Жаҳон | 12:21 / 10.06.2025
6775
2 дақиқада ўқилади

Россиянинг тунги ҳужумлари: Одессадаги туғуруқхонага дрон урилди

Россия Одесса ва Киевга дронлар ва ракеталар билан ҳужум қилди. Киевнинг бир қанча туманларида ёнғинлар рўй бермоқда, Одессада туғуруқхона биноси шикастланган.

Фото: Telegram / truonline

10 июн, сешанбага ўтар кечаси Россия қўшинлари Украина шаҳарларига ҳужумкор дронлардан фойдаланган ҳолда навбатдаги йирик ҳужумни амалга оширди. Мамлакатнинг аксарият ҳудудларида ҳаво ҳужуми сиреналари эшитилди, Одесса ва Киев расмийлари эса бир неча «учиб келишлар» ҳақида хабар берди.

Одессада қулаган дрон маҳаллий туғуруқхоналардан бирининг маъмурий биносига зарар етказди, деб хабар берди шаҳар мэри Геннадий Труханов. Ҳодиса оқибатида жабрланганлар йўқ.

Яна бир дрон тиббий ёрдам пунктига урилиб, ёнғинга сабаб бўлди. Фавқулодда вазиятлар хизматлари маълумотларига кўра, бино, шунингдек, яқин атрофда турган тез ёрдам машиналари жиддий зарар кўрган. Ходимлар жабрланмаган.

Шу билан бирга, яна бир қанча УУА шаҳар ичидаги турар жой биноларига, жумладан, кўп қаватли уйларга ҳам урилган. Бу ёнғин ва вайроналарга олиб келди. Ана шундай «учиб келиш»лардан бири натижасида бир фуқаро ҳалок бўлди, яна уч нафари яраланди.

Мавзуга оид