Ўзбекистон | 14:00 / 02.06.2025
2558
1 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда бамбук экинзорлари барпо этилади

Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси кўмагида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи кенгесининг раиси Аманбай Оринбаев бошчилигидаги делегациянинг мисрлик тадбиркор, БААда рўйхатдан ўтган Bell Energy компанияси бошқаруви раиси Ҳайсам Ҳусайн билан музокаралари ташкил қилинди.

Фото: "Дунё" АА

Учрашувда томонлар Қорақалпоғистоннинг инвестицион салоҳияти, иқтисодий кўрсаткичлари, истиқболли халқаро лойиҳаларни амалга ошириш бўйича имкониятларини муҳокама қилдилар. Шунингдек, Bell Energy компаниясининг ушбу ҳудудда истиқболли инвестиция лойиҳаларда иштироки масаласи кўриб чиқилди.

Ўтказилган мулоқотлар натижасига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Bell Energy компанияси ҳамда унинг бизнес ҳамкорлари ўртасида бир қатор англашув меморандумлари имзоланди.

Ҳужжатлар нефт маҳсулотларини сақлашга мўлжалланган омборларини барпо қилиш, чиқиндилардан энергия ишлаб чиқариш, биоэтанол ва авиация ёнилғиси учун хомашё ҳисобланган бамбук экинзорларини барпо қилиш ва болалар фаровонлигини таъминлашга қаратилган ижтимоий лойиҳаларни назарда тутади.

Имзоланган ҳужжатларни амалга ошириш мақсадида томонлар ҳар бир лойиҳанинг техник жиҳатлари ва молиявий масалаларини ишлаб чиқиш ва ўзаро мувофиқлаштиришга келишиб олдилар.

Мавзуга оид