Ўзбекистон | 13:14 / 09.06.2025
1826
8 дақиқада ўқилади

Глобал экологик фонднинг VIII Ассамблеяси Ўзбекистонда ўтказилади

Фото: Экология ва иқлим вазирлиги

Америка Қўшма Штатларининг Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтган Глобал экологик фонд (ГЭФ) кенгашининг 69-йиғилишида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самарали натижалари дунёнинг етакчи донор давлатлари эътиборига тақдим этилди.

Кенгашда нутқ сўзлаган Ўзбекистон экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов давлат раҳбари томонидан бир қатор муҳим экологик ташаббуслар, хусусан, Орол денгизининг қуриб қолган тубида кенг кўламли ўрмонзорлаштириш кампанияси олиб борилаётгани, бугунги кунгача 2 миллион гектар майдон яшил ҳудудга айлантирилгани, «Яшил макон» умумхалқ лойиҳаси доирасида ҳар йили 200 миллион туп дарахт экилаётгани ва яшил ҳудудларни 30 фоизгача ошириш мақсад қилинаётгани, 2030 йилга бориб «яшил» энергия улушини 54 фоизга етказиш режалаштирилгани, қайта тикланувчи энергияга ва нол чиқиндили транспортга ўтиш рағбатлантирилаётганини таъкидлади.

Вазир, шунингдек, кенгаш иштирокчилари эътиборини Ўзбекистонда қонунчиликда атроф-муҳитни асрашга қаратилган қатор ўзгартиришлар киритилгани ҳамда экологик таълим сифати оширилаётганига қаратди. Жумладан, Ўзбекистон Конституцияси янгиланиб, атроф-муҳитни асраш борасидаги моддалар билан бойитилди, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва табиатни муҳофаза қилишга қаратилган бошқа ҳужжатлар экологик барқарорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида такомиллаштирилди.

Бундан ташқари, айнан давлат раҳбари ташаббуси билан Тошкентда Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University), Ўзбекистон президенти ҳузурида Иқлим кенгаши ва миллий иқлим маркази ташкил этилди. 2025 йил эса «Атроф-муҳитни асраш ҳамда яшил иқтисодиёт йили» деб эълон қилинди. Бундан ташқари, БМТ Бош Ассамблеясининг қатор резолюциялари, жумладан, 2027–2036 йиллар оралиғида ўрмон ва ерларни тиклашга оид резолюция илгари сурилмоқда.

Кенгашда 2026 йилда ГЭФнинг 8-ассамблеяси ва ГЭФ кенгашининг 71-йиғилиши Самарқандда ўтказилиши ҳақида қарор қабул қилинди. Ўз навбатида, Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистон ҳукумати номидан чуқур миннатдорчилик билдириб, ГЭФ кўмагида Ўзбекистоннинг экологик кун тартибини шакллантиришда муҳим ютуқларга эришилгани ва ҳамкорликни давом эттиришга умид билдиришини айтиб ўтди.

Тадбирда айнан Ўзбекистоннинг экологик фаоллиги ва ташаббуслари туфайли жаҳон ҳамжамияти Марказий Осиёдаги иқлим ўзгариши сабабларига қарши кураш ва оқибатларини юмшатиш масаласига эътибор қаратаётгани қайд этилди. Хусусан, Самарқандда бўлиб ўтадиган навбатдаги тадбирларда йирик донор давлатлар минтақадаги экологик муаммоларга ечим топиш мақсадида бирлашади.

«Марказий Осиё ҳали ҳам иқлим ўзгариши, сув танқислиги ва ер деградацияси хавфига жуда таъсирчан минтақа бўлиб қолмоқда. 2026 йилги ГЭФ Ассамблеяси бу масалаларга эътибор қаратиш, маблағ сафарбар қилиш, билимлар алмашинуви ва барқарорликни мустаҳкамлаш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилади. Биз саммит доирасида ва ҳамкор давлатлар билан минтақавий ҳамкорликни кучайтиришга, иқлим барқарорлигини оширишга ва биохилмахиллик йўқолишининг олдини олишга интилмоқдамиз», – деди вазир.

Ўз навбатида тадбирнинг БМТ Туризм ташкилоти томонидан «Жаҳон маданий туризм пойтахти» деб эътироф этилган Самарқандда ўтказилиши ҳам рамзий маъно касб этиши таъкидланди.

