Жаҳон | 08:12 / 08.04.2025
2195
4 дақиқада ўқилади

Россия нефти нархи РФ бюджети ҳисоб-китобларидан 25 фоизга пастлади

Доналд Трампнинг савдо уруши ва OPEC+нинг қазиб чиқариш ҳажмини янада ошириш қарори билан боғлиқ равишда жаҳон нефт бозорида юз берган қулаш туфайли Россиянинг Urals навли нефти нархи бир баррели учун 50 доллар атрофигача тушди. 

Фото: Reuters

Бу — Украинага қарши уруш давридан бери қайд этилган энг паст кўрсаткичлардан бири бўлиб, жорий йилги бюджетда белгиланган нархдан қарийб 20 долларга кам.

Argus Media маълумотларига кўра, жума куни Болтиқбўйи Приморск порти орқали юкланаётган Urals нефтининг бир баррели 52,76 доллар бўлган, деб хабар беради Bloomberg. Бу жорий йил бюджети учун белгиланган 69,7 доллардан 25 фоизга паст. 

Ўтган ҳафта охирида жаҳон бозорида кескин қулаш рўй берди, натижада Brent навли нефти нархи 12,5 фоизга тушиб кетди ва савдоларни 65,58 доллар даражасида якунлади. Душанба куни нарх 62,51 долларгача пасайди, сўнгра тахминан 63,5 долларгача кўтарилди.

Россия молия вазирининг ўринбосари Владимир Количев март ойида 2025 йилда нефт нархининг ўртача даражаси 60 долларга яқин бўлиши мумкинлигини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, бундай ҳолатда бюджет тақчиллиги ЯИМнинг 1 фоизигача ошиши мумкин (жорий йилда бюджетда бу кўрсаткич ЯИМнинг 0,5 фоизи этиб белгиланган). Бироқ, амалда нарх бундан ҳам пастроқ бўлиши эҳтимоли бор. Иқтисодий ривожланиш вазирлиги маълумотларига кўра, март ойида Urals нефтининг ўртача нархи 58,99 доллар, Brent нефтиники эса LSEG маълумотларига кўра 72,5 доллар бўлган. Демак, Urals ва Brent ўртасидаги фарқ 13,51 долларни ташкил қилган ва агар бу фарқ сақланса, Россия нефти нархи 50 доллар ва ундан ҳам пастроқ бўлиши мумкин.

Бу нарх — уруш даврида қайд этилган энг паст даража ҳисобланади. 2023 йилнинг дастлабки уч ойида солиқ ҳисоб-китоблари учун белгиланган Urals нархи ўртача 49 доллар бўлган. Бироқ ўшанда нархлар кейин жаҳон бозоридаги ўсиш билан кўтарилган бўлса, бугун ҳеч қандай ижобий сигналлар йўқ. ING таҳлилчиларининг ёзишича, «бозордаги оммавий сотувлар талабнинг пасайиши ҳақидаги хавотирлар нархларга таъсир қилаётгани»ни кўрсатади. 

Жорий нарх даражалари йил охиригача ўртача кунлик талабнинг 1 млн баррелга камайишини англатади, бу эса йил якунида 2024 йил билан солиштирганда талаб ўзгармай қолишини англатади, дейилади ING ҳисоботида.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, агар асосий иқтисодий омиллар ёмонлашмаса, Brent нефти нархи эндиликда 60–65 доллар атрофида бўлиб қолиши мумкин.

Жаҳон бозоридаги қулаш бошланишидан олдин, март ойининг ўзида Россия ўтган йилга нисбатан 15 фоиз камроқ нефт солиқлари йиғди. Bloomberg нашрининг РФ Молия вазирлиги маълумотларига асосланиб ёзишича, Россия бюджетининг тахминан 30 фоизи нефть ва газ даромадларидан шаклланади, ва мартда 956,8 млрд рубл солиқ йиғилган. Бу Хитойдаги талабнинг пасайиши, OPEC+дан ташқарида ҳам қазиб чиқаришнинг ўсиши ҳамда АҚШ президенти Жо Байден томонидан жорий йил январ ойида Россия нефтига нисбатан киритилган «хайрлашув санкциялари»нинг оқибати бўлди.

Россия Банки ўзининг феврал ойидаги рисклар шарҳида нефт нархларининг худди 1980–1990-йилларда бўлгани каби узоқ муддатли паст даражада сақланиб қолиши хавфи ҳақида огоҳлантирган эди. «Нефть нархларининг 1974–1985 йиллардаги юқори давридан сўнг 18 йил давомида паст нархлар кузатилган», — дейилади Марказий банкнинг тақдимотида.

Мавзуга оид