Иқтисодиёт | 17:50 / 10.06.2025
4898
7 дақиқада ўқилади

Президент: “Бутун командамга топшириқ берганман, келган инвесторнинг манфаатини кафолатлаймиз”

“Қонунларимиз бор, қарорларимиз бор, охирги йилларда қилган ҳамма ишларимиз шундан яққол далолат беради: биз икки томонлама манфаатни кафолатлаймиз ва албатта таъминлаймиз”, деди президент Шавкат Мирзиёев Тошкент халқаро инвестиция форуми иштирокчиларига қарата.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 10 июн куни Тошкент халқаро инвестиция форумида сўзга чиқиб, хорижий инвесторларга мурожаат қилди.

“Глобал ишлаб чиқариш занжирларида ҳар бир давлат учун тенг шароитни таъминлайдиган ишончли қоидалар бўлиши шарт ва зарур. Ҳеч шубҳасиз, бу борада Жаҳон савдо ташкилотининг алоҳида ўрни бор. Шу боис келгуси йилда ушбу ташкилотнинг аъзосига айланиш бўйича олдимизга мақсад қўйганмиз ва бу борада ҳамкорларимиз билан фаол ишлаяпмиз. Бунинг учун ўнлаб қонун, юзлаб стандартларни халқаро талабларга мослаштирдик ва бу ишларни шу йил тўлиқ якунига етказамиз.

Иккинчидан, мамлакатимизда хорижий сармоядорларга янада қулай муҳит яратиш учун маҳаллий компаниялар билан бир хил шароитларни кафолатловчи миллий режим жорий қилинади. Давлат органлари билан муносабатга киришишда “ягона дарча” тамойили татбиқ этилиши белгиланди. Инвестиция фаоллигини ортиқча текширувлардан кафолатли ҳимоялаш тизими яратилади. Булар орқали 2030 йилга бориб Ўзбекистоннинг кредит рейтингини “инвестицион” даражага олиб чиқишни мақсад қилиб қўйганмиз.

Учинчидан, биз давлат компанияларини хусусийлаштиришда уларнинг юртимиз фаровонлигига хизмат қилувчи йирик активларга айлантириш йўлини танлаганмиз. Шу боис 18 та йирик компания ва банклардаги қарийб 2 млрд долларлик давлат улушини ўзини бирлаштирган Миллий инвестиция жамғармаси ташкил этилди. Жамғарма бошқарувига нуфузли Franklin Templeton компанияси жалб қилинди. Келгуси йилнинг ўзида жамғарма акциялари пакети халқаро IPO'га чиқарилади. Шунингдек, профессионал консултантлар жалб қилиниб, икки йилда 29 та давлат компанияси хусусийлаштирилади.

Тўртинчидан, биз транспорт ва логистика соҳасини иқтисодиётимизнинг қон томири сифатида кўрамиз. Шу боис бу соҳага ҳам хусусий капитал фаол жалб қилинмоқда. Биргина мисол, Самарқанд, Наманган, Бухоро ва Урганч халқаро аэропортлари давлат-хусусий шериклик асосида салоҳиятли инвесторлар бошқарувига берилди. Урганч аэропорти бошқарувига дунёнинг етакчи Incheon компанияси жалб қилинди. Келгуси йилда Нукус, Термиз, Фарғона, Навоий аэропортлари бўйича ҳам тендерлар ўтказамиз.

Яна бир муҳим йўналиш – пойтахтимизда яшаб ва ишлаётган аҳоли 5 миллиондан ошди. Шу боис 2 миллион аҳолига мўлжалланган Янги Тошкент шаҳрини барпо этиб, пойтахтни мегаполисга айлантирамиз. Бу ерда йилига 20 миллион йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга аэропорт, темирйўл ва автомобил транспортини қамраб олган мултимодал ҳаб қурилади. Йирик давлат комплекслари ва молия марказлари қад кўтаради. Ушбу мегалойиҳани биргаликда амалга ошириш учун инвесторлар, халқаро молия институтлари ва хорижий банкларни таклиф қиламиз.

