Жаҳон | 11:30 / 10.06.2025
2600
2 дақиқада ўқилади

Россия Пхенян ва Москва ўртасида тўғридан тўғри қатновни тиклади

"Россия темирйўллари" Россия Федерацияси ва КХДР пойтахтлари ўртасида тўғридан тўғри темирйўл қатнови қайта тиклангани ҳақида эълон қилди. У COVID-19 пандемияси пайтида тўхтатилган.

Фото: ТАСС

"Россия темирйўллари" (РЖД) 2025 йил 17 июндан Пхенян ва Москва ўртасида, 19 июндан эса Пхенян ва Хабаровск ўртасида тўғридан тўғри қатновни тиклайди. Бу ҳақда 9 июн, душанба куни «Телеграмма РЖД» Telegram-канали хабар берди.

Москва билан қатнов ойига икки марта, Хабаровск билан эса тўғридан тўғри тўхтовсиз алоқа ойига бир марта амалга оширилиши режалаштирилган, дейилади постда.

Каналнинг таъкидлашича, Пхенян – Москва дунёдаги энг узун тўхтовсиз темирйўл йўналиши ҳисобланади: «Давлатларнинг пойтахтлари орасидаги масофа 10 минг кмдан ортиқ, сафар вақти эса 8 кунни ташкил этади».

2020 йил феврал ойида COVID-19 пандемияси сабабли Россия ва Шимолий Корея ўртасидаги йўловчи темирйўл қатнови тўхтатилган эди. The Insider интернет-нашрининг ёзишича, икки давлат ўртасидаги «Дўстлик кўприги»дан сўнгги пайтларда Россия армияси эҳтиёжлари учун КХДРдан қурол-яроғ ва бошқа товарларни етказиб беришда фаол фойдаланилмоқда.

Мавзуга оид