Ўзбекистон | 10:33 / 17.04.2025
2080
3 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги жамоат жойларида кинология пунктлари ташкил этилади

Тошкент шаҳридаги истироҳат боғлари ва хиёбонлар ҳудудларида гиёҳвандлик воситалари, кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш мақсадида кинология пунктлари ташкил этилади.

Фото: Kun.uz

"Тошкент шаҳридаги жамоат жойларида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш бўйича тажриба-синов тариқасида кинология пунктларини ташкил этиш тўғрисида"ги ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитасининг Тошкент шаҳридаги жамоат жойлари, хусусан, истироҳат боғлари ва хиёбонлар ҳудудларида гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар, шунингдек, алоҳида тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш мақсадида 2025 йил 1 октябрдан 2026 йил 30 сентябрга қадар тажриба-синов тариқасида кинология пунктларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланади.

Тошкент шаҳридаги истироҳат боғлари ва хиёбонларда ташкил этиладиган кинология пунктларининг рўйхати тасдиқланади.

Белгиланишича:

  • тажриба-синов тариқасида йўлга қўйилаётган кинология пунктларида хизматни ташкил этиш Тошкент шаҳар Миллий гвардия бошқармаси ҳамда Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси кинология бўлимининг амалдаги штат бирликлари доирасида ташкил этилади;
  • Кинология пунктлари Божхона қўмитасининг Миллий кинология маркази томонидан Миллий гвардиянинг буюртмаси бўйича “дуал тизим асосида (“гиёҳвандлик воситаларини қидириш” ва “антитеррор” йўналишларида) тайёрланган хизмат итлари билан шартнома асосида таъминланади;
  • мазкур қарорни бажаришда тегишли иншоотлар ҳамда хизмат итлари учун махсус жойлар қуриш билан боғлиқ сарф-харажатлар давлат мулкига тегишли бўлган объектларда Тошкент шаҳар ҳокимлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;
  • хусусий инвесторларга ижарага берилган объектларда тегишли иншоотлар ҳамда хизмат итлари учун махсус жойлар қуриш Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан келишувга кўра инвесторларнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши мумкин.

Қуйидагилар кинология пунктларида хизмат олиб борувчи ходим ва ҳарбий хизматчиларнинг асосий вазифалари этиб белгиланади:

  • фуқаролар ва уларга тегишли бўлган транспорт воситалари, қўл юклари, нарса ва буюмлари ҳамда ашёларида гиёҳвандлик воситаларини хизмат итларини қўллаган ҳолда аниқлаш чораларини кўриш;
  • жамоат хавфсизлиги ва осойишталигини таъминлаш, шунингдек гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашишда фаол иштирок этиш;
  • аҳоли гавжум бўладиган хиёбон, истироҳат боғларида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишда иштирок этиш;
  • кинология пунктида гиёҳвандлик воситалари ёки бошқа ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ ҳолатлар аниқланганда зудлик билан ҳудудий ички ишлар органларига хабар бериш.

Мавзуга оид