Жаҳон | 12:04 / 25.04.2025
3367
2 дақиқада ўқилади

Россияда мигрантлар орасида жиноятчилик даражаси юқори эмаслиги маълум бўлди

Чет элликлар томонидан содир этилган жиноятларнинг улуши 2 фоизни ташкил этади.

Фото: РИА Новости

Россияда жиноятлар умумий сонининг қарийб 2 фоизини мигрантлар содир этади, деди Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши котиби Сергей Шойгу.

«Ўтган йил охири ҳолатига кўра, Россияда 6,3 миллион чет эл фуқаролари бўлган, 2023 йилда эса 5,9 миллион киши. Шу билан бирга, улар томонидан содир этилган жиноятлар сони деярли ўзгармаган ва 38,6 мингтани ташкил этган. Бу мамлакатда қайд этилган жиноятлар умумий сонининг қарийб 2 фоизини ташкил этади», деди Шойгу ТАСС агентлигига берган интервьюсида.

Бундан ташқари, унинг аниқлик киритишича, Россияда бўлишнинг қонуний муддати ўтиб кетган мигрантлар улуши 10 фоиздан ошади. Йил давомида чет эл фуқароларига нисбатан 3,4 миллион дона маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилган.

Оғир ва ўта оғир жиноятлар учун 1,5 мингга яқин киши Россия фуқаролигидан маҳрум этилган.

Сергей Шойгу Россиядаги жиноятчиликнинг умумий аҳволи ҳақида ҳам гапирди. У сўнгги йилларда жиноятчилик даражасининг барқарор пасайиш тенденциясини қайд этди.

Шундай қилиб, 2024 йилда мамлакатда 1,9 миллион жиноят қайд этилган, бу ўтган йилга нисбатан 1,8 фоизга кам. Шу билан бирга, уюшган гуруҳлар томонидан содир этилган оғир ва ўта оғир жиноятлар (17,1 фоизга), шунингдек, фирибгарлик (2,8 фоизга) ва коррупцияга оид жиноятлар (5,8 фоизга) ўсиши кузатилмоқда.

Аввалроқ Россия Ички ишлар вазирлиги январь ойида мигрантлар томонидан содир этилган жиноятлар сони ортгани қайд этилгани ҳақида хабар берган эди. Чет элликлар ва ноқонуний мигрантлар томонидан 4,4 минг жиноят содир этилган, бу 2024 йилнинг январига нисбатан 17,3 фоизга кўп.

Мавзуга оид