Ўзбекистон | 17:29 / 05.06.2025
6197
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёдаги «Лангар ота» масжиди АҚШ элчихонаси маблағлари ҳисобидан қайта таъмирланди

XV асрда қурилган масжид учун Маданий меросни асраш бўйича АҚШ элчисининг жамғармасидан 250 минг доллар маблағ ажратилган эди.

Қашқадарё вилоятининг Катта Лангар қишлоғида жойлашган «Лангар ота» масжиди АҚШ элчихонаси маблағларига қайта таъмирланди.

4 июнь куни Ўзбекистондаги АҚШ элчиси Жонатан Ҳеник ва Қашқадарё ҳокимлиги вакиллари иштирокида мажмуанинг қайта очилиш маросими ўтказилди.

Қайд қилинишича, XV асрда қурилган масжид Маданий меросни асраш бўйича АҚШ элчисининг жамғармасидан тақдим этилган 250 минг доллар маблағ эвазига қайта таъмирланган.

Жараён 2023 йил кузида бошланган ва Чикаго (АҚШ) университети етакчилигидаги лойиҳа бўйича асосий бино пештоқидаги кошинлар таъмирланган, пойдевор мустаҳкамланган, том алмаштирилган ва консервация бўйича маҳаллий мутахассислар тайёрланган.

Таъкидланишича, АҚШ ва Ўзбекистон ҳамкорлиги туфайли Темурийлар даврига оид ушбу тарихий бинонинг ажойиб кошинлари, ўймакор ёғоч устунлари келажак авлодлар учун сақлаб қолинди.

«Қўшма Штатлар ушбу муқаддас масканнинг асраб-авайлаб қолинишини қўллаб-қувватлашдан фахрланади - энди бу маскан ташриф буюрувчилар учун очиқ», дейилади элчихона хабарида.

 

 

Мавзуга оид

Эълонлар