Эрон ва АҚШ ядровий дастур бўйича музокаралар бошлашга келишиб олди
АҚШ ва Эрон шанба куни Теҳроннинг ядровий дастури юзасидан музокараларни бошлашини маълум қилди. Бироқ бу музокаралар қандай форматда ўтади, деган савол юзасидан ҳар икки томоннинг баёнотлари бир-бирига зид.

Фото: AFP
Доналд Трампнинг таъкидлашича, икки давлат вакилларининг тўғридан-тўғри учрашувини кутса бўлади. Бироқ Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчий музокаралар Ўмон воситачилиги орқали ўтиши ҳақида айтди.
Трамп Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан учрашувдан сўнг музокаралар «жуда юқори даражада» ўтишини маълум қилди: «Биз улар билан тўғридан-тўғри иш олиб борамиз. Эҳтимол, келишувга эришамиз — бу ажойиб бўларди».
Ароқчий эса Х ижтимоий тармоғида «Эрон ва Америка Қўшма Штатлари шанба куни Ўмонда юқори даражадаги воситачилик музокараларини ўтказади. Бу ҳам имконият, ҳам синов. Тўп АҚШ томонида», деб ёзди.
Нетаняҳу ҳам ўз фикрини билдириб, АҚШ ва Исроил «Эроннинг ядровий қуролга эга бўлишини тўхтатиш масаласида бирлашган»лигини таъкидлади.
Трамп эса шундай деди: «Ҳамма билади — Эрон билан келишув тузиш, уни ядровий йўлдан қайтариш учун ҳарбий чора кўришга қараганда маъқулроқ». Бу билан Трамп Эрон ядровий салоҳиятини ҳарбий йўл билан йўқ қилиш имконини назарда тутган.
Сўнгги пайтларда АҚШ ва Исроил Эронга зарба бериш орқали ундан келиб чиқиши мумкин бўлган таҳдидни бутунлай бартараф этишга тайёрланаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Аммо Трампнинг айтишича, «очиқ-ойдин вариант» — яъни ҳарбий зарба — у истаган йўл эмас, ва очиғини айтганда, агар имкон бўлса, Исроил ҳам бу йўлдан қочмоқчи.
Bloomberg маълумотига кўра, Эроннинг давлат нашри Nour News хабарига биноан, музокараларда Эрон томонидан Аббос Ароқчий, АҚШдан эса Трампнинг Яқин Шарқ ва Россия бўйича махсус вакили Стив Уиткофф иштирок этади. Ўмон ташқи ишлар вазири Бадр ал-Бусайдий эса воситачи сифатида қатнашади.
Март ойида Трамп Эрон олий раҳбари оятулло Али Хоминаийга мактуб юбориб, икки ой ичида ядровий дастур бўйича янги келишувга эришишни талаб қилган. Хоминаий музокараларга воситачи орқали розилик берган. Ароқчий якшанба куни «АҚШ билан тўғридан-тўғри музокаралар Вашингтоннинг Теҳронга қаратилган таҳдидларини ҳисобга олганда бефойда», деган эди.
Трамп маъмурияти томонидан бугунги кунда қўйилаётган талаблар 2015 йилда Барак Обама ва бошқа давлатлар иштирокида имзоланган ядровий келишув доирасидаги шартлардан анча ошиб кетган. Ўшанда Эрон тинч ядровий дастури доирасида уранни бойитиш ҳуқуқини олган, эвазига ядровий фаолиятига вақтинча ва қаттиқ чекловлар қўйилган ва халқаро санкциялар бекор қилинган эди.
Трамп ўзининг илк президентлик муддатида АҚШни мазкур келишувдан чиқарган ва Эрон нефтига қарши санкциялар жорий этган эди. Энди эса, Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майкл Уолтцнинг маълум қилишича, Эрон на уранни бойитиш имкониятига, на ядровий қурол ишлаб чиқариш қобилиятига, на стратегик баллистик ракеталарга эга бўлиши керак.