Жамият | 18:03 / 17.04.2025
4213
4 дақиқада ўқилади

“Синовлар сабаб ҳаёт қадрига етдим” – жигар циррозидан тузалган сўхлик ҳикояси

Нурали Абдулқосимов Сўх туманидан. Унинг бошидан синовли кунлар ўтди. Рўзғор тебратиш учун чўпонлик ҳам қилиб кўрди. Чорвачиликнинг фойдасидан зарари кўпроқ бўлди. Қарзимдан қутулишда асқатар деб парваришлаётган юзлаб товуқлари эса қирилиб битди.

Қўша-қўша келган омадсизликлар ортидан жигар циррози касалига учради. Оғир дарддан халос бўлиш учун миниб юрган машинаси-ю томорқасигача сотиб, қарз ҳавола билан Ҳиндистонга жўнади. Жигарини алмаштирган Нуралининг бўйнида энди каттагина қарз бор эди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Қарздан қутулиш учун ўйлай-ўйлай қишлоқлардан қатиқ йиғиштириб келиб, уйида қурут тайёрлаб сотишни йўлга қўйди. Бунинг ортидан қарзларидан узилди. Соғлиги ҳам бирмунча тикланди. Яна машинали бўлди. Энг асосийси, 3 фарзанди бағрида...

Нурали Абдулқосимов

“Сўх туманининг Офтобру қишлоғида яшайман. Ёшим 31 да. Рўзғор тебратиш учун ҳаётнинг аччиқ-чучукларини татидик. Баъзида ишим бароридан келди, баъзида қоқилдим.

Танишларимнинг маслаҳати билан қўй сотиб олиб парваришлай бошладим. Қаршимизда турган улкан тоғларда чорва боқиш учун шароит бор, лекин қирғизлар қўймайди. Чегарадан олиб ўтилган пичанлар эса Сўхда анча қиммат. Хуллас чорвачиликда ҳам ишим ўхшамади. Яна бошқа тадбиркорлик қиламиз деб товуқ боқиб кўрдим. 200 тадан ошиқ товуқ олдик. Тухумини, гўштини сотамиз, ўшани кўпайтирамиз деб ҳаракат қилдим, бўлмади. Қирилиб битди.

Ундан кейин гилам ишлаб чиқараман деб астойдил ҳаракат қилдим. Қишлоқ шароитида қўйларни тўплаб, жунини ўзимизда қайта ишлаб гилам тайёрлашга жиддий киришдим ҳам. Бир йилдан ошиқ вақт сарфладим. Бу ҳам ўхшамади.

Одамнинг бошида ҳар хил ишлар, синовлар бўлар экан. Жигар циррози касалига йўлиқдим. Касалликка чалинганимни билганимдан кейин бутун оила аъзоларим тушкун ҳолатда қолди.

Энди нима қилишни билмай бошим қотди. Фарзандлар бор, улар кўз олдимдан кетмаяпти. Миниб юрган машинам, томорқамни сотдим. Шунда ҳам керакли маблағ тўплай олмадик. Қарз олишга мажбур бўлдик. Маблағни тўплаб, Ҳиндистонга бордик. Энди операциядан тузалиб чиқаманми, йўқми, у ҳам бир муаммо. Жигарини олиб ўзимга ўтказиш учун кичкина қизимни олиб борганман. Қизимдан ташқари яна учта донор билан кетдик.

Биринчиси тўғри келмаса, иккинчиси, иккинчиси тўғри келмаса, учинчиси. Яъни олти яшар қизимни ҳам олиб борганман у ерга. Агар опам тўғри келмаса, аёлим, аёлим тўғри келмаса, қизимнинг жигарини олиб қўйиш керак эди.

Шукрлар бўлсинки, жарроҳлик амалиётидан муваффақиятли ўтдим. Аллоҳ мени яна ҳаётга қайтарди. Ҳиндистондан келганимизда бўйнимизда анча қарз бор эди. Қарзларни тўлаш керак. Бутун маҳалладаги сузма қатиқларни тўплаб-тўплаб, эр-хотин биргаликда Қирғизистонга олиб бориб сотишни йўлга қўйдик. Бир кунда 200 минг сўмдан 500 минг сўмгача фойда қола бошлади.

Кейин эса ўша сузмаларни ўзимизда қайта ишлаб кўрайлик-чи, деб кичик бир қурут чиқарадиган аппаратларни олиб келдик. Ҳозирги кунда энди бутун Сўх туманидаги деярли барча дўконларнинг ҳаммасини қурутлар билан таъминлаяпмиз. Фойда яхши. Қарзлардан қутулдим. Қурут орқасидан оилани боқяпмиз, машина олдим. Мактабда ишлаяпман, бир ставка мактабда дарсим бор. Мактабдан кейинги вақтларда тушдан кейин уйдагилар билан қурут ишлаб чиқарамиз.

Операциядан кейин яна ҳаётга қайтдим, Худога шукур. Аллоҳ яна бизга фарзанд берди. Ҳозирги кунда учта фарзандим бор. Уларни ҳалол ичириб, едириш учун ҳаракат қиляпмиз. Бошимга тушган синовлар орқали соғлигимнинг, оиламнинг, ҳаётнинг қадрига етдим”, – дейди Нурали Абдулқосимов.

Сарвар Зиёев,
Kun.uz
Оператор ва монтажчи – Сардор Мамиров.

Мавзуга оид