Жаҳон | 22:14 / 09.06.2025
2408
2 дақиқада ўқилади

Москва ва Пхенян ўртасида тўғридан-тўғри темирйўл қатновлари йўлга қўйилади

Шаҳарлар орасидаги масофа — 10 минг километрдан ошиқ, йўлга кетадиган вақт — 8 кун. Чипталарни фақат темирйўл кассаларида харид қилиш мумкин.

Фото: РИА Новости

Россия темирйўллари беш йиллик узилишдан кейин Пхенян ва Москва ўртасида тўғридан-тўғри қатновлар қайта тикланишини эълон қилди. Москва—Пхенян поездлари 17 июндан бошлаб бир ойда икки маротаба ҳаракатланади.

Қайд этилишича, бу дунёдаги энг узун «пересадкасиз» поезд йўналиши бўлади: шаҳарлар ўртасидаги масофа — 10 минг километрдан ошиқ, йўлга кетадиган вақт — 8 кун. Поезд Хасан, Уссурийск, Хабаровск, Чита, Иркутск, Красноярск, Новосибирск, Омск, Екатеринбург, Киров ва Кострома станцияларида тўхташни амалга оширади.

Чипталарни фақат темирйўл кассаларида харид қилиш мумкин. Поезд Москвадан ҳар ойнинг 12 ва 26, Пхеняндан эса ойнинг 3 ва 17-саналарида йўлга чиқади. Йўловчилар Шимолий Корея темирйўлларига тегишли купе вагонларда ташилади. Россия КХДР билан темирйўл қатновларини 2020 йилнинг февралида коронавирус пандемияси сабаб тўхтатган эди. Унга қадар Москвага чипта нархи (бир томонга) 26 минг рубл атрофида бўлган. Шунингдек, Россия темирйўллари 19 июндан Пхенян—Хабаровск йўналишида ҳам қатновларни йўлга қўяди. Ушбу икки шаҳар ўртасидаги поездлар ойда бир маротаба ҳаракатланади. Йўлга кетадиган вақт 2 суткадан ошиқ.

Россия ва Шимолий Корея ўртасидаги темирйўл қатновлари 2024 йил декабрда тикланган эди. Биринчи поезд Хасандан Туманганга йўл олган. Январ ойида ҳукуматлар Владивосток—Хасан—Туманган—Ражин йўналиши бўйича йўловчи рейси синовдан муваффақиятли ўтганини маълум қилганди. Бундан ташқари, россияликлар КХДРнинг шимолий соҳилларидаги янги «Вонсан-Калма» курорт мажмуасига ташриф буюра олишлари учун Владивосток—Вонсан йўналишини ҳам очиш режалаштирилган. 150 та бинони ўз ичига олган дунёдаги энг катта пляж зона жорий ёзда очилиши керак.

Мавзуга оид