Бешинчидан, сўнгги йилларда қўшниларимиз билан йўлга қўйилган очиқ ва дўстона сиёсат натижасида Марказий Осиёда мутлақо янги ҳамкорлик муҳити шаклланди. Бугун ушбу давлатларнинг ҳукумат раҳбарлари форумда иштирок этаётгани ҳам сўзимни яққол исботлайди. Эътибор беринг, 8 йилда қўшниларимиз билан товар айланмаси ҳажми 3,5 баробардан зиёд ошиб, қарийб 12 млрд долларга етди.

Катта инвестиция лойиҳаларини амалга оширмоқдамиз. Жумладан, Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темирйўлини қуришни бошладик. Йирик энергетика ва инфратузилма лойиҳаларини тайёрлаш бўйича салмоқли ишлар қилинмоқда. Умуман, биз Марказий Осиёда инвестиция ва савдо учун яхлит ҳудуд концепциясини илгари суришни таклиф қиламиз.

Шу ўринда халқаро ташкилотларга мурожаат қилмоқчиман. Минтақавий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун янги молиявий механизмларни йўлга қўйиш вақти келди, деб ўйлайман. Биргаликда ҳаракат қилсак, Марказий Осиёни тинчлик ва тараққиёт маконига айлантирамиз.

Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!

Бугунги форум янги, кенгайтирилган форматда ўтказилмоқда. Унинг доирасида илк бор ихтисослашган кўргазма ташкил этилиб, унда Ўзбекистон компаниялари ўз лойиҳа ва қўшма ташаббуслари билан иштирок этмоқда. Бир масалага алоҳида урғу бермоқчиман. Биз учун инвестиция – фақатгина молиявий манба эмас. Биз учун бу – технологиялар, билим, малакали кадрлар, халқаро ишлаб чиқариш занжирига қўшилиш, яъни ҳақиқий тараққиёт демакдир.

Ўзбекистон мана шундай эзгу ғоялар билан келадиган хорижий инвесторларга барча-барча шароитларни яратиб беради. Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди ва буни кафолатлайди. Юртимизда сизлар учун барча эшиклар доимо очиқ. Энг муҳими, фаолиятингизни ҳимоя қиладиган қонунлар бор Ўзбекистонда. Мулоқотга очиқ давлат бор. Ва ҳамкорликка тайёр меҳнаткаш халқимиз бор!

Биз Тошкент инвестиция форумини тўртинчи марта ўтказяпмиз, тажриба орттирдик. Бугунги анжуманда иштирок этаётган, мамлакатимизга меҳмон бўлиб келган ҳар бир инвесторга Ўзбекистонда ўзининг соҳаси бўйича муносиб лойиҳа топиб бериш – бизнинг энг катта вазифамиз.

Ҳар бир инвестор, хорижий ҳукумат ва халқаро ташкилотлар вакилларига келганларинг учун яна бир бор чин дилдан миннатдорчилик билдирмоқчиман. Бутун командамга топшириқ берганман, манфаат икки томонда ҳам бўлиши керак. Келган инвесторнинг манфаатини биз албатта кафолатлаймиз. Қонунларимиз бор, қарорларимиз бор, охирги йилларда қилган ҳамма ишларимиз шундан яққол далолат беради.

Шунинг учун, ҳурматли инвесторлар, ҳурматли азиз меҳмонларимиз, икки томонлама манфаатни кафолатлаймиз ва албатта таъминлаймиз. Барчангизга омад ва ютуқларни тилайман. Яна бир марта Ўзбекистонга хуш келибсизлар!” – дея нутқини якунлади Шавкат Мирзиёев.

Форумнинг ялпи сессиясида Болгария президенти Румен Радев, Словакия бош вазири Роберт Фицо, Озарбайжон бош вазири Али Асадов, Қозоғистон бош вазири Олжас Бектенов, Қирғизистон ҳукумати раиси Адилбек Касималиев, Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзода, Россия ҳукумати раиси ўринбосари Александр Новак, Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Нокергули Атагулиев ҳамда Янги тараққиёт банки президенти Дилма Русеф ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одил Рено-Бассо ҳам қатнашиб, сўзга чиқди.

Мавзуга оид