Жаҳон | 20:46 / 15.04.2025
4951
3 дақиқада ўқилади

Порошенко Зеленский офисини узурпацияда айблади

Украина собиқ президенти бу ҳақда Олий Радага мамлакатда ҳарбий ҳолатни узайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси киритилганидан сўнг баёнот берди. Бу режим Украинада президентлик ва парламент сайловларини ўтказишга имкон бермайди.

Украинада узурпация (ҳокимиятни ноқонуний эгаллаш) «бугунги кунда мақсад бўлиши мумкин эмас», деди мамлакат собиқ президенти Пётр Порошенко Олий Рада минбаридан туриб.

«Президент офисининг сиз парламентарийлар устидан чексиз ваколати бутун Украина учун шармандалик. Ва биз зудлик билан бирлашиш учун ҳамма нарсани қилишимиз керак», деди у.

Порошенко бу ҳақда Олий Радага мамлакатда ҳарбий ҳолатни узайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси киритилганидан сўнг баёнот берди. Бу режим Украинада президентлик ва парламент сайловларини ўтказишга имкон бермайди. Украинада ҳарбий ҳолат 2022 йилнинг 24 февралида жорий қилинган ва шундан бери ҳар уч ойда узайтирилмоқда.

Порошенконинг қайд этишича, ҳарбий ҳолатнинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси аввалгисининг амал қилиш муддати (9 май) тугашидан бир ой олдин Радага киритилган.

«Парламентдан буни 15-марта қўллаб-қувватлаш сўралмоқда. Биз буни қилиш кераклигини аниқ биламиз, лекин нега тугашига бир ой қолганда? Мен таъкидламоқчиман: биз очиқ-ойдин тан олишимиз керак, расмийлар ҳарбий ҳолатни суиистеъмол қила бошлади, ундан нафақат мамлакатни ҳимоя қилиш, балки авторитар тузум қуриш учун ҳам фойдалана бошлади», деди Украина собиқ президенти.

2024 йил май ойида Украинанинг амалдаги президенти Владимир Зеленскийнинг расмий ваколат муддати тугади. Президентлик сайлови 2024 йил март ойида бўлиб ўтиши керак эди, бироқ ўтказилмади. Киев Зеленский Конституцияга кўра, янги давлат раҳбари сайланмагунча ўз лавозимида қолишини маълум қилди.

Оқ уйга қайтган Доналд Трамп Украинада президентлик сайловини ўтказишга чақирди. Февраль ўрталарида у Зеленскийни маъқуллаш рейтинги бор-йўғи 4 фоизни ташкил этганини таъкидлади. Украина раҳбари Киев халқаро социология институти маълумотларига таяниб, Зеленскийнинг ишонч рейтинги 57 фоизни ташкил этади ва Трамп маълумотлари Россия дезинформацияси эканлигини айтди. Шундан сўнг АҚШ президенти Зеленскийни «сайловсиз диктатор» деб атаган эди.

Мавзуга оид