«Бу биз учун шарафдир. 3000 йиллик тарихга эга Самарқанд қадимий цивилизациялар чорраҳасида жойлашган бўлиб, инсонлар бу ерда табиат билан уйғунликда яшаб келган. Бугунги кунда эса Самарқанд — бой тарих, маданият, миллий таомлар ва ўзига хос меҳмондўстлик билан ажралиб турадиган жонли манзилдир. Марказий Осиё ва Буюк Ипак йўли марказида жойлашгани боис Самарқанд дунё давлатларидан келадиган делегатлар учун қулай географик жойлашувга эга», – деди вазир.

Азиз Абдуҳакимов ГЭФ ассамблеясига 2026 йилда нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё минтақаси биргаликда мезбонлик қилишини таъкидлади. Ўз навбатида, Ўзбекистонда деярли 100 мамлакат фуқаролари учун визасиз режим, қолган давлатлар учун эса 24 соат ичида олинадиган соддалаштирилган электрон виза тизими жорий қилингани ва бу юртимизга ташриф буюрадиган делегатлар учун янада қулайлик яратиши қайд этилди.

«Биз Самарқандда БМТ Туризм ассамблеяси, ЕТТБ йиллик йиғилиши, UNCCD CRIC21, CMS COP14 ва яқинда бўлиб ўтган Иқлим Форумини ўтказдик. Ушбу тадбирларда дунёнинг турли мамлакатларидан вакиллар иштирок этди. Жорий йилда эса Ўзбекистонда Eco-Expo Central Asia, ЮНЕСКО Бош Ассамблеяси ва CITES COP20 каби йирик халқаро тадбирлар бўлиб ўтади. Фурсатдан фойдаланиб, сизларни ушбу тадбирларда иштирок этишга таклиф қиламан», – деди вазир.

Азиз Абдуҳакимов кенгаш иштирокчиларига Green University’да IUCN (ГЭФ агентлиги)нинг Марказий Осиёдаги офиси очилгани ҳақида ҳам маълумот берди:

«IUCN офиси ташкил этилиши янги имкониятлар уфқини очади ва бу ташаббус нафақат Ўзбекистонга, балки бутун Марказий Осиёга хизмат қилади. Биз бу минтақада “Табиат чегара билмайди” шиорини илгари суряпмиз, чунки экологик муаммолар чегараларни тан олмайди ва трансчегаравий ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга».

ГЭФ Ассамблеяси глобал экологик ҳаракатларни кучайтириш ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун зарур бўлган молиявий кўмакни жалб қилишда муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, нафақат минтақа, балки бутун дунёдаги экологик вазиятни яхшилаш борасидаги позициясида қатъий ҳамда бу борадаги фаоллиги, ташаббускорлигини давом эттиради.

Маълумот учун, Глобал экологик фонд (ГЭФ, ингл. Global Environment Facility) – бу табиатни муҳофаза қилишга қаратилган ташаббусларни молиялаштирувчи энг йирик халқаро институт бўлиб, иқлим ўзгариши, ер деградацияси, биохилмахиллик йўқолиши ва сув ифлосланиши каби глобал экологик муаммоларни ҳал этишда давлатларга кўмаклашади. ГЭФ Ассамблеясининг Ўзбекистонда ўтказилиши нафақат мамлакатнинг экология ва барқарор ривожланиш йўналишидаги саъй-ҳаракатларига нисбатан юксак эътироф, балки инвестициялар жалб этиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва миллий экологик устуворликларни глобал миқёсда илгари суриш учун муҳим майдондир. 

Ўзбекистон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги йирик халқаро тадбирларга мезбонлик қилиб, Марказий Осиёнинг экологик маркази сифатидаги мақомини тобора мустаҳкамлаб бормоқда. Сўнгги йилларда мамлакатда қуйидаги муҳим тадбирлар: БМТнинг Чўлланишга қарши курашиш бўйича конвенцияси доирасидаги 21-сессияси (CRIC21), Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш тўғрисидаги конвенция иштирокчи томонларининг 14-конференцияси (CMS COP14), Биринчи Самарқанд иқлим форуми муваффақиятли ўтказилди.

Яқин ойлар ичида эса Ўзбекистон ECO EXPO Central Asia — Марказий Осиё халқаро экологик кўргазмаси ҳамда CITES COP20 – йўқолиб бораётган ёввойи ҳайвон ва ўсимликлар турлари савдоси тўғрисидаги конвенциянинг 20-конференциясига мезбонлик қилишга ҳозирлик кўрмоқда. Бу эса Ўзбекистоннинг экологик дипломатия ва барқарор ривожланиш борасидаги минтақавий марказ сифатидаги роли ортиб бораётганини яна бир бор тасдиқлайди.

Мавзуга оид