бир неча фаоллар бор эди. ОАВ кемадагилар ичида бразилиялик фаол Тяго Авила ҳам борлигига эътибор қаратган. У феврал ойида «Ҳизбуллоҳ» лидери Ҳасан Насруллоҳнинг жанозасида қатнашиб, уни мақтагани билан танилган.

Коалиция май ойида ҳам Ғазога денгиз орқали инсонпарварлик ёрдами юборишга интилган, лекин Малта соҳилларига етиб борганида кемада ёнғин чиққанди. Шу ўринда «Озодлик флотилияси» ҳаракати Ғазо бўлғасига гуманитар ёрдам юбориш учун ташкил этилганини таъкидлаш керак. 2010 йилда ташкил этилган коалиция бунгача ҳам Ғазога ёрдам юборишга ҳаракат қилган, лекин ҳар сафар Исроил армияси соҳилда уларни тўхтатиб қолган.

Бу гал ҳам шундай бўлди. Грета Тунберг бошчилик фаоллар яхтаси Ўрта Ер денгизи бўйлаб Ғазо соҳилига яқинлашганда Исроил армияси зобитлари томонидан тўхтатилди. Ҳарбийлар кемага чиқиб, бошқарувни қўлга олишди ва уни Исроил томон олиб кетишди. Исроил ташқи ишлар вазирлиги қўлга олинган кемани «селфи яхта» деб атаб, Тунберг ва дўстлари акс этган видео эълон қилди.

«Селфи яхтанинг барча аъзолари саломат. Уларга сэндвич ва сув берилди. Шоу тугади», дейилади Исроил ташқи ишлар вазирлиги саҳифасида. Исроил томонига кўра, денгиз блокадасини ёриб ўтишга интилган кемадаги барча йўловчилар давлат ҳисобидан ўз давлатига депортация қилинади. Улар олиб келган гуманитар ёрдам юклари эса Ғазога етказиб берилади.

Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац Грета Тунберг ва дўстларини ҲАМАСни пропаганда қилувчи антисемитлар деб атади. Вазир аввалроқ кемадагиларга ортга қайтиши кераклиги, улар барибир Ғазога етолмаслигини айтганди.

«Бизни ўғирлашди»

«Мадлин» кемасини сувга туширган «Озодлик флотилияси» коалицияси яхта халқаро сувларда ҳужумга учрагани ҳақида баёнот берди. Унда айтилишича, кемада алоқа узиб қўйилган.

Грета Тунберг афтидан Исроил уларнинг кемасини тўхтатишини жуда яхши билган ва олдиндан видеомурожаат тайёрлаб қўйган.

«Мен – Швеция фуқароси Грета Тунберг. Агар бу видеони кўраётган бўлсангиз, мен халқаро сувда Исроил босқинчи армияси томонидан ўғирлаб кетилган бўламан. Илтимос, Швеция ҳукуматига улар мени озод қилиши учун босим қилишингизни сўрайман», деган видеода Тунберг.

Ғазо блокадаси

Фаластиннинг Ғазо бўлғаси бир томондан Исроилга, бир томондан Мисрга, бир томондан эса Ўрта Eр денгизига туташган. Ҳозир ҳудуд барча томондан блокада қилинган ва фақат Мисрнинг Рафаҳ чегара пункти орқали озиқ-овқат кириб туради. Бу блокада қандай пайдо бўлганини қисқача тушунтиришга ҳаракат қиламан.

2005 йилда Исроил армияси Ғазодан тўлиқ чиқиб кетади. Кўп ўтмай Ғазодаги ҳукумат тўлалигича ҲАМАС қўлига ўтади. Гуруҳ ҳукуматни қўлга олганидан ярим йил ўтиб, Исроил шаҳарларига ракета учиради. Шундан кейин Исроил ва Миср Ғазони қисман блокада қилади. Хусусан, қурилиш моллари олиб кириш чекланади. Чунки Ҳамасчилар бу материаллардан туннел қазиш, контрабанда орқали қурол олиб кириш, ҳатто қурол ясаш учун фойдаланишади. Ғазо соҳилларидаги балиқчилардан ҳам қурол-яроғ контрабандаси учун фойдаланишгач, Ғазода балиқчилик билан шуғулланишни ҳам чеклаб қўйишади. Кейинчалик Исроил Ғазони денгиз томонидан тўлиқ ўраб олиб, блокада қилади. Халқаро ташкилотлар, БМТнинг блокадани қоралагани ҳеч қандай самара бермайди.

Грета Тунберг ва дўстлари мана шу денгиз блокадасини ёриб ўтишга ҳаракат қилганди. Улар бу уриниш бесамар кетишини жуда яхши билган. Афтидан, Тунберг жамоаси шу орқали Ғазо блокадасини бекор қилишга халқаро ҳамжамият эътиборини қаратишга уринган кўринади.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади.
Тасвирчи – Фахриддин Ҳотамов

Мавзуга оид