ЕК раҳбари: АҚШ билан музокаралар муваффақиятсизликка учраса, бигтех зарар кўради
Брюссел Трамп билан тариф музокараларига ҳам, қарши чораларга ҳам тайёр, деди Урсула фон дер Ляйен.

Фото: AP
Европа Иттифоқи, агар АҚШ президенти Доналд Трамп музокаралардан сўнг иттифоқ билан савдо урушини тўхтатмаса, Американинг йирик технология компанияларига солиқ солишга тайёр. Бу ҳақда Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен 10 апрел, пайшанба куни чоп этилган Financial Times газетасига берган интервюсида айтиб ўтди.
ЕК раҳбарининг сўзларига кўра, Вашингтон жорий этган Европа Иттифоқи товарларига божлар бўйича «кенг кўламдаги қарши чоралар мавжуд». Бунга мисол сифатида, рақамли хизматлар рекламасидан тушадиган даромад солиғи бўлиши мумкин, бу бутун Европа Иттифоқида қўлланади, дейди Урсула фон дер Ляйен.
ЕК раҳбари яқинда Европа Иттифоқида яратилган «мажбурлашга қарши восита» ACI (Anti Coercion Instrument)ни назарда тутмоқда. У дастлаб Европа Иттифоқининг иқтисодий манфаатларини Америка технология компанияларидан ҳимоя қилиш чораси сифатида тақдим этилган. Хусусан, ACI уларга солиқ солиш, Европа иқтисодиётига сармоя киритишни тақиқлаш, интеллектуал мулк ҳуқуқларини чеклаш ва бошқа бир қатор санкцияларни қўллаш имконини беради.
Баъзи оммавий ахборот воситалари ва сиёсатчилар пакетни «базука» деб аташган ва ҳозиргача бу қурол ишлатилмаган, деб таъкидлайди FT.
Фон дер Ляйеннинг таъкидлашича, Европа Иттифоқи Вашингтон билан аввалроқ Доналд Трамп томонидан эълон қилинган 90 кунлик «кечикиш» вақтида тарифлар бўйича «тўлиқ мувозанатли» келишувга эришишни афзал кўради. Бироқ, океаннинг қарама-қарши қирғоғидаги ҳамкорлар «энди статус-квога қайтмайди», деб таъкидлади ЕК раҳбари.