Жаҳон | 20:41 / 08.06.2025
5825
2 дақиқада ўқилади

Шимолий Кореяда қўққисдан интернет ишламай қолди

КХДРдаги бутун рақамли инфратузилма вақтинча глобал кузатув тизимларида кўринмай қолди, шунингдек, электрон почталар фаолиятида ҳам узилишлар кузатилди.

Фото: Reuters

8 июнга ўтар кечаси Шимолий Кореяда кенг кўламли интернет узилиши кузатилди — бир неча соат давомида муҳим давлат ва жамоат онлайн ресурсларига кириб бўлмади. Хусусан, ТИВ портали каби ҳукумат сайтлари, Air Koryo миллий авиакомпанияси ва расмий янгиликлар агентликлари веб-саҳифалари ишламай қолди. Reutersʼнинг ёзишича, интернет билан алоқа кун ярмига келиб тикланган.

КХДРдаги интернет фаолликни мониторинг қилишга ихтисослашган британиялик тадқиқотчи Жунад Алининг маълум қилишича, мамлакатдаги бутун рақамли инфратузилма вақтинча глобал кузатув тизимларида кўринмай қолган, шунингдек, электрон почталар фаолиятида ҳам узилишлар кузатилган. Бунга нима сабаб бўлгани ҳозирча аниқланмаган бўлса-да, Stimson’нинг Вашингтон марказидан бўлган Мартин Уилямс ҳам худди шу каби фикрни билдирди. Унга кўра, носозликлар ички тармоқларга тааллуқли, чунки Хитой ва Россия орқали алоқа ҳам узилган.

Мазкур ҳолат дунёдаги энг ёпиқ интернет тизимлардан бирида содир бўлди. КХДР аҳолисининг аксарияти фақат глобал тармоқдан изоляция қилинган миллий интернет тармоққа кира олади. Чекланган доирадаги амалдорлар ва ҳукумат вакилларигина интернетдан эркин фойдаланиши мумкин, давлат ва янгиликларга ихтисослашган онлайн реурслардан бўлса, кўпинча чет элдаги аудитория учун Пхеняннинг расмий позициясини етказишда фойдаланилади.

Олдинлари бундай узилишлар бир неча бор киберҳужумлар билан боғланган. Шу билан бирга, Шимолий Кореянинг ўзида кўплаб ҳакерлик гуруҳлари фаолият юритади, улар орасида мамлакат разведкасига алоқадор Lazarus ҳам бор. Ушбу гуруҳ халқаро молиявий ташкилотларга киберҳужумларда ва йирик миқдорда криптовалюталар ўғирлашда айбланади. Расмий Пхенян эса ўзининг киберҳужумлар, криптовалюталар ўғирланиши ва бошқа турдаги кибержиноятларга алоқадорлигини рад этиб келади.

Мавзуга оид