Жаҳон | 17:12 / 09.06.2025
2808
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон чигирткаларга қарши курашда бирлашади

Бу борадаги музокаралар якуни бўйича томонлар ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, халқаро фитосанитария стандартларини жорий этиш ва ахборот алмашинувини ривожлантиришга келишиб олди.

Фото: gov.kz

Европа ва Ўртаер денгизи ўсимликларни ҳимоя қилиш ташкилоти (EPPO) ишчи гуруҳининг 55-йиғилиши доирасида Қозоғистон Давлат назорат қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Сакен Қанибеков Ўзбекистон ва Қирғизистон фитосанитария хизматлари раҳбарлари билан учрашув ўтказди, деб хабар берди Kazinform.

Мулоқотнинг асосий мавзуси чигирткаларга қарши ҳимоя чоралари бўлди. Учрашув давомида иштирокчилар мамлакатларда мавсумий ҳашаротларга қарши курашиш бўйича самарали чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича мавжуд амалиёт билан таништирилди.

Жумладан, Locust.uz тизими намойиш этилди. Бу чигиртка тухум қўйган ҳудудлар, кимёвий тозалаш ишлари олиб борилган ҳудудлар тўғрисидаги маълумотларни қайд этувчи электрон платформа бўлиб, вазиятни тўғри баҳолаш имконини беради. Тизим, шунингдек, транспорт воситаларига ўрнатилган GPS қурилмалари ёрдамида махсус жиҳозлар ҳаракатини кузатиб боради. Таъкидланишича, бу вазиятни ўз вақтида баҳолаш ва катта майдонларда чигиртка тарқалишининг олдини олиш имконини беради.

Музокаралар якуни бўйича томонлар ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, халқаро фитосанитария стандартларини жорий этиш ва ахборот алмашинувини ривожлантиришга келишиб олди.

Томонлар чегара ҳудудларида чигирткаларга қарши курашиш, фитосанитария ҳолати, ўрганиш натижалари, зарарли организмларнинг тарқалиши ва кўрилган чоралар тўғрисида тезкор маълумотлар алмашинувини таъминлаш бўйича ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратади. Шунингдек, фитосанитария сертификатлари тўғрисидаги маълумотларни самарали ва мунтазам алмашиш учун ахборот тизимларини бирлаштириш кўзда тутилган.

Аввалроқ, Ўзбекистоннинг бир неча ҳудудларида чигиртка босқини кузатилаётгани ҳақида хабар берилган эди.

Мавзуга оид