Ўзбекистон | 13:45 / 14.04.2025
829
4 дақиқада ўқилади

Миллий университет ҳузурида Назарий физика институти ташкил этилади

"Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳузурида Назарий физика институтини ташкил этиш тўғрисида"ги ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Фото: Kun.uz

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ва Фанлар академиясининг юридик шахс мақомига эга бўлган илмий-тадқиқот ташкилоти шаклидаги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги Назарий физика институтини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.

Қуйидагилар институтнинг асосий вазифалари этиб белгиланади:

  • назарий физика соҳасининг долзарб муаммолари илмий ечимига қаратилган ҳамда унинг истиқболли йўналишлари бўйича илмий-тадқиқот ишларини, жумладан фундаментал, амалий ва инновацион ҳамда халқаро қўшма лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этиш;
  • назарий физиканинг квант майдон назарияси, субатом физикаси, ночизиқли физика, гравитацион майдон назарияси, ночизиқли физика, квант тармоқлар ва динамик тизимларининг муаммолари бўйича илмий анжуманлар ва қўшма семинарлар ташкил этиш;
  • ёш олимлар учун назарий физиканинг квант майдон назарияси, субатом физикаси, ночизиқли физика, гравитацион майдон назарияси, ночизиқли физика, квант тармоқлар ва динамик тизимлари бўйича илмий-ўқув материалларини нашрга тайёрлаш;
  • физика соҳасида профессор-ўқитувчилар, талабалар, докторантларнинг илмий тадқиқотларда биргаликдаги иштирокининг турли шакллари асосида олий таълим муассасаларида илмий, илмий-техник ва ўқув фаолияти билан интеграциясини амалга ошириш;
  • республика олий таълим муассасаларидаги иқтидорли талабалар ва магистрантларни илмий фаолиятга жалб этиш орқали юқори салоҳиятли ёш назариётчи физикларни тайёрлашда олий таълим муассасаларига ҳамкорлик қилиш;
  • халқаро илмий ҳамкорликларни ривожлантириш, ривожланган мамлакатларнинг назарий физика марказлари ва ушбу соҳадаги энг илғор ва истиқболли тадқиқотларнинг халқаро тармоғи билан алоқаларни таъминлаш ҳамда илмий тадқиқотларнинг устувор йўналишлари бўйича халқаро анжуманларни ташкил этиш;
  • физика соҳасида ривожланган мамлакатларда олиб борилаётган тадқиқотларнинг устувор йўналишлари ва истиқболлари тўғрисида таҳлилий маълумотлар тайёрлаш;
  • илмий-тадқиқот лойиҳалари ва дастурларини ишлаб чиқиш учун шартнома асосида давлат органлари мутахассислари, илмий ташкилотлар ходимлари, олий таълим муассасаларининг олимлари ва ўқитувчиларини, шу жумладан халқаро ва хорижий мутахассисларни жалб қилиш;
  • физика соҳасида тадқиқотлар кўламини кенгайтириш ва нуфузли халқаро маълумотлар базаларидаги журналларда назарий физика бўйича нашрлар сонини кўпайтириш ҳамда физика соҳасидаги илмий журналларни босқичма-босқич халқаро илмий ва техник маълумотлар базаларига киритишга кўмаклашиш.

Институт юридик шахс мақомига эга бўлган илмий-тадқиқот ташкилоти ҳисобланади.

Институт фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгиланади:

  • бино ва иншоотларни сақлаш, шунингдек, институт ходимлари (илмий ходимлари) меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича харажатларни молиялаштириш учун ажратиладиган давлат бюджети маблағлари;
  • халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий ташкилотларнинг грантлари;
  • Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг бюджетдан ташқари маблағлари;
  • хўжалик фаолиятидан ҳамда шартнома асосида тадқиқотлар ўтказишдан тушадиган тушумлар;
  • қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

Институтга қуйидаги ҳуқуқлар берилади:

  • бошқа илмий ташкилотлар, жамғармалар, ўқув муассасалари, шу жумладан, халқаро ва хорижий ташкилотлар билан биргаликда илмий тадқиқотлар ўтказиш учун шартномалар тузиш;
  • илмий тадқиқотлар соҳасида зарур ахборотларни, статистик, таҳлилий ва бошқа маълумотларни давлат органлари ва ташкилотларидан сўраш ва бепул олиш.

Институтни университетнинг Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Талабалар шаҳарчасида жойлашган Физика факултети биносига бепул фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади.

Мавзуга оид