Қозоғистонда Россия билан урушга тайёргарлик кўрилаётгани рад этилди
Мудофаа вазирлиги «Ҳудудий мудофаа тўғрисида»ги қонун Россияга қарши қаратилмаганини маълум қилди.

Россия Қозоғистоннинг стратегик ҳамкори бўлиб, яқинда Мажлис (парламент қуйи палатаси) томонидан қабул қилинган «Ҳудудий мудофаа тўғрисида»ги қонун бу давлатга қарши қаратилган эмас. Мудофаа вазирлиги Қозоғистон гўёки шимолий қўшниси билан урушга тайёрланаётгани ҳақидаги қатор оммавий ахборот воситаларида тарқалган хабарларга шундай изоҳ берди.
«Россия Қозоғистоннинг стратегик ҳамкори бўлиб, у билан Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасида яхши қўшничилик ва иттифоқчилик муносабатлари сақланиб қолмоқда. Шундан келиб чиқиб, «Ҳудудий мудофаа тўғрисида»ги қонун Россияга қарши қаратилгани тўғрисидаги фаразлар ҳақиқатга тўғри келмайди ва давом этаётган жараёнларнинг моҳиятини бузиб кўрсатмоқда», дейилади баёнотда.
Мудофаа вазирлигининг таъкидлашича, «қонун лойиҳаси фақат мамлакатнинг ички хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилган бўлиб, Россияга қарши йўналишни ўз ичига олмайди. Унинг мақсади ҳарбий ҳолат ёки бошқа фавқулодда вазиятлар шароитида ички барқарорликни таъминлаш, аҳолини, инфратузилма объектларини ва ҳудудий яхлитликни ҳимоя қилишдан иборат».
«Ҳудудий мудофаа тўғрисида»ги қонун апрель ойи бошида Қозоғистон парламенти Мажлиси (қуйи палатаси) депутатлари томонидан қабул қилинган эди. У ҳарбий ҳолат даврида ўзини-ўзи мудофаа қилиш бўлинмаларини яратишни назарда тутади, уларда кўнгиллилар хизмат кўрсатади. Улар муҳим объектларни қўриқлаш, мудофаа иншоотларини қуриш, эвакуация қилиш ва бошқа вазифалар билан шуғулланади. Зарур ҳолларда улар Қуролли Кучлар таркибига жанговар топшириқларни бажариш учун киритилиши мумкин. Ҳужжат тасдиқлаш учун парламент Сенатига (юқори палатасига) юборилган.
Ушбу қонун Мажлисда қабул қилингандан сўнг, бир қатор оммавий ахборот воситаларида Қозоғистон Россия Федерацияси билан «урушга тайёргарлик кўраётгани» ҳақида даъво қилинган мақолалар чоп этилди, чунки қонун иловасига кўра, энг катта ҳарбий гуруҳлар Россия билан чегаралар яқинида жойлаштирилади (унинг узунлиги 7,6 минг километр).
«Ҳудудий мудофаа бригадаларини жойлаштириш ташқи таҳдидларга жавобан эмас, балки ҳудудларнинг логистик, географик ва демографик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилмоқда», деб таъкидлади Қозоғистон Мудофаа вазирлиги бу борада.
Бундан ташқари, бошқарманинг аниқлик киритишича, ҳудудий мудофаа бўлинмаларида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг иштироки кўзда тутилмаган.