Ўзбекистон | 18:39 / 09.04.2025
7104
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва АҚШ фойдали қазилмалар бўйича битим имзолади

Конларни қидириш ва қазиб олишга сармоя киритиш, юқори даражада майдалаш комплексларини қуриш, технологияларни жалб этиб, қўшилган қиймат яратиш ва ўзбекистонлик мутахассислар малакасини ошириш кўзда тутилган.

Фото: ОКМК

Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида турли йўналишларда бир қанча янги бизнес шартномалари тузилди, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Қайд этилишича, вазир Лазиз Қудратов бошчилигидаги Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги делегацияси АҚШда бўлиб, йирик компаниялар, корпорациялар ва саноат бирлашмалари раҳбарлари билан учрашув ва музокаралар ўтказган.

Ташриф дастурига мувофиқ, 7 апрел куни тоғ-кон саноати, меҳмонхона бизнеси ва озиқ-овқат саноати соҳасида фаолият юритувчи корхоналар билан учрашувлар ташкил этилган.

Таъкидланишича, учрашувларда компанияларга самарали инвестиция таклифлари ва Ўзбекистонда бизнесни олиб бориш учун яратилган шарт-шароитлар тақдим этилган. Компаниялар раҳбарлари Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга юқори баҳо берган ва Америка компанияларининг мамлакатда кўп йиллик тажрибага эга бўлган муваффақиятли фаолиятидан келиб чиқиб, ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканликларини билдирган.

Учрашувлар якунлари бўйича фойдали қазилмалар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида келишувлар имзоланган ҳамда фойдали қазилма конларини қидириш ва қазиб олишга инвестициялар киритиш, юқори даражада майдалаш комплексларини (HPGR) қуриш, инновацион технологияларни жалб этиш ва муҳим хомашё учун қўшилган қиймат яратиш, ўзбекистонлик мутахассисларнинг малакасини ошириш бўйича келишувларга эришилган.

Туризм соҳасида янги лойиҳалар – меҳмонхоналар қуришни амалга ошириш муддатлари ҳам келишиб олинган.

«Эришилган келишувлар тегишли битимлар билан мустаҳкамланди. Ҳар бир лойиҳага масъул лойиҳа менежери тайинланди», — дейилади хабарда.

Аввалроқ АҚШ давлат котиби ўринбосари Ландау Ўзбекистоннинг фуқаролик атом энергетикаси, муҳим фойдали қазилмалар ва бошқа иқтисодий бизнес соҳаларига сармоя киритиш бўйича икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини қайд этганди.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил сентябрда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида муҳим минераллар бўйича меморандум имзоланган эди.

Мавзуга оид