Класико интригалари. «Барса»да ҳам бўш нуқталар бор, «Реал» эса ҳакамларга жиддий босим уюштирди
Навбатдаги класико арафасидаги можаро рўй берди: ҳакам журналистлар қаршисида йиғлади, «Реал» ўйинни бойкот қилмоқчи бўлди. Тебас эса Переснинг манзилига қаттиқ фикрлар билдирди.

Фото: Juan Manuel Serrano Arce, Dean Mouhtaropoulos/Getty Images
Ҳар икки жамоа ҳам ла лиганинг сўнгги уч турида ғалабали серия қайд этган бўлса-да, «Реал» ва «Барселона» класикога турли ҳолатда етиб келди. Каталонияликлар бу сафар ҳам осон ғалабага эришадими? Мадридликларнинг имконияти нимада? «Чемпионат» колумнисти Георгий Илюшченко Испания Кубоги финали арафасида шу саволларга жавоб беришга ҳаракат қилди.
«Барселона» нима учун фаворит?
Ҳанси Флик бошқаруви даврида «Барселона» фаол прессинг қиладиган ва рақиблар майдоннинг ўз дарвозаси томонидаги қисмида бемалол узатма оширишига йўл қўймайдиган жамоага айланди. Бунга кўп жиҳатдан мудофаа чизиғини анча юқори жойлаштириш орқали эришилади. Баъзида эса ошириб ҳам юборишади. Каталонияликлар ташаббусни ўз қўлига олиб, ўзлари учун одатий бўлган пас ўйнаш билан шуғулланишади. Тўп йўқотилиши биланоқ, орқага югуриш ўрнига, дарҳол тўпни олиб қўйиш учун ташланишади, рақиб футболчилари бўш зоналардан маҳрум қилиб, уларга эркин ҳаракатланишга имкон бермайди.
Голлар бўйича яққол устунлик сабаби ҳам шунда. Ла Лигада ҳам («Реал»нинг 66 голига қарши 89), Чемпионлар Лигасида ҳам: умумий гуруҳ босқичида 28 та гол (энг яқин кўрсаткич «Боруссия» томонидан қайд этилганди - 22 та гол), плей-оффдаги тўрт ўйинда яна тўққиз гол урилди. Бундай ҳолдан тойдирадиган услубга қарши чора топиш қийин. «Реал»нинг кучли давридаги плеймейкерлар - Кроос ва ёшроқ Модрич билан буни амалга ошириш ҳозирги «Реал»дан кўра анча осонроқ бўларди. Нима бўлганда ҳам, Лука ёши ўтгани сайин юқори темпни ушлаб туришга қийналмоқда.
Мадридликлар футболи эса хаотик кўринишда. Жамоага уйғунлик ва мослашувчанлик етишмаяпти. «Реал» феврал охиридан буён ҳеч бир рақибни иккита ёки ундан кўп тўп фарқи билан енга олмаган. Олти ўйинда биттадан ортиқ гол урилмаган. Аралаш таркибдаги «Атлетик» билан ўйинда катта қийинчилик билан сўнгги дақиқаларда ғалабага эришилди, «Хетафе» эса Куртуага жуда кўп муаммо туғдирди. Балки «Алавес» билан ўйин осонроқ кечган бўларди, аммо Мбаппе биринчи бўлимдаёқ қизил карточка олиши бунга йўл қўймади. Якунда жамоа ярим соатдан ортиқ вақт мобайнида озчиликда ўйнаб, тўпга эгалик қилиш ва зарбалар бериш бўйича рақибдан ортда қолди.
«Арсенал» билан жавоб ўйинида учта гол урилиши керак бўлганида, футболчилар фақат жарима майдонига манзилсиз тўп оширишдан бошқа йўл топа олмади. «Барса» билан финал ўйинига характернинг ўзига таяниб ўйнаш янада қийинроқ. «Леганес» ва «Вилярреал» билан ўйинларда минимал ҳисобларда ғалаба қозонилганди, аммо ўйин борасида яққол устунлик кузатилмаганди.
Демак, «Реал» умидсиз ҳолатдами?
Бундай «Барса»га қарши чора топиш осондек кўринади — тўпни ҳимоячилар ортига ошириш, юқори прессингни кесиб қўйиш ва дарвозага югуриш. Баъзида бу иш беради. Масалан, «Селта» яқинда каталонияликларга шундай ҳужумларда учта гол урганди. Аммо бу голлар индивидуал хатоликлар сабаб рўй берганди: аввалига Шченсни «қовун туширди», кейин де Йонг муваффақиятсиз ҳаракат қилди, учинчи голда эса «Барселона» буткул мудофаани унутиб қўйганди. Рақиблар учун муаммо шундаки, уларнинг ўзини ҳам қарши ҳужумларда жазолаш мумкин. Бу ўринда «сиз бизга қўлингиздан келганича уринг, биз эса истаганимизча урамиз» нақли тўғри келади.
