Жаҳон | 19:46 / 17.04.2025
6339
3 дақиқада ўқилади

Исроилнинг Эронга зарбаси Трамп томонидан қўллаб-қувватланмади

Исроил шу йил май ойида Эроннинг ядровий объектларига зарба беришни режалаштирган, аммо бу ниятидан воз кечишга мажбур бўлди. Чунки АҚШ президенти Доналд Трамп бундай чорани қўллаб-қувватламаган.

Фото: The White House

Бу ҳақда New York Times нашри Оқ уйдаги манбаларига асосланиб хабар бермоқда.

Нашр манбаларининг таъкидлашича, Тел Авив расмий Вашингтон бу ҳужумга фаол тайёргарлик кўради, Америка авиациясини жалб қилади ва Эроннинг эҳтимолий жавоб зарбасидан Исроилни ҳимоя қилади, деб ишонган. Исроил томони зарбалар орқали Теҳроннинг ядровий қурол яратиш бўйича саъй-ҳаракатларини камида бир йилга тўхтатишни мақсад қилган.

Бироқ бир неча ой давом этган муҳокамалардан сўнг Эрон билан дипломатик йўл тутиш ёки Исроилни қўллаб-қувватлаш масаласида Трамп ўз маслаҳатчилари билан Теҳроннинг ядровий дастурини чеклаш бўйича музокаралар йўлини танлади. Оқ уй раҳбари бу ҳақда Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳуга апрел ойида Вашингтондаги учрашув чоғида маълум қилган.

NYTʼнинг ёзишича, шундан сўнг Исроил яширин қўпорувчи амалиётлар ва ядровий соҳада фаолият юритаётган эронлик олимларни йўқ қилишга қаратилган мақсадли ҳужумларга эътибор қаратишни маъқул кўрди.

АҚШ ва Эрон ўртасидаги музокараларнинг биринчи раунди 12 апрел куни Ўмонда бўлиб ўтди. Улар Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчий ва Трампнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стивен Уиткофф орқали воситачи шаклида олиб борилди. Агар Вашингтон санкцияларнинг бир қисмини бекор қилса Теҳрон 2015 йилдаги келишувда белгиланган уран бойитиш даражаларига қайтишга тайёрлигини билдирган.

The Guardian маълумотларига кўра, АҚШ Эронга ўзининг юқори даражада бойитилган уран захираларини учинчи давлатга, масалан, Россияга топширишни таклиф қилган. Аммо Теҳрон улар мамлакат ичида қолиши ва БМТга қарашли Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) назоратида бўлиши кераклигини таъкидламоқда. Эрон расмийлари буни АҚШнинг келгуси маъмурияти 2018 йилда Доналд Трамп қилгани сингари келишувдан чиқиб кетса, кафолат сифатида кўрмоқда.

Бунгача Трамп Эрон раҳбариятига икки ой муддат бериб, янги ядровий келишув имзолашни талаб қилган эди. У бу ҳақда тегишли мактубни Эроннинг олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоминаийга юборган ва агар таклиф рад этиладиган бўлса «оқибатлар» билан таҳдид қилган.

Мавзуга оид