Ўзбекистон | 17:15 / 10.06.2025
9174
3 дақиқада ўқилади

“Экишни хоҳламаганларнинг ери хитойликларга берилади” – Ургутда фермерлар шундай огоҳлантирилди

Самарқанд вилоятининг Ургут туманида амалдор пилла, ғалла ва пахта режасини бажармаган, солиқларни тўламаган фермер хўжаликларининг ерлари хитойлик инвесторларга берилишини айтди. У видеомурожаатида Хитойдан келган инвесторлар аллақачон ҳудуддаги ерлар билан таништирилаётганини билдирган.

Фото: Видеодан кадр

Ургут туманида амалдор ҳудуддаги фермерларни ерини хитойликларга бериб юбориш билан огоҳлантирди. У бу гапни фермерларга мурожаатида айтиб ўтган.

Kun.uz’га келиб тушган видеодаги амалдор ўзини Ургут тумани “Агропроми” ходими З.Амонов деб таништирган. У маҳаллий фермерларга видеомурожаат қилиб, пилла, пахта режасини бажармаган, солиқ тўламаганларнинг ери хитойлик инвесторларга берилишини айтган.

“Ҳурматли агрофирма раислари, ҳурматли масъуллар! Биз ҳали Хитойга борганимизни айтгандик, мана, хитойликлар келиб, ерларни кўришни бошлади. Экишни хоҳламаган, пиллани, ғаллани бажармаган, солиқ тўламаганларнинг ерини беришни бошлаймиз.

Мана, сувли майдонларни оламан деяпти хитойликлар. 2 минг гектар майдонни кўрсатиб чиқяпмиз. Яна оламиз. Шунинг учун ишлашни хоҳламаган, ер керак бўлмаган, ноқонуний қурилиш қилиб ташлаган, платформани қилмайдиган, пиллани бажармайдиган фермерларнинг рўйхатини зудлик билан, душанба куни 11:00 гача барча агрофирма раислари бериши керак.

Қонун талабини бажармайдиган фермерларнинг рўйхатини беринг. Мана, ҳозир сизга яхши шанс бўлди. Мана шу видеохабарни ҳаммага юборинг”, деган Амонов ўз видеомурожаатида.

Видео ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетгандан кейин Амонов уни ўчиртиришга уринган. У англашилмовчилик бўлганини, инвестиция киритиш, иш ўринларини яратиш мақсадида бу мурожаатни чиқарганини айтган.

“Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддасига кўра фермер хўжалиги ижарага берилган ер участкаларидан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа фаолият турлари билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектидир. Ушбу қонуннинг 22-моддасида фермер хўжаликларининг хўжалик фаолиятига давлат органлари ҳамда бошқа органлар ва ташкилотлар, шунингдек уларнинг мансабдор шахслари аралашувига йўл қўйилмаслиги келтириб ўтилган.

Шунингдек, Ер кодексининг 24-моддасига кўра ер участкаларини ижарага олиш шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш тарафларнинг келишуви билан, бундай келишувга эришилмаган тақдирда эса суднинг ҳал қилув қарори билан амалга оширилади.

Мавзуга оид