Флик «Барселона»сининг рақибларидаги офсайд ҳолатлари сони (240 марта) ҳаддан ортиқ даражага етган. Октябр ойидаги класикода мадридликлар ҳам нақ 12 марта «ўйиндан ташқари ҳолат»га тушиб қолганди. Шунингдек, «Осасуна» (10), «Алавес» (икки ўйинда ҳам 11 мартадан) ва «Малйорка» (11) клубларида офсайд ҳолатлари икки рақамда ифодаланади. Шунингдек, «Бенфика», «Валенсия» ва «Црвена Звезда»да тўққизтадан офсайд ҳолати юзага келган.
Бунга қарши эҳтимолий рецепт — прессингни чўзиш ва шундоқ ҳам чарчаган Ямални шериклари билан ҳолдан тойдириш учун икки ҳужумчилик схемага ўтиш, тўлдирилган ярим ҳимоя чизиғи ва тезкор ўйин. Баъзида, Куртуа ёрдамида ва таянч ҳудуд вакилини марказий ҳимоячиларга ёрдамга қайтариш орқали — сон жиҳатдан устунликни яратиш. Яъни рискка риск билан жавоб бериш, чунки ҳар қандай йўқотиш муаммоларга олиб келади. Асосийси, улкан босимдан қутулиш.
Ёки ҳеч нарсани мураккаблаштирмаслик ҳам мумкин: каталонияликларнинг хатоларига умид қилиш ва фаоллик билан олдинга ташланиш. Айниқса, Араухо офсайд тузоқларини яратишда мукаммал эмаслиги ҳисобга олинса. Аммо «Реал»дек клуб учун бундай стратегия енгилтакликдек туюлади. Қолаверса, олдинги чизиқда ҳаводаги тўпларни ютиб оладиган одам йўқ. Мадриднинг шусиз ҳам энг кучли чизиғи ҳисобланмаган ҳимоя чизиғида эса йўқотишлар кўпайиб кетган. Бу ўринда «автобус» қўйишнинг ўрни эмас. Хўш, Анчелотти нима ўйлаб топади?
«Барселона» Левандовски ва Балдесиз ҳам уддалай оладими?
Ажабланиш мумкин, лекин Робертнинг сафда йўқлиги каталонияликлар учун энг жиддий йўқотиш эмас. Ферран бир неча марта полякнинг ўрнини боса олишини намойиш этган. У тўп учун курашдаги ҳаракатлари билан мақтана олмаслиги мумкин, аммо мобиллиги билан жамоага фойда келтира олади. Қолаверса, Олмо ҳам «алдамчи тўққизлик» ролини бажара олади.
Балденинг дублёри эса ишончли эмас. Мартинга техника ҳам, тезлик ҳам етишмайди. У жамоа ҳужумларига ёрдам бера олмайди: энг кўп ҳаракати — ортга пас бериши. Тўпни бўйсундиришда ҳам ишончли эмас. Шундай экан, чап қанотдан тезкор ёриб ўтиш ва марказга кириб келишни унутса ҳам бўлади. Мбаппе/Винисиус/Родригодан бири катта тезлик олганида ҳам Херардда имконият катта бўлмайди.
«Малйорка» билан ўйинда чап қанот ҳимоясида Форт ўйнаган ва ўзини яхши томондан кўрсатганди. Аммо рақиб даражасида фарқ бор, қолаверса, у ўнг қанотда ўйнашга ихтисослашган. Чап қанот позицияси ҳар қандай ҳолатда муаммоли бўлиб қолаверади.
«Реал»да ҳам чап қанот ҳимоясида аҳвол оғир
«Камавинга ва Алабада мушаклар жароҳати бор. Улар Кубок финалига қадар тикланиши имконияти кам. Фран Гарсия — чап қанот ҳимояси учун ягона вариант», — дея ҳолатни ифодалаганди Карло Анчелотти.
