Жаҳон | 20:34 / 10.04.2025
1527
2 дақиқада ўқилади

Prada модалар уйи Versace брендини қарийб 1,4 млрд долларга сотиб олади

Мазкур харид Prada компаниясига тахминан 6 миллиард евро айланмага эга конгломерат яратиш имконини беради.

Фото: Reuters

Италиянинг Prada модалар уйи Американинг Capri Holdings ҳолдингидан 1,375 миллиард долларга Versace брендини сотиб олиш бўйича келишувга эришди, деб хабар беради Reuters.

Қайд этилишича, Prada компания қарзларини ҳам қўшиб сотиб олади. Мода оламидаги икки йирик компаниянинг бирлашуви ҳашамат саноатида Италия позициясини мустаҳкамлайди.

«Биз Versace’нинг дадил ва вақтга бўйсунмайдиган эстетикасини замонавий талқинда қайта жонлантириб, унинг меросини давом эттиришга ҳаракат қиламиз», — дейди Prada директорлар кенгаши раиси Патрицио Бертелли.

AFP’нинг ёзишича, Prada’нинг Versace модалар уйини сотиб олиши компанияга тахминан олти миллиард евро айланмага эга конгломерат яратиш имконини беради. Бу эса уни француз гигантлари LVMH ва Kering каби бозор етакчиларига рақобатчига айлантиради.

Versace модалар уйига модельер ва дизайнер Жанни Версаче томонидан 1978 йилда асос солинган. 1997 йилда Versace асосчиси ўлдирилганидан кейин модалар уйи унинг синглиси Донателла Versace ихтиёрига ўтган. 2025 йил мартда Донателла Versace креатив директори лавозимидан кетиши маълум бўлган эди.

Prada модалар уйига 1913 йилда асос солинган. Ҳозирда унга Миучча Прада раҳбарлик қилмоқда. Компаниянинг 80 фоизи ҳозирга қадар Прада оиласига тегишли.

Мавзуга оид