Жаҳон | 23:07 / 02.04.2025
1990
2 дақиқада ўқилади

Германияда чиқиндини ким нотўғри саралаётганини аниқлашда сунъий интеллектдан фойдаланиш бошланди

Мамлакатда 1 майдан биочиқиндиларни саралашнинг янги қоидалари кучга киради. Ушбу қоидаларга бўйсунмаган фуқаролар жаримага тортилади.

Фото: Bild

Bild нашрининг ёзишича, энди органик чиқиндилар таркибидаги бегона аралашмалар 3 фоиздан, ундаги пластик улуши эса 1 фоиздан ошмаслиги керак. Айрим минтақаларда бу каби қоидабузарликларни аниқлаш учун махсус технологиялар ва ҳатто сунъий интеллектдан фойдаланиш бошланган. Янги қоидаларга риоя қилмаган фуқаролар жаримага тортилади.

Масалан, Баден-Вюртемберг ерларидаги Эсслинген ҳудудида чиқиндиларни саралаш талабларига бўйсунмайдиган фуқароларни аниқлашда сунъий интеллект базасидаги тизимдан фойдаланиш режалаштирилган. Унга қўшни Алб-Дунайда эса жорий куздан бошлаб 2100 тага яқин контейнер визуал равишда текширилади, идишларда рангли биркалар пайдо бўлади: яшил — ҳаммаси жойида, сариқ — бироз камчилик борлигини англатади. Агар контейнерда қизил ранг турадиган бўлса, коммунал хизмат ходимлари уни олиб кетмайди.

Улм шаҳрида биоконтейнерлар масофадан туриб блоклаб қўйилиши мумкин. 25 евро миқдорида жарима тўланганидан кейин уларнинг очилишига рухсат берилади. Мюнхенда бўлса, ҳозирда сунъий интеллектга эга камера билан жиҳозланган чиқинди ташувчи машина тестдан ўтказилмоқда — у биочиқиндидаги бегона буюмларни аниқлашга қодир.

Эрфуртда эса ҳукумат бошқача йўналишдан фойдаланмоқда: 15 йилдан бери у ерда чиқинди қайси хонадондан ташланганини аниқлашга қодир идентификация тизими амалда. Тизимли равишда қоидабузарлик содир этилса, чиқинди ташланадиган идиш олиб кетилиши ва жарима 5 минг еврогача етиши мумкин.

Мавзуга оид