Жаҳон | 20:41 / 03.06.2025
3615
3 дақиқада ўқилади

“Сайловга тайёр номзодлар йўқ эди” – Кореяда навбатдан ташқари сайлов қандай ўтди?

Олти ойлик президентсиз бошқарувдан кейин Корея фуқаролари 3 июнь куни янги президентни сайлаш учун овоз берди. Номзодлар 5 киши бўлса-да, асосий кураш 3 номзод ўртасида бормоқда. Охирги 18 йил ичида биринчи бор сайлов аёл номзодларсиз ўтди. Сеул университети тадқиқотчиси Ботирали Ҳозировга кўра, бу сайлов бирдан ўтказилгани учун партияларда тайёр номзод йўқ эди. Халққа энг таниқлиси Ли Чжэ Мён бўлгани учун демократларнинг ғалабаси тайиндек.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Юн Сок Ёлнинг импичменти сабаб президент сайлови муддатидан 2 йил аввал ўтказилди. У эълон қилган ҳарбий ҳолат ўзининг импичментигача олиб келди. 2022 йилги сайловда Юн Сок Ёлнинг асосий рақиби бўлган демократ номзод Ли Чже Мёнг жуда кичкина фарқ билан ғалабани қўлдан бой берган эди. Бу галги номзодлар ичида эса у энг таниқлиси.

“Ли Чже Мёнг ва консерваторларнинг 71 ёшли номзоди Ким Мун Су ўртасидаги фарқ катта, чунки Ким Мун Су таниқли сиёсатчи эмас ва сиёсатда нўноқ. Ли Чже Мёнг эса икки вилоятда мэр бўлган ва халқ ишончини қозона олган. У ҳаттоки, ҳуқуқшунос ва Корея бош прокурори бўлган Юн Сок Ёлдан ҳам яхшироқ вакил эди аслида. Бироқ 2022 йилда сайловга оз муддат қолганида у ҳақда тарқатилган хабарлар электорат фикрини ўзгартирганди. Бу гал Ли Чже Мёнг ғалабага жуда яқин, унинг сайланиши аниқ бўлиб турибди”, - дейди Ботирали Ҳозиров.

Учинчи номзод эса 40 ёшли Ли Чжун Сок. У консерватив “Янги ислоҳотлар” партияси вакили, бироқ Ли Чжон Сокнинг ғалаба қозонишига халқ ҳам, бошқа партиялар ҳам ишонаётгани йўқ. Энг катта омил шуки – Ли Чжун Сокни ёши катта қатлам қўллаётгани йўқ, унинг электорати ёшлар. Кореяда эса сайлов тақдирини ёши катта қатлам ҳал қилади, дейди суҳбатдошимиз.

Эслатиб ўтамиз, Корея Республикасининг бугунги аҳолиси 52 миллион кишини ташкил қилади ва шундан 44,4 миллион фуқаро бу галги сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган. Муддатидан аввал овоз бериш эса 29 май кунидан бошланди. 15 миллион сайловчи муддатидан илгари овоз бериб бўлган. Кореянинг хорижда яшовчи фуқаролари учун эса 20-25 май кунлари овоз бериш ташкил қилинганди.

Сайловнинг дастлабки натижалари Корея вақти билан 4 июнь, тонгги соат 06:00 га қадар эълон қилиниши кутилмоқда.

Суҳбатни Kun.uz'нинг YouTube'даги саҳифасида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин бўлади.

Шоҳрух Мажидзода суҳбатлашди.

Мавзуга оид