Ўзбекистон | 08:47 / 15.04.2025
1043
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва БАА таҳлил марказлари ўртасидаги ҳамкорлик фаоллашади

Ўзбекистон элчиси Абдулазиз Оққулов Амирликлар стратегик изланишлар ва тадқиқотлар маркази бош директори Султон Муҳаммад ал Нуаймий билан учрашув ўтказди.

Фото: "Дунё" АА

Мулоқотда Ўзбекистон илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорликни ривожлантириш, таҳлил марказлари ўртасида англашув меморандумларини ишлаб чиқиш ва имзолаш масалалари кўриб чиқилди.

Ҳамкорликда билим ва тажриба алмашиш, мутахассислар учун семинар ва тренинглар ташкил этиш, қўшма тадқиқотлар ўтказишга эътибор қаратилди.

Бош директор Султон Муҳаммад ал Нуаймий марказнинг ресурслари ва кутубхонаси Ўзбекистон экспертлари очиқ эканлигини таъкидлади.

Учрашув якунида, Ўзбекистон таҳлил марказлари ва институтлари билан ўзаро ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши юзасидан келишувга эришилди.

Марказ 1994 йил БААда таҳлилий тадқиқотларни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган. Ўтган вақт давомида марказ сўнгги геосиёсий ўзгаришлар ва иқтисодий траекториялардан тортиб, минтақавий муносабатларнинг ўзгариши ва илғор технологияларнинг таъсиригача бўлган қатор масалалар бўйича мунозараларни шакллантирган етакчи тадқиқот муассасасига айланди.

Марказ Яқин Шарқ ва бошқа минтақалар олдида турган энг долзарб бўлган муаммоларни муҳокама қилиш учун минтақавий ва халқаро экспертларга платформа яратиб беради.

Мавзуга оид