Жаҳон | 19:23 / 14.04.2025
4220
2 дақиқада ўқилади

Етти йилдан бери қидирувда бўлган ҳиндистонлик миллиардер Белгияда ҳибсга олинди

У жияни билан бирга Панжоб Миллий банкининг 1,6 млрд доллардан ортиқ маблағларини ўзлаштириб, мамлакатдан қочиб кетган.

Фото: AP

Етти йил аввал Панжоб Миллий банкининг 1,6 миллиард доллардан ортиқ маблағларини ўзлаштириб, Ҳиндистондан қочиб кетган миллиардер Меҳул Чокси Белгияда ҳибсга олинди.

Меҳул Чокси ҳамда унинг жияни Нирав Моди Ҳиндистон Марказий тергов бюроси томонидан Панжоб Миллий банки мансабдор шахслари билан тил бириктириб, маблағларни ўзлаштиргани маълум бўлганидан кейин қидирувга берилган эди.

Ҳиндистон тарихидаги энг йирик фирибгарлик ҳолати ҳақида 2017 йил охирларида маълум бўлган. 2018 йил январда Чокси ўзининг яқин қариндошлари билан Ҳиндистондан қочиб кетган. Шу вақтгача у қаерда яшириниб келаётгани номаълумлигича қолаётган эди. Чоксини қидириш билан Интерпол шуғулланган.

Белгия Адлия вазирлиги ҳиндистонлик қочоқ бизнесмен Чокси 12 апрел куни ҳибсга олинганини эълон қилди. «У кейинги суд жараёнларигача ҳибсда сақланади, адвокат ёрдами таъминланган», — дейилади хабарда.

Ҳиндистон Белгиядан гумонланувчини экстрадиция қилишни сўради. Адлия вазири Аржун Раҳм Мегхвал Белгияда яшириниб келган Чоксининг қўлга олиниши бош вазир Нарендра Моди ҳукумати давридаги ҳинд дипломатиясининг ғалабаси ҳисобланишини таъкидлади. «Бу Ҳиндистон учун ғурур масаласи», — дейди у журналистларга.

Эслатиб ўтамиз, Нирав Моди 2019 йилда Лондонда ҳибсга олинган эди. Уларнинг иккиси ҳам ватанида заргарлик буюмлари савдоси билан шуғулланган. Хусусан, Чокси бутун Ҳиндистон бўйлаб 4 мингга яқин дўкони мавжуд Gitanjali Gems компаниясига эгалик қилган.

Мавзуга оид