Солиқдан қочган тадбиркор илк марта қўлга тушганида зарарни қоплаб, енгиллик олиши мумкин
Биринчи марта жиноят содир этган шахс суд қарори чиққунга қадар солиқлар ва бошқа молиявий санкциялар тарзида давлатга етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қопласа, озод қилиниши мумкин. Депутатлар тегишли қонунни қабул қилди. Жиноят кодексидан сохта тадбиркорлик моддасини чиқариб ташлаш бўйича битта партия киритган таклифга бошқа партиялар рози бўлмади.

Қонунчилик палатасининг 22 апрел кунги ялпи мажлисида солиқ ва тадбиркорлик соҳасига оид қонун лойиҳаси қабул қилинди.
Эндиликда Сенат кўриб чиқадиган қонунга кўра:
- биринчи марта жиноят содир этган шахс агар суд маслаҳатхонасига киргунига қадар солиқлар ва йиғимлар, пенялар ва бошқа молиявий санкциялар тарзида давлатга етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қопласа, озод қилиниши мумкин;
- тергов ва суд жараёнида тадбиркорни ҳимоя қилишга Бизнес омбудсман ва Савдо-саноат палатасини жамоат ҳимоячиси сифатида жалб этиш тартиби белгиланмоқда;
- солиқ соҳасидаги ҳуқуқбузарлик учун қўшимча ҳисобланган маблағлар тергов органи депозит ҳисобрақамидан бюджетга ўтказилгунига қадар пеня ҳисобланмайди.
- мулкдорнинг ер участкаси жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилганда, мулкнинг бозор қийматида тўлаб берилган компенсация миқдори солиқ даромади таркибига киритилмайди.
Ялпи мажлисда қонун лойиҳасининг 1-моддаси муҳокамага сабаб бўлди. Бу модда билан Жиноят кодексининг 179-моддаси (сохта тадбиркорлик)га ўзгартириш киритилмоқда. ЎзЛиДеП эса кодексдан сохта тадбиркорлик тушунчасини чиқариб ташлашни таклиф қилди.
“1-модда билан Жиноят кодексининг 179-моддасига ўзгартириш киритилаёганига аҳамият берсак, бу модданинг диспозицияси Жиноят кодексидаги фирибгарлик ва солиқ йиғимларини тўлашдан бўйин товлаш борасидаги нормалар асосида ҳам жавобгарликка тортилишини кўришимиз мумкин. Суд амалиётида ҳам шундай ҳолатлар учрайди. Шундан келиб чиқиб, ушбу 179-модда тадбиркорлар учун қўшимча жавобгарлик келтириб чиқарадиган модда бўлиб турибди. Бу эса мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга оид ислоҳотлар руҳига тўғри келмайди. Бундан ташқари, дунёда иқтисодий тебранишлар оқибатида ушбу модда мамлакатимиздаги тадбиркорлик муҳитига ҳам салбий таъсир этиши мумкин”, – деди депутат Умид Анвархўжаев.

Унинг таъкидлашича, ривожланган давлатларда бундай норма мавжуд эмас. МДҲ давлатларида юқоридаги каби модда қонунчиликдан олиб ташланган – Россияда 2012 йилда, Қозоғистонда 2018 йилда, Беларусда эса 2018 йилда.
“Ушбу моддани янги таҳрирда қабул қилишни эмас, уни Жиноят кодексидан олиб ташлашни таклиф этамиз”, – деди ЎзЛиДеП вакили.
Таклифга Халқ демократик партияси эътироз билдирди.
“Балки ҳақиқатан ҳам бу норма халқаро тажрибада кенг қўлланмагандир, бироқ давлат бюджетининг асосий манбайи бу солиқ тушумлари. Солиқларни тўлашдан бўйин товлаш, солиқ тушумлари камайишининг олдини олиш бугунги кундаги асосий вазифалардан бири. ХДПнинг устувор вазифаларидан бири аҳоли муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш, пенсия ва нафақаларни молиялаштиришда солиқлар тўлиқ ундирилиши муҳим. Шу сабаб бу норма қонун лойиҳасида қолдирилиши тарафдоримиз”, – деди ХДПдан Анвар Нурматов.
Шундан кейин “Миллий тикланиш”, “Адолат” ва экологик партиялар ҳам бу таклифни рад этишини билдирди.
Қонун лойиҳасидаги моддани 80 фоиз депутатлар қўллаб-қувватлади, 11,9 фоиз депутатлар қарши бўлди ва у қабул қилинди.
Лойиҳанинг 1-моддасида айнан нима назарда тутилгани ялпи мажлиснинг жонли трансляциясидан англашилмайди.
ЖКнинг амалдаги 179-моддасига кўра, сохта тадбиркорлик, яъни уставида кўрсатилган фаолиятни амалга ошириш мақсадини кўзламасдан ссудалар, кредитлар олиш, фойдани (даромадни) солиқлардан озод қилиш (солиқларни камайтириш) ёки бошқача мулкий манфаат кўриш мақсадида корхоналар ва бошқа тадбиркорлик ташкилотлари тузиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 200 бараваригача миқдорда жарима ёки 5 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Мавзуга оид

16:22 / 01.05.2025
Ерости сувларидан ҳисоблагичсиз фойдаланганда солиқ тўлови беш баробар оширилади

11:10 / 30.04.2025
Парламентда ғоялар тўқнашуви: Навбатдаги ялпи мажлис қандай ўтди?

08:30 / 30.04.2025
Электрон хизматлар кўрсатувчи хорижий компаниялар қанча солиқ тўлагани айтилди

13:59 / 25.04.2025