Фран муҳим ўйинларда бошланғич таркибда деярли тушмайди. Масалан, мураббийлар штаби Чемпионлар лигасида фақат бир марта унга илк дақиқалардан ишонч билдирган. У Ямалга қарши тура оладими? Бунга катта шубҳа бор. Ўнг қанот ҳимояси ҳам анчадан буён барқарор эмас. Финалда бу қанотда катта эҳтимол билан Валверде тушади, аммо Феде майдон марказида фойдалироқ бўлган бўларди. Лекин бу мавсумда «Реал»нинг фақат тўрт футболчиси - асосий таркиб футболчилари бўлмаган Асенсио, Гулер, Модрич ва Эндрик жароҳатлардан қутулиб қолган.
Класикода қаторасига учинчи йирик ҳисоб бўлиши мумкинми?
Бу мавсумда «Барселона»да квадрупл учун имконият мавжуд. Испания Суперкубоги қишдаёқ қўлга киритилган. Ла Лигада асосий таъқибчидан тўрт очколик фарқ билан пешқадамлик қилинмоқда. ЕЧЛда — «Интер»га қарши ярим финал ўйинларига етиб келинган. Бу оқшом Қирол Кубоги забт этиладими?
Суперкубок баҳсида «Барса» айнан «Реал»ни йирик ҳисобда тор-мор этганди (5:2). Ла Лиганинг биринчи даврасида ҳам йирик ҳисобда ғалаба қозонилган (4:0). Класикодаги қаторасига уч ғалаба — янгилик эмас. Мадридликлар 2023 йил апрелидан 2024 йил апрелигача тўрт бор зафар қучган (4:0, 2:1, 4:1, 3:2). Ундан олдин эса «Барселона» қаторасига уч ўйинда муваффақият қозонганди (3:1, 1:0, 2:1).
Лекин жамоалардан бири қаторасига уч ўйинда йирик ҳисобда ғалаба қозониши кузатилмаганига анча вақт бўлган. 1951 йилда «Реал» 1:7 ҳисобига ишончли тарзда икки ўйинда 4:1 ва 5:1 ҳисоблари билан жавоб қайтарганди. 1930-йиллар ўрталарида қаторасига беш учрашув йирик ҳисобда якунланганди, аммо ўшанда ўйинлардан бирида каталонияликлар ғалаба қозонган — 0:4, 2:8, 5:0, 0:3, 0:3.
Шундай экан, бир клубнинг ўзи қаторасига уч ўйинда ғалаба қозониши ҳали рўй бермаган воқеа. Агар «Реал» бунга йўл қўядиган бўлса, бу тарихда қоладиган шармандали натижа бўлади.
Флик ҳеч қачон финалларда ютқазмаган
Каталонияликлар устози бунгача олти бор финал босқичида ўйнаган. Ва ҳар сафар ғалабага эришган. Ҳанс-Дитер 2020 йилда «Бавария» билан Германия кубогини («Байер» 4:2 ҳисобида мағлуб этилган), ЕЧЛни («ПСЖ» билан 1:0), УЕФА Суперкубогини («Севиля» билан 2:1) ва Германия Суперкубогини («Боруссия» Дортмунд билан 3:2) қўлга киритган. 2021 йилда — клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам ғалаба қозонган («Тигрес» билан 1:0). Олтинчиси эса юқорида эсланган Испания Суперкубоги учун ўйин. Анъана давом этадими?
Ҳакамлик можароси
Испан футболи мухлислари «Реал» бу мавсумда маҳаллий ҳакамлар корпуси билан қандай шиддатли жанг олиб бораётганидан хабардор. Испания кубоги финалида «Барселона»га қарши кечадиган ўйин арафасида эса, мадридликлар клуби телевидениеси шу ўйинга тайинланган арбитр Рикардо Де Бургос Бенгоэчеанинг хатолари таҳлил қилинган видеони эълон қилгач, кескинлик максимал даражага етди. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмасди: рефери матбуот анжуманида йиғлаб юборди, ОАВ эса «Қироллик клуби» ўйинни бойкот қилмоқчи экани ҳақида хабар тарқатди. Қуйида воқеалар ривожи келтириб ўтилади.
Хатолар жамланган видео
Барчаси 24 апрел куни «Реал» клуби телевидениеси эфирида ўйинга Бенгоэчеа тайинлангани танқид қилинишидан бошланди. Бошловчилар у тайинланган ўйинларда мадридликлар «Барселона»никидан ёмонроқ натижалар қайд этганини эслади, шунингдек, унинг лаёқатига шубҳа билдиришди:
«Реал» баск бошқарган ўйинларнинг фақат 64 фоизида ғалабага эришган, «Барселона»да эса бу кўрсаткич 81 фоизни ташкил этади — бу ақл бовар қилмас фарқ, Анчелотти у ишлаган сўнгги беш ўйиндан фақат иккитасида ғалаба қозонган.
