Жаҳон | 17:12 / 09.04.2025
2893
2 дақиқада ўқилади

Хитой ўз фуқароларининг Россия томонида туриб Украинадаги урушда иштирок этаётганини рад этди

ХХР Ташқи ишлар вазирлиги Украина Қуролли кучлари хитойлик ҳарбийларни асирга олганига оид маълумотларни текширмоқда.

Фото: Telegram/Volodymyr Zelensky

Хитой доим ўз фуқароларини қуролли можаролардан «узоқроқ туришга» чақиради. Бу ҳақда ХХР Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Лин Цзян брифингда журналистнинг Украина армияси томонидан хитойлик ҳарбийлар асирга олингани ҳақида берган саволига жавобан маълум қилди.

«Хитой Украина томони билан маълумотни текширмоқда. Хитой томони фуқароларни доим можаро зонасидан узоқроқ туришга, ҳар қандай шаклдаги қуролли можародан, жумладан, ҳарбий операцияларда иштирок этишдан қочишга чақиришини таъкидлаб ўтмоқчиман», — дейди Лин Сзян.

Куни кеча Володимир Зеленский Украина Қуролли кучлари Россия армияси томонида туриб жанг қилган икки нафар Хитой фуқаросини асирга олганини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, бу Донецк области ҳудудида содир бўлган. Зеленский, шунингдек, Киевда Россия армиясининг бошқа бўлинмаларида ҳам Хитой фуқаролари жанг қилаётгани тўғрисида маълумотлар борлигини таъкидлади. Украина президенти мамлакат ТИВ раҳбарига «Пекин билан боғланишни» буюрган.

Эслатиб ўтамиз, январ ойида Украина расмийлари Россия томонида жанг қилаётган Шимолий Кореянинг икки фуқаросини қўлга олгани тўғрисида хабар берилганди. Улардан бирида Россиянинг Тува ҳудудида рўйхатдан ўтган бошқа шахс номига берилган ҳарбий гувоҳнома борлиги аниқланган, иккинчисида эса ҳеч қандай ҳужжат топилмаган.

Мавзуга оид