Жаҳон | 00:00 / 31.03.2025
3014
1 дақиқада ўқилади

Афғонистон ҳукумати салкам 2,5 минг маҳбусни афв этди

Маҳбусларни Рамазон ҳайити муносабати билан озод этиш тартиби махсус қўмита томонидан ишлаб чиқилган.

Фото: AP

Афғонистон ҳукумати Рамазон ҳайитини муносабати билан 2463 нафар маҳбусни афв этди. Бу борадаги қарор «Толибон» етакчиси Ҳайбатуллоҳ Охунзода томонидан қабул қилинди.

Шунингдек, 3152 нафар маҳкумга белгиланган жазо юмшатилган.

«Маҳбусларни байрам муносабати билан озод қилиш тартиби Олий суднинг суд инспекцияси бош директори раҳбарлигида тузилган махсус қўмита томонидан ишлаб чиқилган», — дейилади хабарда.

Январ ойида Афғонистон ҳукумати ўтган йил ноябрда Кобулда ҳибсга олинган Канада Қуролли кучлари фахрийси Дэвид Лаверини озод этганди. 2024 йилда ушбу ҳарбий ишлаган Veterans Transition Network ташкилоти у гуманитар миссияни бажариш учун Афғонистонга тез-тез келиб турганини маълум қилганди. Лавери АҚШ қўшинлари Афғонистонни тарк этаётганидан 100 нафар афғонни эвакуация қилишда ёрдам берган.

Аввалроқ Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов қамоқ жазосини ўтаётган 321 нафар маҳкумни афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолагани тўғрисида хабар берилганди.

Мавзуга оид