Халқаро ўйинларда ишлашга рухсатномаси борлигига қарамай, УЕФА уни ҳеч қачон Чемпионлар лигаси ўйинларига, ФИФА эса — ўзининг бирорта турнирига таклиф этмаган. Бу 2017 ва 2023 йиллардаги Суперкубок ўйинларидан кейин «Реал» ва «Барселона» ўртасида ушбу рефери иштирокидаги учинчи финал ўйини бўлади. Уни Испанияда эътироф этишади, аммо хорижда эмас».
Кейинги куни ўтказилган матбуот анжуманида Бенгоэчеа ҳакамларга босим ҳақида гапира туриб, ҳиссиётларини тийиб туролмади ва йиғлаб юборди. У Мадрид ТВ томонидан танқид қилиниши шахсий ҳаётига таъсир қилганини айтиб ўтди: «Ўғлимга мактабда отанг ўғри, дейишди. У уйга йиғлаб қайтди. Бу жуда оғир. Бундай вазиятда мен фақат ўғлимни отаси ҳар қандай спортчи каби хато қиладиган ҳалол инсон эканлигини биладиган қилиб тарбиялашга ҳаракат қилишим мумкин».
Финал ўйинида VAR-марказда ишловчи арбитр Пабло Гонсалес Фуэртес ҳам вазиятга аралашиб шундай деди:
«Мен бу видеоларнинг оқибатлари ҳақида гапирмоқчиман, чунки бир неча ҳафтадан бери ижтимоий тармоқларда ҳакамлар ҳақорат қилинаётгани ва бизга ҳужум қилинаётганини кўряпмиз. Бу гапларни кўриб турибмиз.
Буларнинг барчасида муаммо — айнан оқибатларда. Баъзи журналистлар «талончилик» ҳақида гапирганда, бу шунга олиб келадики, ҳафсаласи пир бўлган мухлис, ҳуштагини олиб, болалар ўртасидаги ўйинни бошқаришга борган йигит ёки қизларга ташланади. Бу ҳамкасбларимиздан бирининг пешонасида нишон пайдо бўлиши билан тугайди. Футболга соғлиқ ва тозаликни қайтаришимиз керак».
«Реала» ўйинни бойкот қилиши ҳақидаги хабар
Аввалига COPE шундай хабар тарқатди: «Реал» Испания қиролик футбол федерациясига (RFEF) Бенгоэчеани «Барса» билан ўйин ҳакамлигидан четлатишидан умид қилмоқда. Клубдагилар арбитрнинг ўйинолди матбуот анжуманидаги ҳаракатларидан ажабланди ва у финални бошқаришга тайёр эмаслигига амин».
Шу билан бирга, Marca маълумотига кўра, RFEF ва Техник ҳакамлар қўмитаси (CTA) дарҳол шундай баёнот берган: улар Бенгоэчеа ва Гонсалес Фуэртесга нисбатан ҳеч қандай чора кўрмоқчи эмас.
«Реал» бунга жавобан жаҳл отига минди. Клуб финалдан олдинги матбуот анжуманини бекор қилди, шунингдек, ўйиндан олдинги фотосессия ва машғулот ўтказишдан бош тортди. Кейин эса El Mundo «Реал» финални бойкот қилиш вариантини кўриб чиқаётгани тўғрисида бомба хабар тарқатди.
Шундан кейин футбол олами мадридликлар клуби расмий баёнотини кута бошлади. Дастлабки пресс-релиз жуда тез пайдо бўлди ва қуйидаги кўринишда эди:
«Реал» футбол клуби эртага, 2025 йил 26 апрел куни бўлиб ўтадиган Испания Кубоги финали учун тайинланган ҳакамлар томонидан бугун берилган оммавий баёнотларни қабул қилиб бўлмас ҳолат деб ҳисоблайди.
Эртанги финал ҳакамларидан бирига қарши 24 соат олдин тайёрланган, сўз эркинлиги билан ҳимоя қилинадиган Real Madrid TV каби оммавий ахборот воситасининг видеоларига тўсатдан эътибор қаратилган бу норозиликлар, ҳакамларнинг клубимизга нисбатан очиқ ва яққол душманлиги ҳамда қарши муносабатини яна бир бор намоён этди.
