Жаҳон | 16:58 / 09.06.2025
2112
2 дақиқада ўқилади

Самарқанддаги Тиллакори мадрасаси реставрация қилинади

Шунингдек, «Имом Мотуридий» ёдгорлик мажмуасида реконструкция-реставрация ишлари бошланади.

Туризм ва маданий мерос вазирлигининг Тошкентда бўлиб ўтган Илмий-эксперт кенгашининг навбатдаги йиғилишида Самарқанддаги Тиллакори мадрасасини реставрация қилиш тўғрисидаги қарор (.pdf) маъқулланди.

19-21 май кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган йиғилишда 120 га яқин лойиҳа кўриб чиқилган. Илмий-эксперт кенгашининг қарорига кўра, Самарқанд шаҳар, Регистон майдонида жойлашган Тиллакори мадрасасини реставрация ва тиклашга ёдгорликнинг безакларига зиён етказмаслик шарти билан рухсат берилган. Шунингдек, Самарқанд вилоятида жойлашган «Сўфи Оллоёр» масжидида таъмирлаш-тиклаш, Шаҳрисабз тарихий марказида жойлашган «Қалъа девори», Сурхондарё вилоятидаги «Туз ғори» маданий мерос объектини мукаммал таъмирлаш, Қашқадарё вилоятидаги «Соқи Мавлон ота» мақбарасини тарихий ва табиий ландшафт кўринишини сақлаган ҳолда комплекс зиёратгоҳга айлантириш, «Имом Мотуридий» ёдгорлик мажмуасида реконструкция-реставрация қилиш, қўшимча бинолар қуриш ҳамда ҳудудни ободонлаштириш ҳақидаги ва бошқа таклифлар маъқулланган.

Йиғилишда Наманган вилоятидаги «Ғурумсарой» («Холматбой») масжиди ҳудудида янги масжид барпо этиш, Андижон вилоятидаги «Ҳотамхон тўра» масжиди архитектура ёдгорлигида мавжуд хонақо қисмида қўшимча бино қуриш каби лойиҳалар ўзининг ҳайбати билан маданий мерос объектларининг ташқи кўринишини беркитиб қўяётгани сабабли рад этилган.

«Умумий ҳисобда Бухоро, Тошкент ва Самарқанд шаҳарлари, Бухоро, Наманган, Сирдарё ва Хоразм вилоятлари бўйича 11 та лойиҳа тарихий ёдгорликларнинг ташқи кўринишига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги, Кенгаш томонидан берилган тавсиялар тўлиқ бажарилмагани боис тасдиқдан ўтмади», дейилади хабарда.

Мавзуга оид