Янада ҳайратланарлиси, таҳдидли оҳангда қилинган ва ҳакамлар ўртасида гўё бирлик борлигини англатувчи баёнотлар орқали қандайдир чора-тадбирлар ёки ҳаракатлар эълон қилинди — булар эса бутун дунё бўйлаб юз миллионлаб мухлислар эътиборини тортувчи футбол воқеаси олдидан устувор бўлиши шарт бўлган адолат, холислик ва бетарафлик тамойилларига мутлақо зиддир.
Юз берган ҳолатнинг жиддийлигини ҳисобга олган ҳолда, «Реал» клуби Испания футбол федерацияси (RFEF) ва ҳакамлар ҳайъати масъуллари ўзлари вакиллик қилаётган ташкилотлари нуфузини ҳимоя қилиш учун зарур чораларни кўришларига умид қилади».
IUSport нашри дарҳол шундай хабар тарқатди: агар «Реал» майдонга чиқишдан бош тортса, унда «Барса» автоматик тарзда ғолиб деб топилмайди. Регламентда бу кўзда тутилмаган. Бундай ҳолатда Мадрид клуби ўрнига финалда «Реал Соседад» ўйнайди.
Аммо кўп ўтмай қаймоқранглилар яна бир баёнот берди, унда ҳеч қанақа бойкот йўқлиги ва бўлмаслиги маълум қилинганди.
«Сўнгги соатларда пайдо бўлган миш-мишлар фонида «Реал» шуни эълон қилади: жамоамиз ҳеч қачон эртанги финалда иштирок этишдан бош тортиш имкониятини кўриб чиқмаган.
Клубимиз ушбу ўйинга тайинланган ҳакамларнинг финалдан 24 соат олдин айтган ачинарли ва ноўрин баёнотлари юз миллионлаб одамлар томоша қиладиган жаҳон миқёсидаги спорт тадбирига соя сола олмаслигини яхши тушунади. Шунингдек, Севиляга боришни режалаштираётган ва Андалусия пойтахтида бўлиб турган барча мухлисларга ҳурмат билан қараймиз.
«Реал» бугун финалга тайинланган ҳакамлар клубимизга нисбатан яна бир бор кўрсатган душманлик ва ёвузликка қарамай, футбол қадриятлари ғалаба қозониши керак деб ҳисоблайди».
«Реал» ҳакамлар билан курашмоқда, Перес ва Тебас эса очиқчасига низолашмоқда
«Реал» клуби телевидениеси бутун мавсум давомида Испания ҳакамлар корпуси билан курашиб келди. Масалан, ла лиганинг 22-турида «Эспанйол»дан учралган мағлубиятдан кейин (0:1), эфирда арбитрлар яксон қилинганди.
Мадридликлар нега рефериларга ҳужум қилмоқда? Қисқача айтганда шундай: «Қироллик клуби» кенг кўламли ўзгаришлар бўлиши ва бутун судялар корпусида тозалаш ўтказилишини истайди. Қолаверса, «Реал» президенти Флорентино Перес азалдан ла лига раҳбари Хавиер Тебас билан низолашиб келади. Тебас охирги воқеалардан кейин пойтахт клуби хўжайинини қаттиқ танқид қилди.
«Энди «Реал» ТВ томонидан доимий таъқиблардан чарчаган ҳакамларнинг баёнотларидан сўнг, у қўлидан келганча жавоб бермоқда: матбуот анжуманини, машғулотларни бекор қилиш, расмий тадбирлардан нафратланиш, финалга келмаслигини айтиб гап сотиш. У норозилик билдирмайди, балки босим ўтказади. У шикоят қилмайди, балки таҳдид қилади. У рози бўлмайди, балки жазолайди. У футболни яхшиламоқчи эмас, балки уни бошқармоқчи. Энг хавфлиси, у ҳаракат қилаётгани йўқ. Энг хавфлиси, кўпчилик бунга йўл қўяди, рози бўлади ва унга ёрдам беради», — дея ёзди Тебас ижтимоий тармоқдаги саҳифасида «Реал» ўйинни бойкот қилиши ҳақидаги хабарларга жавобан.
Мавзуга оид

10:53 / 01.05.2025
ЕЧЛда яна бир суперўйин. «Барселона» ва «Интер» жами 6 та гол уришди

15:45 / 30.04.2025
Байрам кайфиятидаги «Барса» муаммоли «Интер»га қарши. ЕЧЛ яримфинал ўйини анонси

16:39 / 27.04.2025
«Реал»дан ниҳоят муносиб қаршилик. Анчелотти ўйинни қандай ўзгартирди?

12:45 / 27.04.2025